Ўтган шанба куни кўклам нафаси уфуриб турган паллада бевосита туман ҳокими Носир Мавлонов бошчилигида Гулобод кўрғонидаги маданият ва истироҳат боғини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш учун умумхалқ ҳашари ўтказилди.
- Ободонлаштирилган ҳудудлардан чиқиндиларни олиб чиқиш учун 10 га яқин техника жалб қилинди, - дейди туман "Тоза ҳудуд" давлат унитар корхонаси бўлим бошлиғи Равшан Хайруллаев. - Айни вақтга қадар техникаларимиз 20 тоннага яқин чиқинди олиб чиқди. 30 километрга яқин йўллар, 10 километр ариқ ва зовурлар чиқиндидан тозаланди. Албатта, бу ишлар бизнинг ҳар кунги вазифамиз. Қувонарлиси, ташкилотлар томонидан яқиндан ёрдам берилаётгани, ўзларининг ҳудудларини обод қилаётгани туман ободончилигига улкан ҳисса бўлиб қўшилмоқда.
Эрта тонгдан коржома кийган ва кетмон, бел, шоха, ўроқ ва бошқа меҳнат асбоб-ускуналари билан "қуролланган" ёшу қари гуруҳ-гуруҳ бўлиб, истироҳат боғи дарвозаси олдида тўпланишди. "Тоза ҳудуд" давлат унитар корхонасига қарашли бешта махсус автоулов кўчада саф торган. "Маслаҳатли тўн тор келмас" деганларидек, туман ҳокими ҳаёт тажрибасига эга бўлган оқсоқоллар ва мутахассислар билан кенгаш ўтказиб, қаерга қандай ниҳол ва гул кўчатларини ўтқазиш тўғрисида келишилди ва туман Халқ қабулхонаси мудири Илҳом Муродов оқ фотиҳа берганидан сўнг умумхалқ ҳашари бошланди. Аввалига тўпланганларга белгиланган режани амалга ошириш оғирдек туюлди, аммо "кўз қўрқоқ, қўл ботир" деган мақол яна бир бор ўз исботини топди - "Бир тан, бир жон" шиори остида бошланган меҳнат ўз самарасини берди. Кун давомида турли хил чиқиндилар машиналарга ортилиб, тегишли манзилга жўнатилди. Уч минг тўп мевали ва манзарали ниҳол ҳамда кўчатлар - қарағай, павлония, катальна япон сафораси, Қрим арчаси каби дарахт ниҳоллари қатъий чизиқ асосида экилди. Энг муҳими, йиллар давомида ўз ҳолига ташлаб қўйилган боғ бир кунда исми жисмига монанд истироҳат боғига айланди.
- Эрта баҳордан туман ҳудудида бир миллион тўп мевали ва манзарали ниҳол кўчатларини ўтқазишни режалаштирганмиз, - деди туман ҳокими Носир Мамрасулович, - бу йил муҳтарам юртбошимизнинг топшириқларига асосан яна 400 гектар интенсив боғ яратилади. Шу йил 14 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мева-сабзавотчилик кластерларини самарали ташкил қилиш бўйича видеоселектор йиғилиш ўтказилди. Унда ушбу соҳани изчил ривожлантириш билан бирга, аввало тизимдаги шартномавий муносабатларни тўғри шакллантириш, маҳсулот етиштирувчи, қайта ишловчи ва экспортчининг манфаати, мажбурияти ҳамда жавобгарлигини аниқ белгилаш муҳимлиги таъкидланди. Бизнинг туман мева-сабзавот ва узумчиликка ихтисослаштирилганлиги туфайли кластерлар фаолиятини йўлга қўйишни мақсад қилиб олдик. Айни пайтда бозорбоп маҳсулотлар етиштириш ва қайта ишлаш, экспорт ҳажми ва географиясини кенгайтириш борасида режа туздик ва уни амалга оширяпмиз. Россия, Италия, Туркия, Америка Қўшма штатлари ва бошқа мамлакатлар инвесторлари билан шартнома туздик.
- Ҳурматли Носиржон Мамарасуловчи, аввало ўзимнинг тажрибамдан гапирсам, ҳовлимизга қаролу деб ниҳол экдик, аммо дарахт ҳосилга кирганда бошқа хил ҳосил берди...
- Саволингиз маъносини тушундим. Тўғри ва муаммоли масалани кўтардингиз. Афсуски, бизнинг вилоятда ниҳолларга кафолат берувчи ташкилот йўқ экан. Академик Маҳмуд Мирзаев номли боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институти Самарқанд таянч тажриба станциясида олимлар янги навлар устида илмий тадқиқот олиб боришмоқда. Ачинарлиси, айрим фермер хўжаликлари боғбонлари ҳам бу соҳада панд еганларини эшитдим. Шунинг учун биз бу масалага жиддий аҳамият беряпмиз.
- Хўш, кўчаларда, хиёбонларда, зиёратгоҳлар атрофида яхши ниятлар билан кўчатлар экилмоқда. Ёзга бориб улар қуриб қолмайдими?
- Саволингиз ўринли. Бу йил ҳар бир ниҳолга масъул шахс бириктирилади ва ўз вазифасига панжа орасидан қараган шахс қонун олдида жавоб беради. Масъулиятсизлик, бепарволик билан, "бўлса бўлар, бўлмаса ғовлаб кетар" қабилида ишлаш замони ўтди энди.
- Истакларингиз?
- Баҳор келди. Бу гўзал айёмнинг ҳар лаҳзасидан самарали фойдаланиш зарур. Табиат уйғонди, одамларимиз ҳам. Туманимиз марказидан бошланган ташаббус, аминманки, барча маҳалла, оила, корхона ва ташкилотларга қўчади, ҳудудлар чиройи янада очилиб, халқимиз кайфияти кўтарилади.
Имкониятдан фойдаланиб, миришкор деҳқон ва боғбонларимизга омад тилайман.
Нормурод КАРИМЗОДА
Зоҳир ҲАСАНЗОДА
Суратда: ҳашардан лавҳа
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.