туман ирригация бўлими бошлиғи
Шароф Отамуродов
Бу йилги табиат қийинчиликлари, айниқса, баҳорнинг серёғин келиши деҳқонларимизга анча машаққатларни келтириб чиқарди. Баъзи экин майдонларида ерни экишга тайёрлашда бир мунча ноқулайликлар бўлган бўлса, айрим экилган экинларга ишлов бериш ишларида ҳам муаммолар бўлди. Лекин бободеҳқонларимиз барча қийинчиликларни мардонавор енгиб, дала деҳқончилик ишларини маромида олиб бормоқдалар. Мана баҳор ҳам ниҳоялаб, ўлкамизга жазирама ёз фасли ҳам кириб келмоқда. Хўш бундан бу ёғига сув таъминоти қандай бўлади. Мухбиримизга туман ирригация бўлими бошлиғи Ш.Отамуродов қуйидагиларни гапириб берди. - Бугунги кунда туманда жами суғориладиган ер майдони 16489 гектар бўлиб, 13604 гектари 630 та фермер хўжаликларига бириктирилган. Шундан ғалла 2810 гектар, сабзавот 2654 гектар, боғ 4246 гектар, узумзорлар 3776 гектар, тут майдонлари 118 гектарни ташкил этади. Шунингдек, 74 та маҳаллаларнинг 2885 гектар томорқаларига ҳам шартнома ва талабнома асосида сув етказиб берамиз. Туманга сув асосан Янги Ургут, Шавдор, Фароч, Хишрав, Сифан ва Қорасув каналлари орқали олиб келинади. Шу билан бирга Ун Эс ДА ташкилотининг 7 та, ички насослардан 42 та ва 80 та қудуқлардан ҳам фойдаланилади. Бунинг учун 574 км ариқ-зовурлар қўл кучи билан, 65 км ариқлар техника ёрдамида тозалаб қўйилган. Қайд этиш лозимки, 2020 йил туманнинг манзилли дастурига асосан 191 гектар ер майдонида сув тежовчи технологиялар жорий қилиниши белгиланган бўлиб, ҳозирги вақтда 376 гектар жумладан, 275 гектар боғ ва 101 гектар токзорларда бу технолгия қўлланилмоқда. Бундан ташқари 2 та кластер ва 5 та фермер хўжаликларнинг 400 гектар экин майдонларини суғориш учун 20 комплект эгувлувчан қувурлар харид қилиниб, 2.318 млн сўм банк кридити маблағи ҳисобидан қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Бир сўз билан айтганда сув-бу ҳаёт демакдир. Сувнинг сероблиги эса ҳосилнинг мўл бўлишига олиб келади. Албатта, бу борада ташкилотимиз томонидан барча зарур чора-тадбирлар белгиланиб, сув таъминотида узилишларга йўл қўйилмайди ва бу йилги баракали ҳосилга ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Суҳбатдош Т.ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.