Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

СУДХЎРНИНГ ТАЗАРРУСИ

Эрталаб соат миллари 7 га яқинлашганда Рўзиқул аканинг қўл телефони жиринглаб қолди. «Ким экан бу каллаи саҳарлаб қўнғироқ қилаётган?» дея телефонининг яшил тугмасини босган Рўзиқул ака аёл кишининг овозини эшитиб, бир сесканиб тушди.

- Ассалому алайкум, бу Рўзиқул аками?
- Ҳа, бу мен...
- Мен Раҳима опанинг қизи Лола бўламан. Онам сизни бир кўришни истаяптилар, зарур гаплари бор экан. У киши анчадан бери бетоб бўлиб тўшакда ётибдилар. Илтимос, соат 9 да уйингиз яқинидаги мактаб ёнига келинг.
«Бу аёл ким бўлди экан? Раҳима опа дегани ким бўлди? Унинг менда нима гапи бўлиши мумкин?» деган ўйлар билан соат 9 ларда мактаб ҳовлисига яқинлашган Рўзиқул акани икки нафар башанг кийинган жувон кутиб турарди. Улар телефонда айтилган гапларни яна бир бор такрорлашиб, «Биз Раҳима опанинг қизлари бўламиз» дея ўзларини таништиришди ва бемор оналари бир неча кундан бери у кишининг йўлларига интиқ бўлиб ётганлигини айтишди. Сўнг такси ушлаб Рўзиқул акани олиб кетишди.
Такси шаҳар марказида жойлашган данғиллама уй ёнида тўхтади. Бойвучча қизлар унинг учун ҳам таксига йўлкира тўлашди. Таксидан тушиб, қизлар ортидан дарвозага яқинлашган Рўзиқул ака «кавказ овчаркаси»нинг ваҳимали ҳурганини эшитиб, ҳайрати яна ҳам ошди. Ва ниҳоят мезбонни ҳовли тўридаги данғиллама уйнинг кенг хонасига таклиф этишди. Хона ҳориждан келтирилган энг бежирим мебеллар билан жиҳозланган, «евроремонт» қилинганди. Рўзиқул ака катта диванда инграб ётган аёлни дарров таниди. У ўн икки йил олдин ўғлини Америкага ишга юбориш зарурати юзасидан хотини Насибага катта фоиз ҳисобига доллар берган судхўр аёл эди. Кейин долларнинг «қора бозор»даги курси осмону фалакка кўтарилиб кетиб, улар вақтида қарзни қайтара олишмади. Ўшанда Раҳима шаддодлик қилиб, уйларини тортиб олган ва сотиб юборганди. Рўзиқул аканинг оиласи ноилож бошпанасиз қолганди ўшанда...
- Рўзиқул ака, мени танидингизми? - деди инграган овозда аёл.
- Ҳа, танидим. - деди-ю диван олидаги столчада тилла тақинчоқлар ва долларлар тахланиб турганига кўзи тушди.
- Мен бир пайтлар ноҳақлик қилиб, сизларни уйсиз, бошпанасиз қолдиргандим. - дея яна ингранди Раҳима. - Сизнинг ва Худонинг олдида гуноҳкорман. қолаверса, мана азобини, яъни жазоимни тортаяпман. Мана шу долларлар ва тилла тақинчоқлар сизга, шуларни олинг ва мендан рози бўлинг, Рўзиқул ака.
Рўзиқул ака ўша Америкага кетган ўғлининг кейинчалик ишлари юришиб кетиб, катта маблағ билан қайтгани ва катта бизнесменга айланганини, ота-онасига ҳашаматли уй-жой ва машина олиб берганлигини айтди.
- Ҳозир ўзимизга тўқ ва фаровон яшаяпмиз. Менга сизнинг долларларингиз ҳам, тиллоларингиз ҳам керакмас. - деди-ю Рўзиқул ака эшик томонга бурилиб, чиқиб кета бошлади.
Раҳима опа «Илтимос олинг, мен қилган ишимдан афсусдаман...» дея узуқ-юлуқ гапириб, базўр ингранди. Бу унинг, афсус ва аламларга тўла сўнгги нидоси эди...

Маъмуржон МУҲСИНОВ


Дата добавления: 27/07/2018 14:05;   Просмотров: 1005
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку