Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ТАНҚИДНИНГ МЕВАСИ ШИРИН БЎЛАДИ

Аллоҳга минг карра шукрким, Ўзбекистон деган жаннатмакон Ватанимиз бор. Олижаноб, ғайрат ва шижоатли, меҳрибон, халқпарвар, сўзи билан иши бир, фидойи юртбошимиз Шавкат Мирзиёев борлигидан фархланамиз. Давлатимиз раҳбари олиб бораётган инсонпарварлик сиёсати, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, қарор ва фармойишлар оддий ва меҳнаткаш халқимиз учун дастурил амал бўлмоқда. Учинчи йил бўлаяпти, муҳтарам юртбошимиз раҳнамолигида халқимизнинг турмуш ва меҳнат шароитлари, йиллар давомида йиғилиб, ҳал бўлмай келаётган муаммолар, айниқса, уй-жой, маиший хизмат, туризм, ижтимоий таъминот масалалари ўз ечимини топмоқда. Мактабгача таълим, соғлиқни сақлаш, қурилиш, йўл, транспорт, дам олиш, спорт, санъат ва бошқа масалаларга катта эътибор қаратилмоқда.

Минг афсуски, баъзи ташкилот ва муассаса раҳбарлари, соҳа мутахассисларининг сускашлиги, бепарволиги, топширилган вазифага масъулият билан ёндошмагани туфайли оддий халқнинг норозилиги тугамаяпти. Президентимиз бекорга айтмаган - Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак. Бу сўз Ўзбекистон бўйлаб даъват, шиор бўлиб, одамларнинг қалб ва шуурини жунбушга келтирди. Бу чақириқ, бу талаб халқнинг узоқ йиллардан буён ечилмай келаётган муаммоларини бартараф этишга хизмат қилмоқда
Равонак маҳалла фуқароси, нафақахўр Сиддиқ Неъматовнинг хотини 15 йилдан бери бемор, биринчи гуруҳ ногирони. Жойидан турмайдиган ҳолатда бўлгани учун бир киши унинг парвариши билан банд. Қизи унга қарарди. Турмушга чиққанига уч йил бўлди. Ўша вақтдан буён ўғли қарайди. Келини эса... эгизак гўдаклари ва рўзғор ташвиши билан банд. Икки ёш боласини Равонак маҳалласидаги 5-сон мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш учун 2018 йилда ариза билан мурожаат қилган. Бўш жой бўлмагани учун ариза туман мактабгача таълим бўлимига юборилган. Улар эса болаларни боғчага жойлаштириш навбатига қўйиш учун аризани "Ягона дарча"га жўнатишган. Алқиса, болалар рўйхатга олиниб, навбатга қўйилган. Лекин аризани қабул қилганларнинг бирортаси оиладаги шароит билан қизиқмаган.
С.Неъматов оиласидаги иккинчи муаммо: хотини учун моддий ёрдам сўраб собиқ маҳалла раиси О.Тўраев номига 2017 йил ариза ёзиб мурожаат қилгани. Ҳужжатлар қабул қилиниб, келаси ойга кўриб чиқилиши, лекин, унгача ижтимоий таъминот бўлимидан биринчи гуруҳ ногирони эканлигини тасдиқловчи маълумотнома келтириш буюрилган. Маълумотнома келтириб берилган бўлсада, ушбу масала ечими бир йилдан зиёдга чўзилган. Шу ўтган вақт ичида маҳалла раисига ўнлаб маротаба такрорий мурожаат қилиниб, шунча асаб бузилган.
С.Неъматовнинг хотини ногиронлик бўйича оладиган нафақани банк ходими ўз вақтида уйига келтириб берган. Нафақа олиш учун аёл паспортини кўрсатиши лозим. Қоида шундай. Аёлнинг эса паспорти йўқ. С.Неъматов илтимос қилгани учун биринчи бор нафақа берилган ва келаси ойгача паспорт кўрсатилмаса, нафақа берилмаслиги ҳақида огоҳлантирилган. Паспорт олиш учун керакли ҳужжатлар тўпланиб, туман паспорт бўлимига топширилади. Беморни жойидан қимирлатиш мумкин эмаслиги айтилиб, вазият тушунтирилади. Бўлимдагилар суратга туширадиган ходим ўзи келиб, суратга тушириб кетишини ваъда қилишади. Ойлар ўтади. Суратгирдан дарак йўқ. С.Неъматов овораю сарсон бўлади. Наҳотки, суратга тушириш шунча қийин бўлса? Қани масъулият, қани инсонгарчилик? Наҳотки, ишга муносабат шу даражага етган бўлса. Маъмурий идора ходимлари бошқаларга ўрнак бўлишлари керак эмасми? Банк ходими ҳам беморнинг аҳволи оғир эканлиги билади. Лекин унга расмиятчилик учун бўлса ҳам паспорт керак. Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 144-моддаси иккинчи хат бошига асосан жисмоний шахсни, унинг вакилини, уларнинг оила аъзоларини, юридик шахсни, унинг вакилини ва юридик шахс вакилининг оила аъзоларини улар давлат органига, давлат муассасасига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаат қилганлиги муносабати билан ёхуд билдирилган фикри ва мурожаатидаги танқид учун, худди шунингдек бошқача шаклда танқид қилганлиги учун мансабдор шахс томонидан таъқиб этиш, энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланаши белгиланган.
