XXI аср олимларининг аниқлашича, сув шунчаки бир кимёвий модда Н2О эмас, балки онгли ва тирик мавжудотдир! Сув ҳар қандай маълумотни хотирасида сақлаб қолиш хусусиятига эга. Жумладан, атроф-муҳит билан ўзаро алоқада бўлиш, нур, фикр, мусиқа ва оддий сўзларга жо бўлган маълумотларни ўзига сингдиради ҳамда ахборотларни сақлайди.
Бутун коинотда бетакрор хосиятларга кўра сув ўрнини босувчи ҳеч қандай модда йўқ. Инсон ҳаёти сув билан боғлиқ. Парвардигор инсонни бир томчи сувдан яратган. Унга вужуду насл-насаб ато этган. Деярли барча жонзотлар сувда туғилади. Тирикликни сувсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Сув том маънода мўъжизавий суюқлик. Сув тупроққа тўласинча сингиб кетмай, ер юзида дарё ва сойлар ҳосил қилиб оқади.
Ер сайёрасида 1 миллиард 350 миллион куб километр сув бор. Бунинг 97 фоизи океанларда бўлиб, қолган 3 фоизи чучук сувлардир. Бир килограмм дон ёки сабзавот етиштириш учун 2 тонна сув керак. Бир одамга озиқ-овқат, ичиши учун йилига 60 т сув талаб этилади. 1 кг гўшт ҳосил қилиш учун 20 т сув зарур... (Наргиз Қосимованинг «Ўзбекистонда сувдан фойдаланиш масалаларининг оммавий ахборот воситаларида ёритилиши» ўқув-амалий қўлланмаси 35-36-бет. Чўлпон нашриёти, Тошкент-2018 йил)
Сув инсон танасидаги зоҳирий кирлар, хасталиклар, салбий таъсирлар - кўз тегиши, суқ, қарғиш, стресс кабиларни ювиб юбориш қудратига молик. Тоза сув танадаги йиғиб қолган хилт ва моддаларни ювиб чиқаради. Инсон танасидаги сувнинг миқдори 5 фоизга камайса, чанқаб, ҳарорати кўтарилади.
Шунинг учун ҳам муқаддас сув неъматини ҳурматлаш керакки, у ҳамма нарсани кўриб, эшитиб, сезиб туради. Сув яхшилик ва ёмонликни сезади. Дуо ўқилган сув ҳам моддий, ҳам маънан таъсирга эга бўлади.
Демак, сув неъматига бўлган эҳтиёжни қондириш учун аҳоли жон бошига овқат тайёрлаш, кир ювиш, чўмилиш, ичиш ва санитар-гигиеник процедураларда 10-50 л сув зарур бўлади.
- Хўш, виртуал сув нима?
- Виртуал сув биз ҳар куни истеъмол қилаётган озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш учун кетган сувнинг ҳажмидир. Масалан, 1 кг буғдой етиштириш учун лалмикор ер бўлмаган ерда 1000 литрга яқин сув сарфланади. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра битта одамнинг виртуал сув истеъмол қилиш ҳажми бир кунда 1 литр куб яшаб қолиш учун, 2,6 куб ва ундан кўпроғини эса кўп гўшт истеъмол қиладиганлар учун ташкил этади.
Албатта, сув танқис мамлакатлар маҳсулотлар, товарларни харид қилишганда, уларни ишлаб чиқарилган мамлакатдан харид қилган мамлакатда виртуал сув ўтади. Бу эса мамлакатдаги сув ресурсларини тежаш имкониятини беради. Глобал даражада бўлса виртуал сувни сотиш геосиёсий аҳамиятга эгадир: у мамлакатларни бир-бирига боғлайди. У ҳамкорлик ва тинчлик асоси ёхуд турли хил зиддиятлар манбаи бўлиши мумкин. Айтиш жоизки, ўртача экспорт қилинадиган маҳсулотлар юзадаги ва ер ости сувларини ички бозорда истеъмол қилинадиганларга нисбатан кўпроқ ифлослантиради.
