ё худ ҳисоботлар муддати кечикмасин
Мамлакатимиз иқтисодиётининг жадал ривожланиши, турмушимиз фаровонлигини таъминлаш кўп жиҳатдан солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўз вақтида тўланиши билан бевосита боғлиқ. Шунингдек, белгиланган ҳисоботларни давлат солиқ хизмати органларига ўз муддатида тақдим этиш солиқ тўловчиларнинг интизомидан далолат беради. Бинобарин Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида ҳам молиявий ва солиқ ҳисоботини тузиш ҳамда уни давлат солиқ хизмати органларига тақдим этиш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ўз вақтида ҳамда тўлиқ миқдорда тўлаш шартлиги белгилаб қўйилган.
Тумани давлат солиқ инспекцияси томонидан солиқ тўловчиларнинг солиқ ва мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаши, ҳисоботларни муддатидан кечиктирмасдан топшириши юзасидан манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу борада хўжалик юритувчи субъектларининг мансабдор шахслари ва масъул ходимлари иштирокида тушунтириш ишлари олиб бориляпти. Албатта, бундан кўзланган асосий мақсад солиқларнинг ўз вақтида тўланишини, ҳисоботларни кечиктирилмай топширилишини таъминлашдан иборат. Негаки, инсофли ва маданиятли солиқ тўловчилар доимий ва ишончли ҳамкоримиздир.
Таассуфки, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлашга, ҳисоботларни белгиланган муддатларда тақдим этишга масъулиятсизлик билан ёндашаётган хўжалик юритувчи субъектлари ҳамон учрамоқда.
Ўтган давр мобайнида туманда солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўламаган 158 та хўжалик юритувчи субъектларнинг мансабдор шахсларига маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, маъмурий ишлар бўйича судга хужжатлар чиқарилган. Суд томонидан чиқарилган қарорларга асосан 92 та ҳолатда хўжалик юритувчи субъектларнинг мансабдор шахсларига нисбатан 36 170 400 сўм маъмурий жарима ҳамда 66 ҳолатда хўжалик юритувчи субъектларнинг мансабдор шахслари огохлантирилган.
Бундан ташқари, туманда солиқ ҳисоботларини белгиланган муддатларда топширмаган 68 та хўжалик юритувчи субъектларнинг мансабдор шахсларига маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб уларга нисбатан маъмурий суднинг қарорига асосан 25 319 280 сўм маъмурий жарима қўлланилган.
Солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бюджетимиз барқарорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутишини унутмаслик лозим. Тўлов интизомига риоя этиш, ҳисоботларни белгиланган муддатлардан кечиктирмасдан тўлаш ҳар бир хўжалик юритувчи субъектнинг мансабдор шахсларининг қатъий бурчига айланмоғи даркор.
Ф.НИЗОМОВ, туман ДСИ "Камерал назорат" бўлими бошлиғи
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.