Туманимиз азалдан Худо назари тушган замин ҳисобланади. Бунда истиқомат қилаётган ҳар бир инсон ерга сифатли ишлов бериб, уруғ қадайди ва мўл қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун сувдан оқилона фойдаланиб, экинларни суғоради. Натижада етиштирилган сабзавот, боғ ва узум ҳосили дастурхонларимизни безаб, кўзларни эса яйратади. Бунинг учун албатта, сувчиларга офаринлар айтишимиз керак. Негаки, улар ҳар қатра сувни қадрлаб, тежаб экинларга обиҳаёт тарқатишади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 13 мартдаги 82-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида туманда қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда. «Самарқанд» сув истеъмолчилар уюшмаси раҳбарияти ҳамда ҳудудлардаги вакиллар иштирокида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди. Барча фермер хўжаликлари аъзолари, якка тартибдаги аҳолига қуйидагиларга эътибор бериш уқдирилди:
1. Барча суғориладиган майдон бошида сув олиш қулоғи бўлиши.
2. Ариқ-зовурлар тозаланиб турилиши.
3. Сув бориши оғир бўлган ҳудудларга эгилувчи қувурлар тортилиши, томчилатиб суғориш анжомлари бўлиши.
4. Ажратилган сувдан эса оқилона фойдаланиш учун ҳар 50-60 метр оралиқда ўқариқлар олиниши, шарбат усулида суғориш йўлга қўйилиши лозим бўлади.
Агар шу ишлар амалга оширилса экинлар баравж ўсади, ҳосилдорлик эса кўпаяди. Бироқ ўзбошимчалик билан хатоларга йўл қўйганлар, яъни сувдан ўз билганларича фойдаланганларга энг кам иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида жарима солинади.
Туман ҳудудидан оқиб ўтаётган Янги Ургут, Шавдор, Дарғом, Юқори Сиёб, Хишрав, Фарроч каналларга баъзи бир шахслар ахлатларини келтириб ташламоқдалар. Бу Худонинг берган сувига ҳурматсизлик эмас-ми? Находки, халқимиз тоза сувга ахлат оқизиш гуноҳ эканлигини унутиб қўйган бўлса?
Вилоятимиз ҳудудига 98 фоиз сув қўшни Тожикистон Республикасидан Зарафшон дарёси орқали оқиб келади. Шундай экан уни тоза сақлаш, исроф қилмасдан фойдаланишга ҳамма масъул. Инспекциямиз аъзолари тез-тез туман ҳудудларига чиқиб, шуларни аҳолига тушунтириб бермоқдалар. Назорат кучли бўлгани билан аҳоли ҳали ҳам сувга эътиборсизлик билан муносабатда бўлаётганликлари ачинарли ҳолдир.
М.ЮСУПОВ,
вилоят «Сувназорат» инспекцияси инспектори
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.