Вилоят матбуот уйида оммавий ахборот воситалари ходимлари ва ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирокида "коррупцияга қарши курашишда оммавий ахборот воситаларининг роли" мавзусида семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Унда коррупцияга йўл очадиган омиллар, коррупция ва поранинг фарқи, унинг турлари, соҳадаги қонунчилик асослари, коррупцияга қарши курашишдаги амалий механизмлар, жамоатчилик назорати ва ижтимоий шерикликнинг аҳамияти, журналист суриштируви ҳақида ташкилотчилар тақдимоти ўтказилиб, тушунчалар берилди.
Таъкидландики, жойларда коррупциянинг олдини олиш, бу борада аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва давлат идоралари ҳамкорликда ишларни режали олиб бориши айни муддао бўлади.
Семинар-тренингда иштирокчилар шартли равишда 3 та гуруҳга бўлиниб, коррупцияга қарши ким кўпроқ курашиши кераклиги ҳақида машғулот ўтказишиб тайёрланган тақдимотларини муҳокама қилишди.
- Журналистлар бугун фақатгина факт ва рақамларга ёки суд материалларига таяниб қолмасдан, балки ўзлари ҳам бу борада материал тайёрлаши ва унинг ҳуқуқий асосларини очиб боришлари лозим,- деди "Ўзбекистон 24" телерадио канали катта муҳаррири Нозима Тошпўлатова. - Чунки, бугунги давр журналистларни янада ташаббускор бўлишга чорлаяпти.
Семинар-тренинг Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси кўмагида тайёрланган лойиҳа асосида ташкил этилди.
Т. ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.