Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ТАНГАНИНГ ОРҚА ТОМОНИ

ёхуд боқимандалик кайфиятидан қачон воз кечамиз?

Очиқ-ойдин тан олиб айтиш керакки, кейинги ўтган икки йил мобайнида мамлакатимизда рўй бераётган мислсиз ўзгаришлар, янгиланишлар, амалга оширилаётган кенг қамровли улкан бунёдкорлик ва яратувчанлик ишларининг бари шак-шубҳасиз, инсон манфаатларини қадрлаш, аҳоли турмуш маданиятини ошириш, ватанимиз иқтисодий қудратини юксалтириш йўлида қилинаётган ислоҳотларнинг ёрқин ифодасидир. Буни барчамиз кўриб, гувоҳи бўлиб турибмиз.
Модомики, давлат фуқаролари учун қайғуриб, шу даражада ғамхўрлик кўрсатаётган экан, одамлар ҳам олиб борилаётган ислоҳотларга нисбатан ўзларида дахлдорлик ҳиссини англашлари лозим. Тўғри, бугун фуқароларимизнинг дунёқараши мутлақо ўзгарди. Юртимизда ижтимоий адолатни тўлиқ қарор топтириш борасида қилинаётган саъй-ҳаракатлар, "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак" деган тамойилнинг ҳаётимизга тобора чуқур сингиб, жўшқинлик касб этаётгани ҳам сир эмас.
Бироқ, ана шу яратилаётган имкониятлардан, берилаётган ваколатлардан тўғри ва ҳаққоний фойдалана оляпмизми? Биз юқорида "Танганинг орқа томони" деган жумлани бежизга ёзмадик. Чунки асосий гап ҳам ана шунда, бўлар-бўлмасга талаб қўйишдан олдин, ўзимиз ҳам фуқаролик бурчимизни қай даражада бажараётганлигимиз ҳақида бир оз мушоҳада қилиб кўрсак тўғрироқ бўлармиди. Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун яқинда "Дўстлик" МФЙда ўтказилган туман ҳокимининг галдаги сайёр қабули ҳақида тўхталиб ўтсак.
Гап шундаки, ҳоким ушбу ҳудудга жорий йилнинг ўзида халқни дардини эшитиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида учинчи маротаба ташриф буюрди. Албатта, ҳокимнинг ташрифи маҳалладаги озми-кўпми баъзи муаммоларни ижобий ҳал этилишига туртки бўлди. Масалан, 5-умумтаълим мактабининг 6 та синфхоналари ҳоким ташаббуси билан ҳомийлар томонидан тўлиқ капитал таъмирланиб, янги ўқув жиҳозлари билан таъминланди. Анча йиллар олдин чала қурилиб, хароба ҳолда бўлган спорт зални қайта реконструкция қилиш 2019 йил режасига киритилди. Алоқа иншооти (антенна) ўрнатиш ҳақида аҳоли талаби қондирилди. 2,5 км ички йўлларни 2019 йилда таъмирлаш бўйича чора-тадбир белгиланди.
Аммо, ҳокимнинг олдинги учрашувларида маҳалла фаоллари, фермерларга берган топшириқ, кўрсатма ва тавсияларнинг ижросида ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Жумладан, маҳалла ёнбошидаги токзор ичида қурилган ноқонуний уй-жой ўрнида болалар боғчаси барпо этиш, қолган ердаги ўзбошимчалик билан эгалланиб, қурилган пойдеворларни бузиб, иссиқхона ташкил этиш тадбиркорга тавсия этилган бўлса, 0.30 га ер майдони маҳалла ҳисобига ажратилиб, футбол ўйингоҳи ва ҳаммом қуришни ММТП раҳбари ва маҳалла оқсақолига топширилганди. Афсуски, бу борада бирон-бир иш қилинмаган. Шунингдек, маҳаллада ободончилик, хонадонлар тоза-озодалиги, ички ариқ-зовурларни тозалаш, чиқиндиларни чиқариб ташлаш каби юмушларни бажаришга ҳам маҳалла аҳли эътиборсиз бўлаётганликларини ҳоким қаттиқ танқид қилди.
- Энг ачинарлиси, маҳалла аҳолисининг туманнинг бошқа ҳудудларига қараганда яшаш шароитлари анча яхшилиги, табиий газ, электр энергияси, тоза ичимлик сув билан таъминланганлигига қарамай коммунал тўловларни ўз вақтида тўламасдан келаётганликлари, бугунги кунда электр энергиясидан 99 миллион, табиий газдан 160 миллион, маҳаллий солиқлардан 39 миллион сўм қарздор эканликларини қандай изоҳлаш керак, - деди ҳоким. - Буни "боқимандалик" дан бошқа яна нима деб аташ мумкин.
Ҳа, азиз газетхон, эътибор қиляпсизми, ҳақиқатдан ҳам биз ўрганиб қолган бундай салбий одатлардан қачон воз кечамиз? Қўпол бўлса-да қачонгача "берсанг ейман, урсанг ўламан" қабилида иш тутамиз. Хулоса эса ўзингизга ҳавола.
Шу куни ҳам аҳолини 20 га яқин мурожаатлари эшитилиб, уларнинг ечими тўғрисида тегишли идора ва ташкилот мутасаддиларига топшириқлар берилди.
Мақолага хотима қўяр эканмиз муҳтарам Юртбошимизнинг яқинда Бош қомусимизнинг 26 йиллиги байрамидаги тантанали маросимда қилган маърузаларидан иқтибос келтиришни лозим топдик. "Яхши яшаш учун энг аввало яхши меҳнат қилиш, ҳуқуқ ва эркинлик билан бирга, жавобгарлик ва масъулиятни ҳам чуқур ҳис этишимиз зарур. Бунга эришиш эса, фақат ва фақат ўзимизга боғлиқ".

Тошпўлат ЮСУПОВ,
газета масъул котиби


Последнее редактирование: 21/12/2018 11:30;   Просмотров: 903
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку