Ўзбекистон Республикасининг "Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида" 2019 йил 20 мартдаги ЎРҚ-531-сонли Қонуни жорий йилнинг 21 март кунидан бошлаб қонуний кучга кирди.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (ИПК)га низони суд тартибида кўриш жараёнида медиация институтини жорий этиш бўйича нормалар киритилиб, тарафлар низони медиатив келишувни тузиб ҳал этиши мумкинлиги, бунда медиатив келишув биринчи инстанция судида суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) суд ҳужжатини қабул қилиш учун чиққунига қадар тарафлар томонидан тузилиши мумкинлигига оид нормалар белгиланди.
Бугунги кунда суд муҳокамаларида ошкоралик уни видеоконференцалоқа режимида ўтказиш ҳамда аудио ёки видеоёзувга олиш йўли билан амалга оширилмоқда.
Суд муҳокамаларида очиқлик ва ошкораликни таъминлашдаги кейинги қадам суднинг ҳал қилув қарорларини интернет тармоғида, шу жумладан, Олий суднинг расмий веб-сайтида эълон қилиш ҳисобланади.
Шунинг учун Ўзбекистон Республикаси ИПКга қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини суднинг расмий веб-сайтида тарафларнинг розилиги билан ёки шахси кўрсатилмаган тарзда эълон қилишни, даъво аризаси ҳамда апелляция ва кассация шикоят (протест)лари юзасидан ёзма фикр юборишнинг йигирма кунлик муддатини, барча инстанция судлари томонидан биринчи суд мажлисини ўтказишнинг йигирма кунлик муддатини назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ИПК соддалаштирилган тартибда иш юритиш бўйича алоҳида боб билан тўлдирилиб, даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан - энг кам иш ҳақининг 20 бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан - энг кам иш ҳақининг 5 бараваридан ошмаса, ушбу даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозимлиги белгиланди.
Бугунги кунда иқтисодий судларда ишни кўриш буйруқ тартибида (суд буйруғи) ва умумий тартибда (даъво ариза) амалга оширилмоқда.
Буйруқ тартибида фақат низосиз талаблар, умумий тартибда эса низоли талаблар ҳал қилинади.
Иқтисодий суд ишларини юритиш тизимига соддалаштирилган тартибни киритиш даъво суммаси кам бўлган низолар бўйича ишларни тезкорлик билан кўриб чиқиш ва суд ҳужжати ижросини тезкор таъминлаш имконини беради.
Корпоратив низолар бўйича ишлар, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилмайди.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги иш суд муҳокамаси ўтказилмасдан, тарафлар чақиртирилмасдан ва уларнинг тушунтиришлари эшитилмасдан, даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ошмаган муддатда даъво аризаси юзасидан ёзма фикрни, далилларни ҳамда бошқа ҳужжатларни тақдим этиш учун белгиланган муддат ўтгандан кейин судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилиши назарда тутилган.
Шу билан бирга, мазкур Қонун билан солиқ тўловчи қайд этилган манзилда бўлмаган, шунингдек, солиқ тўловчи томонидан солиқ ҳисоботи ва (ёки) молиявий ҳисобот, камерал назорат натижалари бўйича тафовутларнинг асослари ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи белгиланган муддатда тақдим этилмаган ҳолларда, банклардаги ҳисоб-варақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ваколати солиқ хизмати органларига берилди.
Солиқ кодексида белгиланган давлат божини қайтариш асослари кенгайтирилиб, суднинг ёки ҳакамлик судининг иш юритувида айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш мавжуд бўлса, агар тарафлар ўртасида низони ҳал қилиш учун ҳакамлик судига топшириш тўғрисида ҳакамлик битими тузилган бўлса, агар тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса, ариза кўрмасдан қолдирилган ҳолларда давлат божи тўлиқ ва қисман қайтарилиши кераклиги назарда тутилди.
Хулоса қилиб айтганда, Қонунда назарда тутилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар иқтисодий суд ишлари юритувини такомиллаштиришга хизмат қилади.
К. ТЎХТАЕВ,
Тайлоқ туманлараро иқтисодий суди раиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.