Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ТАМАГИРЛИК - ЭНГ ЖИРКАНЧ ИЛЛАТ

"Ўрганиб қолсанг бировнинг ошига, кунда борарсан анинг қошига"- деганларидек, пул, мол-дунё орттиришга ружу қўйган одам борган сари инсоф-иймонини йўқотиб, ўз фойдаси йўлида ҳар қандай тубанликдан ҳам тоймайди. Бундай кимса эл соғлиғини сақлаш йўлида қасамёд қилган шифокор бўлса-чи...

Шарқ табобатининг буюк алломаси, ватандошимиз Абу Али Ибн Сино шифокорлик касбини зиммасига олган инсонларга кўп яхши ўгит ва талабларни ёзиб қолдириб, шундай деган эди: "Ўз умнини савоб иш табибликка бахш этган одам, энг аввало, саҳий, мурувватли, соддадил, ҳақгўй, беғараз ва адолатпарвар бўлмоғи керак. Ташқи қиёфаси эътиборга лойиқ, камсуқум ва камгап, очиқ чеҳрали, боқишлари мулойим ва табассумли, озода ва камтарин кийинган бўлиши лозим. Зеро, унинг уриниши ва ҳатти-ҳаракатлари бемор ва унинг қариндошлари орасида ҳурмат ва ишонч туйғусини уйғота олсин. Тиббиёт ходимининг самимийлиги, у қилмоқчи бўлган муолажанинг аввалидир". Тиббиёт ходими энг аввало, соф виждонли, ҳалол, адолатли, юксак ахлоқли бўлмоғи керак, чунки виждон инсоннинг ички ахлоқ ҳақамидир. Тиббиёт оламида вужудга келган кўплаб муаммоларни ҳал қилиниши виждонга, шифокор ва ҳамширанинг ахлоқ маданияти ва маънавиятига боғлиқ. Маънавият шифокор ва ҳамшираларг ниҳоятда зарур омил бўлиб, уларнинг қалб кўзгусидир. Чунки, улар доимо эл орасида бўлади. Инсон маънавиятининг тамал тоши хулқ-атвор, билим ва дунёқарашидир. Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, айрим шифокорларимиз оғир беморларни даволашда таъмагарлик, порахўрлик ҳолатларига ружу қўймоқдалар. Айниқса, бу ҳолатлар туғруқ мажмуаларида, жарроҳлик бўлимларида, даволаш-профилактика муассасаларида кўп учрамоқда. Бу иллатлар жамиятимиз ривожига салбий таъсир кўрсатади. Демократик қадриятлар қарор топиб бораётган бир вақтда давлат хизматчилари томонидан порахўрлик, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятларнинг содир этилиши - бу давлат ҳокимиятининг обрўсизланишига, давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етишига, натижада амалдаги ҳокимиятга нисбатан норозиликка сабаб бўлади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 210-моддасига кўра мансабдор шахснинг хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда шахсан ўзи ёки воситачи орқали, қонунга хилоф равишда моддий қиммат наф кўриши-энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бароваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда мол-мулки мусодара қилиниб ёки мусодара қилинмай беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Инсон учун бу дунёда бебаҳо бойлик-саломатлик. Тан-жони соғ, саломатлигидан шикояти йўқ кишининг кўнгли хотиржам бўлади. Хотиржам кўнгилга меҳнат килиш, қувониш, шодлик, ўйин-кулгу ярашади. Соғлиқни аллоҳ беради, шу билан бирга кишиларнинг саломатлигини тиклаш, бемор бўлганида беминнат ёрдам қўлини чўзиш ҳар бир шифокорнинг вазифасидир. Бетобликдан азият чекаётган кишини дарддан фориғ қилиб, ҳаётга, яқинлари, оиласи бағрига қайтишига имкон даражасида кўмаклашиши лозим. Шифокор касалхонада ишлагани ва беморларни даволагани учун давлат томонидан тайинланган маошини олади. Бу унинг касбий фаолияти бурчи. Тиббиёт ходимлари шуни унутмасликлари лозимки, ҳар қандай ҳуқуқбузарликка жазо муқаррар.

Ф.ЖЎРАЕВА


Дата добавления: 26/05/2020 17:53;   Просмотров: 1202
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку