Ёмғир, сенга ҳавасим келади. Кел, мен билан бирга қол. Дардларингни сойлар бағрига олади. Мени-чи? Нолаларимни эшитадиган фақат сен қолдинг. Туйғуларим дарбадар, юрагим тилка, пора кўз ёшларимни томчиларингга қўшиб юбор.
Сен ҳеч кимга дардимни айтма. Мен гапираман, сен шитир-шитир ёғаверасан. Ёмғир, ғазабга тўлган пайтларинг момоқалдироқ билан олишасан, шундайми? Дунё ташвишларидан бехабарсан. Тиним билмай ёғдинг. Бу билан нима демоқчисан? Баъзида сени тушунишмайди чўллар, сени интиқлик билан кутади, ташрифинг улар учун байрам. Ёмғир, хуноб бўлган пайтларимда мен билан зериксанг, ўрнингни қуёшга бўшатиб бер. Қуёш балки мени тушунар, унга ҳам дардларим оғирлик қилса, осмон қатида яширсин. Орангизда қолса майлику, бировга айтгим йўқ. Булутга ишонма, улар оламга жар солишади. Эзилиб сенга юрагимни тўқдим. Қара, мен йиғлаяпман. Бардошим кучли. Ёмғир, камгина узоқлашиб қолдик. Вақти келиб яна қайтасан. Биласанми, фақат сен билан қолгим келади. Йиғламайман дейману қайдан. Сенга жўр бўлиб бор овозим билан қичқиргим келади. Чунки бировга айтолмайманда. Шунча эзилиб дардимни тўксам ҳам ҳолинг недеб сўрамадинг. Майли, сенга қизиқ бўлмаса, ўзим айтаман. Инсонларнинг бир-бирларини тушунмасликлари, меҳр ришталарининг узилиб бораётгани уй-жой, молу-давлат можароси, айниқса яқин инсонларимнинг мендан узоқда эканликлари буларнинг барчаси менинг армонларимдир. Юпатмоқчи бўлаяпсанми, қўй овора бўлма, барибир кучинг етмайди. (Инсон зотини тушуниш қийин). Келган пайтларингда ўзим сен билан гаплашман, яхши томони шуки, сен сир сақлайоласан. То сен келгунча яқинларимга суянман. Баъзиларига айтиш ҳам шарт эмас, нигоҳимдан уқиб олишади. Уларни хафа қилгим йўқ. Шунинг учун сен бошқачасан. Қачон алам ва ситам бўлмасин, барини ютишга қурбинг етади. Ҳа, ёмғир ошифта дилларга ҳамроҳ бўл, сенинг борлигингдан олам нурга тўлсин. Ажралишлар, тушунмовчиликлар камроқ бўлсин. Кемтик юраклар, ҳамдард, ҳамнафас бўл, ёмғир, учрашгунча!
Ҳидоят УМУРҚУЛОВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.