Дунёда 92 фоиз ишлатиладиган сув ҳажми қишлоқ хўжалигига тўғри келади. Сув кўп истеъмол қиладиган ғалла, шоли ва маккажўхори етиштиришга жаҳондаги чучук сувнинг 27 фоизи, гўшт ишлаб чиқаришга 22%, сутга 7% сарфланади.
Атроф-муҳитни муҳофаза этиш ва барқарор ривожлантириш соҳасида БМТнинг энг муҳим конвенциялари ва бошқа халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш орқали мақсадли миллий ҳаракат режалари ҳаётга татбиқ этилмоқда. Юртимиз ҳудудида ичимлик суви, иқтисодий вазиятни яхшилаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва аҳоли фаровонлиги масалаларини ҳал этиш учун ҳали жуда кўп ишларни амалга ошириш зарур. Бунинг учун қишлоқ хўжалигига сувни иқтисод қиладиган технологияларни яратиш, аҳоли ўртасида сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини шакллантириш учун турли хил тарғибот ишларини олиб бориш лозим.
Марказий Осиёда сув билан боғлиқ вазият анча чигал. Асрлар оша сувни исрофгарчилик билан ишлатиш давом этмоқда. Экин-тикиннинг аксарият қисми ариқ-эгатлар бўйлаб суғорилади. Долзарб муаммони ҳал этиш учун донли экинлар, мева, узум, полиз маҳсулотлари экилмоқда. Натижада 25 йил ичида 13 млрд. кубометргача сув қисқартирилди. Бу масала Ҳаракатлар стратегиясида янада ёрқинроқ кўзда тутилган.
Ҳаммамизга маълумки, қадим замонлардан мамлакатимизда сувга нисбатан табиатнинг энг қимматбаҳо бойлиги сифатида қарашган. Ота-боболаримиз наслларига сувга эҳтиёткор ва тежамкор муносабатда бўлишни сингдирилган. Сувга туфлаш катта гуноҳ саналган. Сувга ахлат ташлаш эса гуноҳи азим ҳисобланган.
Мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишига ичимлик ва суғоришда ишлатиладиган сув танқислиги нафақат қишлоқ хўжалиги, балки бошқа соҳаларнинг ривожланишига салбий таъсир ўтказмоқда.
Туман ҳудудидаги ариқ-зовурлар ҳозирданоқ ковланмаса, экин-тикинни суғориш пайтида сув тошиб кетиш ҳолатлари юз беради. Экинзор ва йўллар бузилади.
Сувдан рационал фойдаланиш, яъни туманимиздаги Илонсой тоғ этагида ташкил этилган олмазордек бошқа жойларда ҳам томчилаб суғориш секин-аста йўлга қўйилишини таклиф этаман.
Сув оқова ва уни тозалаш тизимини стандартга мувофиқ ҳамиша йўлга қўйиш шарт. Афсуски, Гулобод қўрғонининг канализацияси уни тозалаш тизимига уланмаган. Бир кун эмас - бир кун Дарғом канали атрофидан ўпириб чиқиш хавфи йўқ эмас! Ахир бошқа туманлар бу масалани 2018 йилда ҳал этди-ку! (Бизда депутат Даврон Исломовнинг туман сессиясида қилган таклиф-режаси ора йўлда қолиб кетдими?!)
Бундан ташқари, Миришкор МФЙ раиси Гулчеҳра Рўзимуродова раҳбарлигидаги аҳоли Самарқанд шаҳар сувоқова тизимини қайта ишлаш заводи бошлиғи Алишер Азизовнинг кимёвий сувларни қайта тозалатмай, Миришкор кишлоғи ариғига оқизишидан норизо. Зеро бу сассиқ кимёвий сувни халқнинг моллари ичади, томорқалар суғорилади. Яроқсиз сувнинг зиёнларини ким ўйлаб кўриши керак?! Бу муаммоларни ҳал этиш - давр талаби.
Р.НАИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.