Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимовнинг Булунғур туманида ўтказган сайёр қабули фуқаролар мурожаатларини эшитиш учун қулай имконият бўлди.
Унда фуқароларнинг муаммолари тегишли ташкилотлар кўмагида атрофлича ўрганилиб, имкон қадар ўз ечимини топгани, вилоят раҳбарининг мурожаатлар катта-кичиклигига қарамасдан эътибор билан тинглаб, қисқа муддатда уларни ижобий ҳал этишга ёки тушунтириб беришга ҳаракат қилгани аҳамиятлидир. Ўрганиш учун қўшимча муддат талаб этилган мурожаатлар эса раҳбарнинг шахсан назоратига олинганлиги ҳам ижобий ҳолат. Сектор раҳбарлари, жойлардаги масъул ходимлар эътиборини ҳудудда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этишга қаратиш, уларда қатъий интизом ва шахсий жавобгарлик ҳиссини кучайтириш бўйича амалий ишларга ўтишимиз керак. Фуқароларда «Ҳар бир оила - тадбиркор» тамойилига интилиб яшаш, шу орқали боқимандачилик кайфиятидан буткул халос бўлиш, турмуш фаровонлиги сари саъй-ҳаракат ва фидойилик кўрсатиш фазилатларини шакллантириш бугунги шиддатли давр талабидир.
Айрим фуқароларнинг ўз манфаатини кўзлаб ноқонуний талаблар билан мурожаат этавериши сабабларини ўрганиш ва аниқ факт-далиллар билан уларнинг ҳақ-ноҳақлигини халқ муҳокамаси ва эшитувига қўйиш ҳамда оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчиликка етказиш амалиётини жорий этиш ҳам катта тарбиявий аҳамиятга эга.
Булунғур туманининг айрим ижтимоий соҳа объектлари вилоят ишчи гуруҳи томонидан ўрганилиб, аниқланган жиддий, кечириб бўлмас камчилик ва хунук манзаралар бизда ҳам йўқ эмас. Уларни бартараф этиш эса мутасадди раҳбарлар ва кенг жамоатчиликнинг долзарб вазифасига айланиши зарур. Хусусан, ижтимоий тармоқларда «Бешкуви» ва «Хўжабачча» МФЙлари, тез тиббий ёрдам бўлимига қарашли «Беруний» шахобчаси, 14-сонли МТМ ва 23-сонли умумтаълим мактаби, «Ипак йўли» ҚВП бинолари ҳамда деҳқон бозорининг аянчли аҳволга келиб қолиши соҳа эгаларининг бепарволиги, ўзибўларчилик кайфиятида ишлаётгани бизни ҳам тегишли хулоса чиқаришга ундайди.
Жойлардаги сектор раҳбарларининг иш ва уяли телефон рақамлари ҳамда телеграмм мессенжери барча маҳалла фуқаролар йиғинлари марказлари ва аҳоли гавжум бўлган жойларда ёзиб қўйилиши кераклиги ҳақидаги вилоят раҳбарининг тавсиялари аҳоли мушкулини осонлаштиради.
Мазкур туманда ўтказилган сайёр қабул жараёни, муаммоларни ечишга бўлган ўзига хос ёндашув ва тезкор руҳни туманимиз амалиётида ҳам қўллаш мақсадга мувофиқдир. Айниқса, оддий фуқаро манфаатини кўзлаб, туман ва вилоят раҳбарлари билан бевосита мулоқот тизими яратилаётганлиги Президентимиз таъкидлаганидек «халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқ учун хизмат қилиши керак» деган ғоянинг ёрқин ифодасидир.
М.НЎЪМОНЖОНОВ,
туман ҳокими ўринбосари
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.