Мамлакатимизда валюта бозорини эркинлаштириш, нақд хорижий валюта муомаласи доирасини тартибга солиш, валюта айрибошлаш операцияларини янада соддалаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Аммо нақд хорижий валюталарни ноқонуний айирбошлашга уринаётган сохта саррофлар айни шу ислоҳотларнинг самарадорлигига путур етказиши мумкин.
Вилоят божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда баъзи "саррофлар" фаолияти фош этилди.
Самарқанд шаҳрида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаролардан бири ўзига тегишли автомашинада 30 минг туркман манатини жами 60 000 000 сўмга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Шунингдек, ушбу фуқаро холислар иштирокида кўрикдан ўтказилганида, кийимлари чўнтагида яна 9800 туркман манати борлиги аниқланган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ғ.САТТОРОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.