Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ТАҚДИРИ АЗАЛ

Одил тахта авария қилиб, шифохонанинг жонлантириш бўлимига тушибди деган шов-шув хабар қишлоқда дарров тарқалди. Тўрт кун деганда ўзига келган Одил тахта 65 ёшга етганда ўрнидан туролмай қолди. Анча кунлик муолажадан сўнг, шифокорлар уни уйига жавоб беришди.

Энди у ногирон бўлиб қолган эди. Турмуш ўртоғи ва фарзандлари кўп йиллар олдин чет элга ишга кетиб, ўша давлат фуқаролигини олган эдилар. Фалокатни эшитиб, тезда етиб келишган яқинлари ҳам мана орадан уч ой ўтиб яна қайтиб кетмоқдалар. Данғилама уйнинг бир четидаги диванда ёлғиз қолган Одилнинг хотиралар гирдоби ўз домига тортди. Ўшанда у янги уйланган ёш йигит эди. Мойли жойда ишлаётгани боис, кунаро ичиб келиб, уйда жанжал кўтарарди. Бир куни отаси унга насиҳат қилмоқчи бўлганида, отасини қаттиқ силтаб, итариб юборди. Ота бечора йиқилиб, қўли синди ва анча вақт шифохонада ётиб даволанди. Ноқобил ўғил ҳатто отаси ҳолидан лоақл бирон бор хабар ҳам олмади. Кейинчалик хотинини қистови билан ота-онасига алоҳида уй-жой солиб кўчириб юборди. Бундан ранжиган опа-сингиллар у билан жигарчилик ришталарини узишди. Пул ҳамма нарсани ҳал қилади деб юрган Одил қаттиқ адашганди. Бугун унга бутун йиққан бойликлари ҳам вафо қилмади. Ногирон бўлиб, ёлғизланиб қолган Одил тахтани ҳолидан фақатгина қўни-қўшнилар галма-галига хабар олиб туришувди. Энди Худо уни ҳам кўп кўрди. Дунёга вабо тарқалиб, қўни-қўшнилар ҳам уйидан чиқолмай қолди. Ҳа, тақдири азалми, пешонами оламда турфа хил ногиронлар бор. Улар сабр ва шукур қилиб, ҳаёт нашидасини сурмоқдалар. Афсуски, "тўқликка шўхлик" қилиб, молу давлатни ҳамма нарсадан устун қўйган, эндиликда пушаймонлигини чеки йўқ Одил тахта сингари инсонлар аҳволидан яратган эгамни ўзи асрасин.

Маъмуржон МУҲСИНОВ


Дата добавления: 25/06/2020 19:01;   Просмотров: 743
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку