Мамлакатимизда табиатдан оқилона фойдаланиш, табиат билан инсон ўртасидаги муносабатларни тартибга солиш борасида тегишли қонунларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этишга катта эътибор берилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 21 апрель куни эълон қилинган «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида» ги Фармони фикримизнинг далилидир.
Туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Жавоҳир Ходжаев билан бўлган суҳбатимиз ҳам экологик хавфсизликни таъминлашга бағишланди.
- Маълумки, тирикчиликнинг давомийлиги, инсоният, ҳайвонот ва наботот оламининг тақдири, - деди Жавоҳир Неъматжонович, - энг аввало теварак- атрофнинг экологик жиҳатдан софлигига боғлиқ. Сир эмаски, бугунги кунда табиатдаги ана шу экологик мувозанат кун сайин емирилиб бормоқда. Шу боисдан бу муаммо бутун дунё аҳлини ташвишга солаётир.
- Хўш, бунга ким айбдор?
- Биз, одамларнинг табиатга нисбатан хўжасизларча муносабатимиз натижасида экологик вазият ёмонлашиб, шундай муҳит юзага келдики, ўсимликлардан тортиб, барча тирик жонзотлар ва ҳатто инсонларнинг ҳам барқарор, тинч-осуда, фаровон ҳаёт кечиришига монелик туғдирувчи ноқулай шароитлар юзага келмоқда. Масалан, яшаб турган жойимизни турли хил чиқиндилар билан ифлослантираётганлигимиз боис ўзимиз, қолаверса, келажак авлодларимиз соғлиғига салбий таъсир кўрсатмоқда. Айни пайтда юзага келган бу экологик ҳолат таъбир жоиз бўлса, инсон руҳиятидаги маънавий кемтиклик десак хато бўлмайди.
- Сизнингча нима қилишимиз керак?
- Биринчи навбатда аҳолининг экологик саводхонлиги ва маданиятини янада юксалтириш зарур. Газетангиз орқали кўплаб тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилса савоб иш бўларди.
- Адолатли танқид. Лекин бу борада фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, нодавлат, нотижорат ташкилотлари, кенг жамоатчилик ва фуқаролар фаоллигига таянса, экологик назорат кучайса...
- Жуда тўғри айтдингиз. Ёдда тутиш лозимки, Ўзбекистон Республикасининг «Экологик назорат тўғрисида» ги Қонуни 9-моддасига асосан экологик назорат давлат экологик назорати давлат ҳамда жамоатчилик экологик назоратидан иборатдир. Ваҳоланки, туманда 77 та маҳалла мавжуд. Мадомики, ҳудудимизда давлат экологик назорати инспекторлари сони кўп эмас экан, шу боис ҳам ҳаммамиз учун атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳам қарз, ҳам фарз.
- Кимлар жамоатчилик экологик назоратини амалга ошириш ҳуқуқига эга?
- Ҳамма жойда бўлганидек, бизнинг туманда ҳам жамоатчилик экологик назорати фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролар томонидан амалга оширилади. Бундай хайрли ишнинг аҳамиятли томони шундаки, бу жойларда экологик қонун бузилишларини аниқлаш имконини беради. Аммо жамоатчилик экологик назоратни амалга оширишда Қонунийлик, холислик, мустақиллик, ошкоралик, шахс, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тамойиллари таъминланиши керак. Жамоатчилик назорати атроф-муҳит ифлосланишига ва табиий ресурслардан нооқилона фойдаланилишига олиб келиши, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солиши мумкин. Шунинг учун масъулиятни ҳис қилган ҳолда ишлаш шарт ва зарурдир. Агар қонун бузувчилар назоратчи талабига итоат этмаса зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериши зарур.
- Жавоҳир Неъматжонович бу борада сизнинг истакларингиз?
- Ҳали дунёда, қолаверса бизнинг юртимизда ҳам табиатни муҳофаза қилиш ва она-табиат бойликларидан оқилона фойдаланиш борасида ҳал этилмаган муаммолар жуда кўп. Уларни бартараф этиш кўп жиҳатдан аҳолининг табиат муҳофазаси билан боғлиқ. Табиатни асраш ва унга оқилона муносабатда бўлиш маънавий комилликнинг муҳим шарти десак, хато бўлмайди. Менинг шиорим-табиатни асрайлик!»
Зоҳир ҲАСАНЗОДА,
журналист
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.