Мактаб,таълим-тарбия масаласи давлат ва жамият назоратида бўлиши асосий Қонунимизда белгилаб берилган.Халқимизнинг эртанги куни қандай бўлиши фарзандларимизнинг бугун қандай таълим - тарбия олишига боғлиқ. Давлат раҳбари топшириғига асосан таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, ўқитувчи обрў-эътиборини ошириш, умумтаълим мактабларини сифатли ўқув адабиётлари билан таъминлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мактаб раҳбарлари масъулиятини ошириш масаласида туманда бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Таълим муассасаларини янги 2018-2019 ўқув йилига сифатли тайёрлаш мақсадида тумандаги 4 та секторда, жумладан 1- секторда 52 мактаб, 2-секторда 44-мактаб, 3-секторда 1-мактаб, 4-секторда 21-мактаблар намунавий мактабларга айлантирилди.
Бундан ташқари туман ҳокими Шухрат Жамолов бошчилигида тумандаги 26,32-сонли мактабларнинг бинолари жорий таъмирланди ва 8,19-сонли мактабларнинг 3 та филиаллари бинолари бузилиб қайтадан қурилди ва фойдаланишга топширилди. Яқиндагина, 2018 йил 14 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Ушбу қарор билан ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш бўйича комплекс чора-тадбирлар Дастури тасдиқланди. Қарорда 2018 йил 1 сентябрдан умумтаълим муассасалари ходимларининг базавий тариф ставкалари бошланғич синф ўқитувчилари учун 1,1 бараварга, юқори синф ўқитувчилари учун ўртача 1,24 бараваргача, директор, унинг ўринбосарлари, кутубхоначилар учун 1,1 бараварга оширилди. Умумтаълим мактабларида 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб психолог штат бирлиги ўқувчилар сонига қараб 1-3 штат бирлигида тасдиқланди. Бундан ташқари қарорда педагог ходимларни ижтимоий ҳимоялаш мақсадида қатор имтиёзлар белгиланган.
2018 йил 30 август - 3 сентябрь кунлари тумандаги 54 та таълим муассасаларида янги 2018-2019 ўқув йили бошланишидан олдин ота-оналар йигилишлари ташкил этилди. Йиғилиш кун тартибига ягона мактаб формаси, мажбурий таълим, диний экстремизм мавзулари бўйича масалалар киритилди. Йиғилиш иштирокчиларига давлат хавфсизлик хизмати билан ҳамкорликда тайёрланган "Ҳужрадаги зулмат" видеоролиги намойиш этилди. Ота-оналар йиғилишларида маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, ички-ишлар бўлими ходимлари, тумандаги жомеъ масжид имом-хатиблари, тиббиёт ходимлари иштирок этдилар. Бундан ташқари мактаб масъул ходимлари, имом хатиблар, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари билан ҳамкорликда умумтаълим мактабларида таълим олаётган ўқувчиларнинг хонадонларига ҳам ташрифлар уюштирилиб, таълим тизимида амалга оширилаётган ишлар, 2018 йил 1 сентябрдан ўқувчилар учун жорий этилган ягона мактаб формаси, ўқувчиларнинг одоб-ахлоқ қоидалари бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди.
Б.Мардонов, туман халқ таълими бўлими мудири
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.