Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

СУВГА ТАЪЗИМ

Моддий олам яралгач, уни бор қилиб, ҳаёт бахш этиб турадиган яна бир буюк неъмат ҳам яратилганки, бу сувдир. Бу сўз маъноси билан қизиқувчилар уни ҳозиргача турлича шарҳлаб келадилар. Улардан энг асосийси, ҳаётнинг бошланиши ичимлик сувидир. Сув форсчада об, обо, Хизр каби номлар билан юритилади.

Сув-файз, иззат, равнақ, яхшилик ва ғайрат-у тезлик, тиғ ўткирлиги ва ҳаракат манбаидир. Обо-оталар ва боболаримиз. Демак, одамзод ҳам ана шу сув билан ҳаёт экан. Сув инсонни ўзига яқин тутиб шундай дейди:
- «О, инсон! Сен ҳам мендан яралгансан! Сен менинг кўзимсан! Ҳамиша тоза ва пок сақлаб келувчимсан. Зеро, бу ёруғ дунёда инсон зоти яралибдики, мени бутун она-замин бағрига етказган ақлли инсон қўлидир. Сен мен учун қанчадан-қанча каналлар, ариқлар, тўғонлар барпо этиб, йўлимни очдинг. Тақдиримдан розиман.
Шунинг учун сахий Ер ҳам, баҳайбат тоғлар-у минг-минг йиллик чинорлар ҳам, мавжудот-у махлуқотлар ҳам бари-бариси мени қониб ичгандагина ана шундай баркамолликка эришиб келмоқда. Ҳатто тоғларнинг тошини ёриб тириклик дунёсига интиламан. Борган жойим яшнайди. Обод ва кўркам бўлади. Бу менинг илоҳий кучимдир».
Демак, тоза сув ва тоза ҳаво яратиб қўйилган ўн саккиз минг мўъжизавий оламнинг ҳам қони, ҳам жонидир. Инсоннинг узоқ умр қўриши ва соғлом ҳаёт кечиришида сув муҳим омил ҳисобланади. Инсон очликда бир ой яшаши мумкин, аммо сувсиз уч кун ҳам яшай олмайди. Шунинг учун ҳам бебаҳо сувнинг қадрига етайлик. Ундан тежаб-тергаб, исроф қилмасдан фойдаланиш бизнинг виждоний бурчимиздир. Ўтмишда қанчадан-қанча халқ сувсизликдан қийналиб, азоб-уқубатда яшаган. Бир қултум сув кези келганда инсоннинг омон қолиши учун восита бўлган. Ўша пайтда бир қултум сувга зор бўлганлар шундай қўшиқлар тўқиганлар:
Дарғом ғами ўлдиради одамни,
Кўзлар ёши тўлдиради Дарғомни.
Мўғул истилосидан кейин бошқа кўплаб тегишли иншоотлар сингари Равотхўжа тўғонидан ҳам Самарқанд ва унинг атрофларига сув келиши қийинлашди. Чунки мўғуллар тўғонни издан чиқарган эдилар. Натижада кўп кишилар сувсизликдан ўз жойларини ташлаб бошқа сувли манзилларга кўчиб кета бошлашади.
Бухоро амири бу мудҳиш ҳолни сезгач, дарҳол етарли куч тўплаб, тўғонни тиклашга киришади. Бухоро, Жаззах, Ургут, Ўратепа, Панжакентда яшаётган халқни ҳашарга жалб этиб, Равотхўжа тўғонини қайтадан ишга туширишга бош бўлиб, сув чиқаришга муваффақ бўлган.
Қадимги қўлёзмаларда тоғ билан дарё орасидаги бу юрт ҳавоси, табиати фахр билан таъриф этилади. Умуман, Зарафшон дарёсининг икки томонида жойлашган барча шаҳар ва қишлоқлар сувининг ширинлиги, ҳавосининг тозалиги билан кўпчиликнинг эътиборини тортиб келаяпти. Ургутнинг кўпдан-кўп чашма-ю булоқларидан мавж уриб чиқаётган зилол сувларини ҳеч татиб кўрганмисиз? Бу сувнинг 54 фоизи овқатни ҳазм қилиш ҳамда ошқозон, жигар, буйрак ва бошқа ички аъзоларни ювиб тозалаш хусусиятига эгадир.
Шунинг учун ҳам Арабистоннинг машҳур географ ва сайёҳи Абулқосим ибн Ҳавқал (Х аср) Ургут ҳудудида ташриф буюрганда унинг баланд тоғлари, тоза ҳавоси, ширин суви ва мевали боғларини ўз кўзи билан кўрган ва кишиларини ўта меҳмондўстлиги билан машҳурлигини қайд этган. Шунингдек, бу ерга Амир Темур, Бобур Мирзо, Улуғбек каби машҳур ҳукмдорлар ҳам ташриф буюрган. Дам олишган. Аллаёрон тоғи остидан тошларни ёриб чиқаётган сувларига ва ойна булоқларига таҳсинлар айтишган. Бу ўлкада яшаётганларнинг ҳар бири бахтлиларнинг бахтлиси деб юксак баҳо беришган. Амир Темур сафарда бўлганида Бибихоним кўрган тушини Ургутга келиб, Чорчинор булоғига айтиб, ўзини енгил ҳис қилганлигини ким билмайди дейсиз? Мўъжизакор сувнинг қудратидан ҳайратга тушмаган киши бормикан?
Она-заминда яшаётган барча-барчамиз авваламбор ҳаётимиз манбаи бўлган муқаддас сувни кўз қорачиғимиздек асраб, қадрига етайлик. Соғлигимиз ҳам, бойлигимиз ҳам ана шу сув эканлигини унутмайлик.
Сув бор жойда ҳаёт бор, сув етган жой жаннатдир. Ота-боболаримиз қадим-қадимдан ва ҳозир ҳам сувга таъзим қилиб келишган. Биз ҳам сувга таъзим қиламиз.

Ёрқин ЙУЛДОШЕВ,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси


Дата добавления: 03/11/2017 12:08;   Просмотров: 1267
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку