Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожантириш, уларга кенг имкониятлар яратиш, жавобгарлигини либераллаштириш, имтиёзлар беришга қаратилган кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида мустақиллик йилларида хусусий мулкдорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаётган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги, «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонлари ҳамда «Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги, «Тадбиркорлик субъектлари ва кенг аҳоли қатламига микрокредитлар ажратиш тизимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари асосида соҳага оид қабул айрим меъёрий ҳужжатлар талабларини ҳаётга татбиқ этиш бош вазифамиз ҳисобланади.
Улар асосида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини судлар орқали ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, низолар хўжалик ёки ҳакамлар суди томонидан кўриб чиқилиши белгиланди. Айрим истиснолардан ташқари, тадбиркорлик субъектларини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилинди, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликларни белгиланган муддатларда ихтиёрий равишда бартараф этган ва етказилган моддий зарарни қоплаган тақдирда, инсоннинг соғлиғи ва ҳаётига зарар етказилган ҳолатлар бўлмаганда, маъмурий ва жиноий жавобгарликдан, жарималар ва молиявий санкциялар қўлланилишидан озод этилди. Ноқонуний тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни биринчи марта содир этган шахслар бир ой муддатда етказилган зарарнинг ўрнини ихтиёрий равишда қоплаган, тадбиркорлик субъекти сифатида рўйхатдан ўтган ва зарур ҳужжатларни расмийлаштирган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод этиладиган бўлди. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти ташкил этилиши алоҳида аҳамият касб этди.
Хуллас, тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш, Қонун талаби асосида ишлаш ҳар бир шахс вазифасидир.
Ф.МИСИРОВ, туман «Ягона дарча» Маркази директори
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.