- Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан туман ҳокими Шуҳрат Жамолов бошчилигида бир гуруҳ фаоллар Жўйисой маҳалласида истиқомат қилувчи 105 ёшли Муқаддас момо Олимова хонадонига ташриф буюриб, онахонга ногиронлик аравачаси ва совға- саломлар улашишди.
Бундай эътибор ва туҳфадан боши осмонга етган момо дуога қўл кўтариб, муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ҳамда вилоят ва туман раҳбарларига фронторти меҳнат фахрийларига кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорчилик билдирди.
- Раҳматли умр йўлдошим Тўра ота ҳам Ватан ҳимоясига отланиб, тўрт йил қизил армия сафида хизмат қилган эди, - деди Муқаддас ая. - Биз, хотин-қизлар Чўпонота атрофида қишлоқ хўжалик ишлари билан шуғулланиб, озиқ-овқат маҳсулотлари ва қуруқ мевани фронтга жўнаиб, ғалаба учун муносиб улуш қўшдик. Мана, 74 йилдан буён юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз фаровон.
Туман ҳокими Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи 99 ёшли Марям ая Абдураҳмоновна Дўстметова хонадонига ҳам ташриф буюрди. Уй эгаси кутилмаган меҳмонларни кўриб ҳаяжондан кўзларида севинч ёшлари қалқиди.
- Бундан 25 йил аввал туман ҳокими Раҳима Ҳакимова ҳузуримга келиб ҳол - аҳвол сўраган эди, - деди Марям ая. - Шундан буён гўё унутилиб қолгандим. Бугун сиз, ўғлим Шуҳратжон, келиб кўнглимни тоғдек кўтардингиз. Отангизга раҳмат! Эшитаман, сиз халқ орасида. Ер сув билан, одам дуо билан ўсади, улғаяди. Мартабангиз бундан ҳам улуғ бўлсин.
Шуниси диққатга сазоворки, Марям Дўстметова туман бирлашган шифохонасида 50 йилдан кўп меҳнат қилди. Энг муҳими, Хожа Аҳрори Валий, Ўрташиқ, Кўи саҳо, Сафеди ва бошқа маҳаллаларда участка шифокори сифатида эл саломатлиги посбони бўлди. Бугунги кунда унинг шогирдлари туман аҳолисига беминнат хизмат кўрсатишмоқда.
Нилуфар ҚАЮМОВА,
Б. ҚОДИРОВ олган сурат.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.