Бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ўзининг иқтисодиётимиздаги ўта муҳим ва салмоқли ҳиссаси, роли ва таъмири, бошқа ҳеч бир соҳа ва йўналиш ўрнини босолмайдиган катта аҳамияти билан давлат ва жамиятимиз ривожида алоҳида ўрин эгаллайди. Бу соҳани ривожлантирмасдан, унга тегишли кўмак ва рағбат бермасдан, зарур имконият ва имтиёзлар яратмасдан туриб, иқтисодиётимизнинг келажагини таъминлай олмаймиз. Ички бозоримизни рақобатдош ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдиришда, бугунги кунда биз учун энг долзарб масалалардан бири - аҳолимизни, авваланбор, ёшларимизни иш билан таъминлаш ва шу аснода уларнинг муносиб даромад топиши, фаровонлигининг ошиб боришига эришишда айни шу соҳани тез ва жадал суръатлар билан ривожлантириш энг асосий омиллардан биридир.
Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйиш Ўзбекистон Республикаси интерфаол давлат хизматлари Ягона порталига интеграция қилинган интернет тармоғида автоматлаштирилган тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйиш тизими орқали 24 соат узлуксиз амалга оширилиши йўлга қўйилган. Давлат хизматларидан фойдаланишда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, аризачиларнинг хизмат кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилувчи мансабдор шахслар билан бевосита алоқасини истисно қилиш мақсадида бугунги кунда турли идоралар қошида фаолият юритилаётган, алоҳида давлат хизматлари кўрсатаётган «бир дарча» хизматларининг ўрнига туман ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари негизида «бир дарча» тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига Давлат хизматлари кўрсатиш Ягона марказлари ташкил этилиб фаолият кўрсатиб келмоқда.
Президентимиз томонидан, мустақиллигимизнинг илк онларидаёқ ишлаб чиқилган, беш тамойил асосида мамлакатимиз сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг узоқ муддатларга мўлжалланган стратегик аниқ мақсад ва вазифалари белгилаб олинди. Мамлакатимиз иқтисодиётида кичик бизнес, биринчи навбатда хусусий тадбиркорликнинг роли ва улушини янада кенгайтиришни таъминлай оладиган қоунларни қабул қилиш долзарб масала бўлганлиги боис, Республикамизда тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қатор қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришнинг жаҳон стандартларига мос ҳуқуқий асослари яратилди. Қонунчиликда режали текширувлар ўтказишнинг ягона тартиби ва даврийлиги жорий этилди.
Мазкур тартибга кўра, микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолияти бўйича барча текширувлар режали асосда тўрт йилда бир мартадан кўп бўлмаган, бошқа хўжалик субъектларини текшириш уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган ва фақат Ўзбекистон Республикаси Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши қарори билан амалга оширилади. Айни пайтда молиявий-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувларни амалга ошириш муддати 30 календарь кунидан 10 кунгача қисқартирилди. Департамент органлари ўз зиммаларига юклатилган вазифалар хусусиятидан келиб чиқиб, ушбу соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлашлари ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш мақсадида тадбиркорлик субъектларига турли бюрократик тўсиқлар яратиш, уларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш каби суиистеъмолчиликларга йўл қўйган маҳаллий ҳокимликлар, давлат бошқарув органлари, солиқ банк ва бошқа идоралар мансабдорларини фош этиш бўйича муайян ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Р.ЭГАМОВ, Р.ТЎРАЕВ
Ўзбекистон Республикаси
Бош прокуратураси ҳузуридаги СВАЖЖДЛҚК Департаментнинг туман бўлими ходимлари
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.