Хотира ва қадрлаш куни арафасида нафақат уруш ва меҳнат фахрийлари, балки юртимиз учун фидойиларча хизмат қилган, халқимиз фаровонлиги, ёш-авлод таълим-тарбияси йўлида фаолият юритган отахон-онахонлар ҳолидан хабар олдик, ширин сўзимиз билан улар кўнглини кўтардик. Ҳа, шоир айтганидек.
Ҳурмат этгин кексаларни, навқирон авлод мудом,
Мартабанг ошгай тағин, ҳар кимса этгай эҳтиром.
Камтаринлик энг улуғ хислат эрур, қил эҳтиром,
Камтаринлик бирла топди, энг буюк зотлар мақом.
Дилни оғритма, ёмонлик баҳридан албатта кеч,
Чунки, кўнгил шишадир, дарз кетса, васл бўлмайди ҳеч.
Ассалом айтган кишининг бер саломига салом,
Одамийлик хислати шундан иборат, вассалом.
Ҳақиқатан ҳам кексаларни эъзозлаш, камтаринлик билан улар кўнглини кўтариш бу-инсонийликдир. 84 баҳорни қаршилаган, умрини ёш авлод таълим-тарбиясига бахшида этган Тўйчи бобо Холиёров ҳам айни дамда кексалик гаштини сурмоқда. Беш нафар фарзанди, 16 нафар набира, 11 нафар эваралари атрофида парвона.
1958 йилда меҳнат фаолиятини дастлаб Пайариқ туманидаги 43-умумтаълим мактабида етакчиликдан бошлаган Тўйчи Холиёров орадан икки йил ўтиб ўзи ўқиган Чоршанба маҳалласидаги 34-умумтаълим мактабига келиб ишлади. Ишдан ажралмаган ҳолда А.Навоий номидаги Самарқанд Давлат университетининг биология факультетини ўқиб битирди. Унинг спортга бўлган иштиёқи баланд бўлганлиги учун мактаб ўқувчиларига жисмоний тарбия фанидан дарс бера бошлади.
54 йил ўқитувчилик касбини эъзозлаб келди. Унинг шогирлари ҳам кўп. «Чоршанба» МФЙ раиси Мавлон Хайриев, ички ишлар органи ходимларидан Муродқул Собиров, Рустам Болтақуловлар илк сабоқни Тўйчи Холиёровдан олишган.
Хуллас, Тўйчи бобо Холиёров ўз меҳнати билан эл назарига тушган отахонлардан. Маҳалла фаоллари тез-тез отахон ҳолидан хабар олиб туришади. Негаки, отахон ҳам қарилигига қарамай маҳалла тадбирларида фаол қатнашади, ёшларни ҳалол меҳнат қилиб, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга ундайди.
Нормамат ОЛИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.