Бахтиёр Одилов:
O'zLiDeP фаоли Бахтиёр Одилов қарийб 30 йилдан буён тадбиркорлик билан шуғулланади. Дастлаб оддий ғишт (шлакоблок) қуювчи ишчи сифатида фаолият бошлаган юртдошимиз, бугунги кунда меҳнати ва изланишлари эвазига "Истиқлол шуъласи" кўп тармоқли фермер хўжалиги раиси. У ушбу хўжалик тасарруфида боғдорчилик, қурилиш маҳсулотлари ва шифер ишлаб чиқариш цехлари, музлатгич хизмати, "Сифатли гўшт савдо" кушхонаси ташкил этиб, 300 га яқин ишчи ўринларини яратди. Халқимиз "Эркак кишининг омадини берсин" дейишади. Бахтиёр ака ана шундай омадли тадбиркорлардан.
- 1988 - 89 йиллар, талабалик кезларимда (шлакоблок) ғишт қуйиш цехига ишга кирдим. Ва битта ғиштга қанча цемент, қанча шлак қоришмалари кетишини ўрганиб олиб, ўзим кичик цех ташкил қилганман. Ўша кезлари ёнимда фаолият юритаётган тадбиркор бир соатда 2000 донадан ортиқ (шалакоблок) ғишт ишлаб чиқарар эди. Мен эса бир кунда 900 дона ғишт қуяр эдим. У тадбиркор касодга учради. Мен эса фаолиятимни кенгайтирдим. Бунинг сабаби, мен маҳсулотларнинг сифатига эътибор қаратдим. Тадбиркорнинг омад калити - ҳалоллик. Шундай маҳсулот ишлаб чиқарингки, мижоз иккинчи маротаба ҳам сиздан харид қилиш учун қайтиб келсин, - дейди суҳбатда Бахтиёр Одилов.
"Истиқлол шуъласи" фермер хўжалиги 2002 йилдан буён қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг боғдорчилик йўналишида 10 гектар майдонда гилос, олма, узум каби меваларни етиштириш ва сотиш билан шуғулланади. Фермер хўжалиги раиси Б.Одиловнинг айтишича, жорий йилда улар 80 минг долларлик гилос меваларини Россия давлатига экспорт қилган.
- Бугун мамлакатимизда тадбиркорларга, шунингдек, соҳада фаолият бошламоқчи бўлган ёшларга кенг имкониятлар яратилмоқда. "Ҳар бир оила - тадбиркор", "Ёшлар - келажагимиз" Давлат дастурлари қабул қилиниб ҳаётга татбиқ этилиши, соҳада иш бошлаётган ёшлар учун катта имконият эшикларини очади. Республикамиз Президентининг қишлоқ ҳўжалик маҳсулотларини чет давлатларга экспортини йўлга қўйиш тўғрисидаги қатор Қарор ва Фармонлари эса, биз ишбилармонларнинг маҳсулотларимиз учун янги-янги бозорлар топишда катта аҳамият касб этди. Кейинги йилларда ҳукуматимиз томонидан яратилаётган шарт-шароитлардан фойдаланиб, фаолиятимни янада кенгайтирмоқчиман. Самарқанд вилоятининг Нарпай туманида цемент ишлаб чиқариш корхонасини ишга тушириш арафасидаман. Мазкур корхона фаолият бошласа, 700 киши иш билан таъминланади, - дейди Б.Одилов
Қаҳрамонимиз нафақат тадбиркор, фермер хўжалиги раҳбари, балки халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши депутати вазифасида фаолият юритмоқда. У халқ ноиби сифатида ҳам фуқароларнинг ишончини ва меҳрини қозонган.
- Бахтиёр халқ дарди билан яшайдиган, камтарин, камсуқум, тутган жойни кесадиган йигит. Мактабимиз таъмирталаб бўлиб қолган эди. 2012 йил унинг саъй-харакатлари билан тумандаги 43 - умумтаълим мактаб тўлиқ капитал таъмирланди. Бундан ташқари, хомий сифатида мактабнинг дарвозасини тадбиркорлик фаолияти ҳисобидан янгидан қуриб берди. Биз ундан миннатдормиз, тарбия берган ота-онасига минг раҳмат, - деди суҳбатда 43-мактабнинг директор ўринбосари Муродқул бобо Маъдиев.
- Бахтиёр нафақат депутат сифатида йўлларимизнинг таъмирланишида жонбозлик кўрсатиб келмоқда, балки "Шўрбойи" маҳалласида улғайган фуқаро сифатида ҳудудимизда катта хайрли ишларнинг амалга ошишида бош-қош. Хусусан, "Маҳалла маркази" биносининг қурилишида, "Шўрбойи" маҳалласи қабристонини ободонлаштиришда хомийлик ёрдамларини кўрсатди. Ўтган йили 6 нафар кам таъминланган оилаларнинг фарзандларини суннат тўйларини ўтказиб берди. Биз шундай халқпарвар ўғлонимиз борлигидан фахрланамиз,- дейди маҳалла раиси Асатулло Каримов.
Тумандаги 40 - мактаб директори Нилуфар Мажидова эса саховатли тадбиркорларни "Ҳазрати Хизр пайғамбар авлодлари"га қиёслашини айтди.
- Тадбиркор Бахтиёр Одилов шу мактабни тамомлаган. У киши ҳар замонда "Муаллима, қанақа муаммоларингиз бор, биздан нима ёрдам?"- дея сўрайдилар. Мактабимизда у кишининг саъй-харакатлари билан 10х18 метр хажмдаги икки қаватли иншоат қад ростламоқда. Унинг биринчи қавати кутубхона ва ўқув зали, иккинчи қавати эса фаоллар залига мўлжалланган. Мана шу бино битса, мен Президентимизга раҳматнома йўлламоқчиман. Халқимиз фаровонлиги йўлида меҳнат қилаётган тадбиркорларимизни кашф қилиб, уларни қўллаб - қувватлаётганлиги учун юртбошимизга минг бор ташаккур! Шундай ишбилармон, юрт фидойилари бор бўлсин, уларнинг сафи кенгайсин!
Бахтигул Қаршиева,
O'zLiDeP вилоят Кенгаши матбуот котиби
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.