Биз ҳаммамиз истеъмолчимиз. Ҳуқуқ ва мажбуриятларимизни билишимиз лозим. Адолатсизликни ҳамма жойда мушоҳада қилишимиз мумкин. Ўтган йиллар давомида ташкилот, идора, корхона ва бошқа муассаса ходимлари томонидан меҳнаткаш халқнинг нориал қарздорлиги авж олиб кетди. Хусусан, коммунал тўлов - газ, свет, сув, ер ва мол-мулк, чиқинди тўловлари ва бошқа соҳалардаги сарсонгарчиликлар, пластик карточкаларга нафақа, ойлик маошларининг ўтказилиши ва уларни нақд пулга айлантириш ташвишлари халқимизни чарчатиб юборган эди.
Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев бундайин "бошоғриқлар"ни бартараф этиш учун мисли кўрилмаган чорлар кўрди ва бугун бу муаммолардан қутилганмиз.
Реал қарздорликни барҳам бериш учун "Мажбурий ижро бюроси" ташкил этилганичи? Туманларда янги тизимни тегишли маълумотга эга бўлган ёш мутахассислар билан таъминлаш учун туман прокуратураси масъулияти оширилди. Айни вақтда бюро ходимлари ҳар бир маҳалла, корхона ва ташкилотга бириктирилган. Ишлар яхши ташкил этилгани учун қарздорликлар камайди. Лекин "беш панжа баробар эмас" деганидек, бюро ходимлари ичида ҳам ножўя ишларга қўл ургани кўча-кўйда қулоққа чалинган бўлса, энди бундай иллатга ботганларни телевидение, матбуот, интернет орқали берилган хабарлардан огоҳ бўляпмиз.
Бу ва бошқа масалаларга ойдинлик киритиш учун туман мажбурий ижро бюроси бошлиғи ўринбосари Масъуджон Насруллоев билан учрашдик.
Ҳурматли Масъуджон Насруллоев. Мажбурий ижро ходимлари иш бошлангандан бери қарздорлик анча камайди. Лекин аҳоли ўртасида норозилик ҳам йўқ эмас. Масалан, Шўрбои маҳалла фуқаролар йиғини хонадонлари "Тоза ҳудуд" давлат унитар корхонасидан 40 миллион сўмдан зиёд қарздор экан. Буни қандай тушуниш мумкин?
- "Тоза ҳудуд"корхонаси хизмат кўрсатган маҳаллалардаги одам сонига қараб ҳақ олади. Аҳоли жон бошидан 2500 сўмдан пул ойлаб берилмаганидан сўнг катта қарздорлик вужудга келган.
Айрим хонадонларга 3 тагача оила истқома қилади. Рўйхат бўйича оила аъзолари 10-15 киши. Лекин уларнинг 4-5 нафари хорижда ишлашга кетган ёки ўқийди. Уйда яшамайдиган одам учун пул талаб қилиш тўғрими?
- Тўғри савол. Бунинг учун маҳалла раислари билан далолатнома тузиб, вақтинча яшамайдиганларни рўйхатдан чиқариш лозим. Бир нусхаси уларга бўлиши керак.
Маиший чиқинди ташиш машинаси кўчаларда юриб, хонадонларга хизмат кўрсатади. Баъзи оилалар бу хизматдан фойдаланмайди. Лекин пул терувчи шахс уйма-уй кириб, рўйхат асосида хизмат ҳақини талаб қилади? Шўрбоича маҳалласи раиси бу борада туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига шикоят хати топширган. Жамият ходимлари томонидан бу ҳолат текширилганда нореал қарздорлик маълум бўлди.
- Шундай ҳолатлар бўлган. Биз буни ҳисобга олиб, хатлов ўтказишни бошладик.
Киши бошига чиқинди нархи қиммат эмасми? Оиладаги чақалоқдан ҳам 2500 сўм ундириш...?
- Бу тегишли тарзда тасдиқланган қоида. Айни вақтда бу нарх аҳолига қимматлик қилаётганини биламиз. Лекин ишчи кучи, ёқилғи учун катта маблағ сарфланиши ҳам ҳақиқат.
Тоза ҳудуд" унитар корхонаси бош ҳисобчиси Давлат Рўзимуродов билан ҳам суҳбатлашдик.
"Тоза ҳудуд" корхонасида нечта одам ишлайди? Хизматлар тартиби қандай?
- Корхонада 11 та маиший чиқинди ва 1 та суюқлик ташишга мўлжалланган (гавновоз) машина бор. 34 та маҳалла ва 192 та юридик ташкилотларга ҳафтасига икки маротаба хизмат кўрсатамиз. Вилоят экология идорасининг 8 нафар ходими пул териш билан шуғулланади.
Туманда 74 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Нима учун ҳаммасига эмас, 34 тасига хизмат кўрсатилади?
- Шартнома тузган маҳаллаларга хизмат кўрсатяпмиз. Мошиналар сони ҳам етарли эмас.
Шартнома тузган маҳалла аҳолиси томонидан шикоятлар тушмоқда. Нархлар қиммат, хизмат кўрсатилмай, пул талаб қилиш ҳолатлари мавжуд. Бунга нима дейсиз?
- Машина кирмайдиган кўчалардан пул олинмайди. Маҳалла томонидан берилган рўйхат асосида пул терилмоқда.
Шартнома тузган маҳаллалардан баъзилар шартномани бекор қилгани ростми?
- Ҳа, 4 та маҳалла шартномани бекор қилди. Лекин баъзилари яна қайтадан шартнома тузишни таклиф этишган.
Кўриб турганимиздек, бу соҳага нисбатан аҳоли норозилиги бор ва уни бартараф этиш учун тегишли ташкилотлар зарур чоралар кўриши лозим деб ўйлаймиз.

Р.ШАРИФЗОДА
Ш.ҲАЙИТОВ ,
туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя
қилиш жамияти ҳуқуқий ҳимоя мутахассислари


Дата добавления: 16/08/2019 12:04;   Просмотров: 818
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку