Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби, давлат ва жамият бошқаруви соҳасида ҳам кенг кўламли сиёсий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Унинг натижаси ўлароқ, юртимизда кўппартиявийлик тизими жорий этилиб, сиёсий партиялар ўртасида соғлом рақобат муҳитининг вужудга келганлиги, ортиқча қоғозбозликдан воз кечиб, жойларда халқ, айниқса ёшлар билан учрашувлар, давра суҳбатлари олиб борилаётганлиги жуда қувонарли ҳолдир. Зеро, юртимизда сиёсий партияларнинг ижтимоий мавқеи, ўрин ва ваколатлари кенгайтирилди. Бу эса албатта, сиёсий партиялар зиммасига масъулият ва жавобгарликни янада кучайтирмоқда.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал Демократик Партияси ташкил этилганлигига бу йил 15 йил тўлади. Ана шу муҳим сана олдидан партиянинг вилоят, туман Кенгаши раҳбарлари ва мутасадди ходимлари бизнинг таълим муассасамизга ҳам мумтазам равишда келиб, битирувчи ўқувчилар билан давра суҳбатлари, турли тадбирлар ўтказиб, ёшларни келажакда тадбиркорлик ва ишбилармонликка бўлган қизиқишларини оширмоқдалар.
Натижада коллежимизнинг аксарият ўқитувчилари ва битирувчи курс ўқувчилари ЎзЛиДеПнинг мақсад ва вазифалари билан танишиб, шу партия сафида, мамлакатимизнинг янада равнақ топишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшиш истагини билдирдилар. Шу боисдан, яқинда коллежимизнинг фаоллар залида битирувчи ўқувчиларни партия сафига қабул қилишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда партиянинг вилоят Кенгаши бўлими бошлиғи Қодир Шойимов, туман Кенгаши раиси Абдужаббор Умаровлар сўзга чиқиб, ёшларни муборакбод этишди ва партия олдида турган долзарб вазифалар, қилинажак чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтдилар. Тадбир юқори савия ва кўтаринки руҳда ўтди.
Сурайё САИДОВА,
Гулобод ижтимоий-иқтисодий коллежининг бошланғич партия ташкилоти раиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.