Яқинда “Гулобод тонги” газетаси таҳририятида туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Б.Мардонов билан матбуот анжумани ўтказилди.
Бугунги кунда туманда жами 54та таълим муассасалари фаолият кўрсатмоқда, улардан 53таси умумтаълим мактаблари ва 1 таси “Баркамол авлод” болалар мактабидир, - деди нотиқ.
- Таълим сифати педагог кадрларнинг салоҳиятига боғлиқ албатта. Умумий ўрта таълим мактабларида фаолият кўрсатаётган педагог ходимларнинг сифат таркиби таҳлил қилинганда 2022 йилда 2560 нафар педагог ходимлар фаолият кўрсатган бўлиб, уларнинг 2376 (92,8%) нафари олий маълумотли, 94 (3,7%) нафари тугалланмаган олий, ва 90 (3,5%) нафари ўрта махсус маълумотли кадрлар бўлса, 2023 йилда 2767 нафар педагог ходимларнинг 2341 (84,6%) нафари олий маълумотли, 349 (12,6%) нафари тугалланмаган олий, ва 77 (2,8%) нафари ўрта махсус маълумотли кадрларни ташкил этди.
Жорий йил 15 апрел ҳолатига кўра туман умумий таълим ўрта мактабларида 275 нафар олий тоифали, 587 нафар биринчи тоифали, 779 нафар иккинчи тоифали ўқитувчи ва педагоглар фаолият олиб бормоқда.
Анжуманда таъкидландики, мактабгача таълим соҳаси узлуксиз таълим тизимининг бирламчи бўғини ҳисобланиб, у ҳар томонлама соғлом ва баркамол бола шахсини тарбиялаш ва мактабга тайёрлашда ғоят муҳим аҳамият касб этади.
Бу борада туманда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш ҳамда 2023 – йил якунига қадар 3-7 ёшли болалар қамровини ошириш бўйича мактабгача таълим бўлими томонидан “Йўл харита” ишлаб чиқилган бўлиб, “Йўл харита”га асосан йил якунига қадар “Обод маҳалла” дастури асосида 1 та 60 ўринли Давлат мактабгача таълим ташкилоти қурилишини якунига етказиш, инвеститсия дастури асосида 26,27-сонли – ДМТТлар қайта реконструксия қилиниши ва мавжуд қуввати 120 ўринга оширилиши, 20 та янги Оилавий (350 ўринли) мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилиб бунинг натижасида қўшимча 530 нафар 3-7 ёшли болалар мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинади, - дейди Б.Мардонов. - Туманда янгидан ташкил қилинадиган мактабгача таълим ташкилотлари ҳисобига 2023 йил якунига қадар 58 та иш ўринлари яратиш режалаштирилган. Ушбу иш ўринларнинг 15 таси давлат мактабгача таълим ташкилотларида 43 таси давлат хусусий шериклиги асосидаги мактабгача таълим ташкилотлари фаолятини йўлга қўйиш орқали яратилади.
Йил якунига қадар 3-7 ёшли болаларнинг мактабгача таълим ташкилотига қамров даражаси 67,1 фоизни ( 1431 нафарни) ташкил этиши режалаштирилган.
Тошпўлод ЮСУПОВ.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.