Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ТАНҚИДНИ ТАН ОЛИШ ЗАМОНИ КЕЛДИ

Ўрта Оҳалик маҳалласи ҳудудида жойлашган "Камалак" болалар дам олиш оромгоҳида бўлиб ўтган навбатдаги оммавий сайёр қабул ҳали ҳануз жойларда ўз ечимини кутаётган муаммоли масалалар етарли эканини кўрсатди.

Гап шундаки, 25 нафар фуқаро ўз оила ва маҳаллаларини қийнаётган 40 га яқин талаб-истаклари билан мурожаат қилишди. Туман ҳокими Ш.Жамолов ўз "командаси" билан бирга ҳар бир мурожаатни эшитиб, 9 тасини жойида ижобий ҳал этди. Жумладан, Ўрташиқ маҳалласида Робия Шарипованинг болалигидан ногирон фарзандига берилаётган нафақани қайта кўриб чиқиш, Кўисаҳо маҳалласидан Ҳасан Шодиевнинг ўз ҳовлиси олдида хусусий ўқув маркази барпо этиш, кадастр ҳужжатларини тайёрлаш, Оҳаликдан Баҳора Исрофилованинг ихтисоси бўйича ишга жойлаштириш, Миронқулдан Амир Султоновнинг хусусий боғча қуриш учун жой ажратиш тўғрисидаги мурожаатлари ўз ечимини топди.
Ургут туманининг Қорабулоқ қишлоғида яшовчи Шодиёр Нарзиевнинг боғ яратиш учун ер ажратиш ҳақидаги талаби муайян сабабларга кўра рад этилди.
Қолган мурожаатчиларга кўтарилган муаммолар ечими бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, Юқори Оҳалик қишлоғидан шифокор аёл Холбиби Баҳодирова 7 км йўлга асфальт ётқизиш муаммоси, атроф муҳитнинг аянчли санитария-эпидемиологик ҳолати ҳеч қайси мутасадди идоранинг хаёлига келмаётганлигидан афсус-надоматлар тўла дилини бўшатди. Ветеринария, СЭНМ, солиқ, маҳалла, кенг жамоатчилик вакиллари бу масалага панжа орасидан қараб келаётганликлари қаттиқ танқид остига олинди.
- Аҳоли, ҳар бир уй-жой эгаси туғилган ва яшаётган ҳудудини севмаса, асрамаса, ножўя хатти-ҳаракатларга лоқайдлик билан қараса, бу ўз эл-юртига хиёнат эмасми? Ҳудудларни тоза-озода сақлаш, обод этиш, гулзор масканларга айлантириш ўз қўлимизда, ўз зиммамизда,- деди туман ҳокими. Дарҳақиқат, тозаликка риоя этиш, соғлиқни сақлаш чораларини кўриш, экологик маданият, савдо-сотиқ, сайёҳлик, маънавият, миллий қадриятларга оид илк тушунчалар оилада шаклланмайдими? Увол-савоб, ҳалол-ҳаром, яхши-ёмон, гуноҳ, жиноят, ҳурмат-эътибор, ҳаё-номус, меҳр-оқибат, орият-виждон, ғурур ва садоқат каби сифатлаш мезонлари борки ҳар бир юриш-туришимиз, турмуш тарзимизни белгилаб, баҳолаб туради. Шундай ҳовлилар борки, ташқи кўринишининг ўзи инсон қалбида нохушлик уйғотади.
Уйлаймизки, юқорида билдирилган танқидий фикрлар ўз эгасини топади. Зотан, танқидни тан олиш ҳам мардликдир.
Туман ҳокими қабулни якунлаб, маҳалладаги 1-гуруҳ ногирони, 47 ёшли Баҳром Пардаев хонадонига ташриф буюрди. Беморнинг турмуш ўртоғи, тиббиёт ҳамшираси Моҳона Жўрабекова 10 йилдирки эрини оқ ювиб, оқ тараб, туну кун ҳол-аҳволидан хабардор, бунинг устига уч фарзандни оналик меҳри билан тарбиялаб, камолга етказмоқда.
- Сизга катта раҳмат, синглим, - деди туман раҳбари. - Ҳовлингиз, оилангизга кўз тегмасин. Сизга оз бўлсада, рўзғор учун совға-салом олиб келдик.
- Сизларга раҳмат, - деди Моҳона уйига ташриф буюрганларга миннатдорчилик билдириб, - Иложи бўлса, турмуш ўртоғимнинг пенсия ва иш стажларини қайта кўриб чиқишса. Дори-дармонлар олишга амалий ёрдам беришларини ҳам сўрардик.
Бу хонадондаги соғлом муҳит, мустаҳкам меҳр-вафо, аҳиллик, меҳнатсеварлик барчамизни хушнуд этди. Ишончимиз комил, бу хонадонда ўсиб-улғаётган жажжи фарзандлар юртининг, оиласининг ҳақиқий ифтихорлари бўлиб вояга етишади.

Нормурод КАРИМОВ


Последнее редактирование: 26/07/2019 14:52;   Просмотров: 857
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку