Кечаси билан тинмай ёмғир ёғди. Эрталаб жувон дереза олдида эрини кутар, ҳадеганда ундан дарак йўқ эди. Бола билан касалхонага ётиш қийин, устига устак палатада ҳам дардлашадиган кимса йўқлигидан баттар хуноби ошди. Қаердан ҳам ҳаёт йўлимни шу билан боғладим, деб афсус чекди. Ўтган кунларни хотирлади. Улар севишиб турмуш қуришди. Умр йўлдошининг тўй олди берган ваъдалари билан ҳаётлари мутлақо тўғри келмасди. Жувон барчасига чидашга мажбур эди. Эрининг ҳеч қаерда ишламаслиги, оила аъзоларининг унга нисбатан совуқ муомалалари ҳаётдан бездириб қўйди. Фарзандларини ўйлаб тинмай меҳнат қилар, эвазига таъна-дашномлар эшитарди. Қайнонаси «...ўзинг ўғлимга тегиб олдинг, боламнинг тенги сен эмас сен, қаердан ҳам йўлиқдинг», деб жеркиб ташларди. Билмайин босдим тиканни, тортадурман жабрини деганлари тўғри бўлиб чиқди.
Учта фарзанд устма-уст туғилди. Яқин дугонасининг маслаҳати билан жувон чет элга бориб ишлашга ҳужжат тайёрлади. Онасининг «Борма қизим, фарзандлар ўз оналари билан бўлишлари керак», деганига кўнмай Туркия давлатига кетди.
Ўз онаси қийинчилик бўлса-да ноилож набиралар тарбиясини ўз зиммасига олди. Жувон пулни эрининг номига юборарди. Қайнонасига қўнғироқ қилиб уйни таъмирлашларини сўради. Рўзғор қилишди, уйлар янгидан қурилди. Жувон ўз онасига фарзандлари учун оз-моз пул юборарди. Унинг орзулари чексиз эди. Юртига келиб эрини яхши ишга жойлаштирмоқчи, кейинги ҳаётини қийналмасдан ғам, андуҳсиз кўп қатори ўтказмоқчи эди. Кунларнинг бирида онаси «Қизим келгин, менинг ҳар замонда қон босимим кўтарилаяпти, болаларингни соғ-саломат топширай», деб айтди. Қизи эса кўпроқ пул топиш илинжида яна 2 йил қолиб кетди. Охири уйига қайтиб келди. Кечаси аэропортда онаси болалари билан кутиб олишди. Ҳамма хурсанд, онасининг «шунча йил мен ҳам сени соғиндим» деганига қарамай болаларини олиб ўз уйига борди.
Нега ҳамма уйқуда, келишимни айтувдим ё эсларидан чиқдимикан, деб эшикни тақиллатди. Қайнонаси пешвоз чиқиб келин уйга кирманг, ошхонага киринг гап бор, деб айтди. Жувон ҳайрон, «Тинчликми, нима бўлди мени қўрқитманг» деб шоша-пиша ўз уйига кирди. Не кўз билан кўрсинки, остонада бегона аёл турарди. Эри ҳеч нарса бўлмагандек, «Менинг ҳаётимга аралашма ёш бола эмасман, ўзим шу қарорга келдим. Шунча йил мусофир юртларда нима ишлар қилиб юрибсан худо билади. Сен мен учун энди бегонасан. Икки йил олдин онанг касаллигини айтиб чақирган эди, келмадинг, ақалли болаларингни ўйламадинг. Яна қанча вақт кутишим керак эди. Юборган пулларингни сўраб хомтама бўлма, сенинг ёмон йўлга кирганингни ҳамма билади. Судга ариза бериб қуйганман ишонмасанг бориб кўр. Сенинг авҳолинг шу бўлса болаларингдан нима кутиш мумкин» деб аёлини ҳақоратлади. Кундоши тўғри иш қилгандай вазиятни томоша қилиб турарди. Қайнонаси «ўғлимнинг гуноҳи нима, унинг гапларига қўшиламан. Энди сизга ҳам, болаларингизга ҳам бу уйда жой йўқ. Бирор нарса ундириб ололмайсиз. Ҳаммасини қонуний ҳал қилиб қўйганмиз» деганларидан сўнг жувон йиғлаб энди кеч бўлганини англаб етди. Бошида ҳам отаси фарзандларига меҳр бермади. Улар учун отасининг бору йўқлиги бир хил, фақат жувон тақдирнинг аччиқ зарбаларидан эсанкираб қолган эди. Онаси барча воқеалардан хабардор, лекин узоқ жойда қизини хафа қилгиси келмади. Бўлар иш бўлди. Оилам деб елиб-югургани сароб, фарзандлари эса ўз ота уйларидан тирик етим бўлиб кўчада қолишди. Бели оғримаганнинг нон ейишини кўринг, деганларидай унинг эри аёлим ёмон йўлга кириб кетди. Мен ҳам ахир одамман, наҳотки менга ишонмасаларинг деб бошқа қизга уйланди. Мўмай пулнинг орқасидан яхши яшашди. Орада битта фарзандли бўлишди. Кутилмаган бу зарбадан жувон эсанкираб қолди, ноилож тақдирга тан берди. Онаси «қизим ношуд отанинг боридан йўғи яхши, эс-ҳушингни йиғиб болаларингни тўғри тарбияла оналикнинг юки оғир, ўзингга куч топгин», кўпам хато қилдим деб эзилиб юрма вақт олий ҳакам ҳеч нарса жавобсиз қолмайди. Фарзандларингни эл-юрт корига ярайдиган қилиб тарбияласанг шу сенинг бахтинг деб айтди. Умр оқар сувга ўхшайди. Кунлар ўтаверди. Онасининг айтганларига амал қилиб қийинчиликлар билан бўлсада фарзандларини ўқитди. Тўнғич ўғли тиббиёт олийгоҳида таҳсил олди. Ўқиб, изланиб таниқли жарроҳ даражасига етди. Онанинг орзулари ушалди. Навбатчилик куни шошилинч равишда беморни олиб келишди. Сал бохабар бўлишмаса нохуш воқеа содир бўлар эди. Тезда тажрибали жарроҳни чақиришди. Жарроҳ не кўз билан кўрсинки бемор ўзининг отаси эди. Жон жаҳди билан бутун маҳоратини ишга солиб оғир операцияни ўтказди. Ҳаммаси муваффақиятли ўтди. Беморнинг олдига аёли ҳам, фарзанди ҳам келмади. Варақа тўлдирувчининг гапига қараганда беморнинг ҳеч кими йўқ, икки марта уйланган, шунга қарамай ҳозирда танҳо яшаётганлиги аниқланди.
Ҳа, қилмиш-қидирмиш. Бировни ноҳақ айблаб бугунги кунда ўзи танҳо қолиб кетгани жуда ачинарли эди. Бемор ўзига келгач ўз хатоларидан пушаймон бўлди. Нима бўлганда ҳам ўғли онасидан маслаҳат сўраб отасини уйига олиб борди. Ўғлининг кечиримлилигидан, меҳнатлари зое кетмаганлигидан хурсанд бўлди.
Иккинчи оиласи унинг инжиқликларини кўтармади. Сен билан беҳуда умримни ўтказмайман деб ташлаб кетди. Орада эркакнинг обрў-иззати яксон бўлди. Ака-укалари ҳам бу нобакорга қарамай қўйишди. Ҳа, қилинган хатоликларга жавоб беришга тўғри келди.
Ҳидоят УМРҚУЛОВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.