Мамлакатимизда 2018 йилда солиқ-бюджет сиёсатида амалга оширилган ўзгаришлар солиқ тўловчиларга яратилаётган имкониятлар билан бирга ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асосий пойдеворидир.
Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига 2017 йилнинг 22 декабрда йўллаган Мурожаатномасида солиқ юкини камайтиришга, солиқ маъмурчилиги самарадорлигини оширишга қаратилган талаблари 2018 йилнинг солиқ-бюджет сиёсатини белгилашда Молия вазирлиги тизими олдида асосий вазифалар белгиланди.
Туман молия бўлими туман ҳокимлиги ва солиқ органи билан биргаликда солиқ - бюджет ўзгаришлари бўйича Мурожаатномада белгиланган вазифалар ижросини сўзсиз таъминлаш мақсадида Муҳтарам Президентимиз М.Ш.Мирзиёев томонидан 2017 йил 7 февраль ПФ-4947-сонли "Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида"ги Фармонига асосан белгилаб берилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари доирасида туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш "Йўл харитаси" ишлаб чиқилди.
Мазкур Қонун билан "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Қонун, Бюджет ва Солиқ кодексларига, шу жумладан Солиқ кодексининг 47 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ушбу қонун ҳужжатларига асосан 2018 йил 1 январдан солиқ қонунчилигида фойда солиғи ҳамда ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи бирлаштирилиб, амалдаги солиқ ставкаси камайтирилди. Илгари фойда солиғи ставкаси 7,5 фоиз, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи ставкаси 8,0 фоиз, жами 15,5 фоизни ташкил этган. Яъни, солиқ тўловчиларнинг зиммасига тушадиган солиқ юкини камайтириш мақсадида умумий солиқ ставкаси 1,5 фоизга пасайтирилди ва 15,5 фоиз ўрнига 14 фоиз қилиб белгиланди.
Пенсия жамғармасига, Республика йўл жамғармасига ҳамда Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига мажбурий ажратмалар ягона давлат мақсадли жамғармаларига бирлаштирилди ва умумий солиқ ставкаси 0,3 фоизга пасайтирилди, яъни 3,5 фоиздан 3,2 фоизга туширилди.
Ягона солиқ тўлови бўйича 2017 йилдаги солиқ ставкалари сақлаб қолинди. Шунингдек, тайёрлов ташкилотлари томонидан 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб ягона солиқ тўлови товар айланмаси ҳажмидан келиб чиққан ҳолда 4 фоизли ставкада тўланадиган бўлди.
Мазкур ўзгариш тайёрлов ташкилотлари томонидан ягона солиқ тўловининг ҳисоблаб чиқарилиши тартибини соддалаштириш мақсадида жорий этилди.
Таъкидлаш жоизки, 2017 йилда тайёрлов ташкилотлари учун ягона солиқ тўлови бўйича солиқ солиш объекти – реализация қилинган товарларнинг харид қиймати билан сотиш қиймати ўртасидаги фарқдан, яъни ялпи даромаддан 33 фоиз ставкада солиқ тўланар эди. Эндиликда бир гектардан кўп ер майдони бўлган ягона солиқ тўлови тўловчилари учун барча ер майдонлари ҳажмидан ер солиғини тўлаш жорий этилди. Шу билан бир қаторда, улар учун ягона солиқ тўловини ер солиғидан уч карра кам бўлмаган миқдорда тўлаш тартиби бекор қилинди.
2018 йилда тадбиркорлик фаолияти субъектларига қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда солиққа тортиш базасини кенгайтириш мақсадида қатъий белгиланган солиқ ставкалари фаолият туридан келиб чиққан ҳолда ўртача 30 фоизга пасайтирилди.
Жумладан, туманларда чакана савдо фаолиятини амалга оширувчи тадбиркорлик субъекти энг кам иш ҳақининг 2,5 миқдорида солиқ тўлаши белгиланди. Бундан олдин ушбу тадбиркорлик субъекти энг кам иш ҳақининг 3,0 миқдорида солиқ тўлар эди.
Юк ташиш хизматлари учун автомобилларнинг юк кўтариш тоннасига қараб қатъий белгиланган солиқнинг ставкаси 2017 йилда энг кам иш ҳақининг 2-4 баробар миқдорида белгиланган бўлса, 2018 йилдан 1,5-3,5 баробар қилиб белгиланмоқда, яъни ўртача 30 фоизга камайтирилди.
Юридик шахсларнинг солиқ тўловлари ҳақида сўз борар экан, уларнинг мол-мулк солиғи объекти кескин равишда қисқартирилиб, мол-мулк солиғи фақатгина кўчмас мулк объектларидан ундириладиган бўлди.
2018 йилда жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқларини ҳисоблаш тартибига қатор ўзгартиришлар киритилди.
Шу вақтгача кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи орган, яъни кадастр идоралари томонидан белгиланадиган солиқ солиш объектларининг инвентаризация қиймати тўловчилар учун солиқ солинадиган база ҳисобланар эди. Эндиликда жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ мол-мулкнинг инвентар қийматидан эмас, кадастр қийматидан ҳисобланиши жорий этилиб, 2017 йилдаги 1,7 фоиз ўрнига солиқнинг асосий ставкаси 0,2 фоиз қилиб белгиланди ҳамда солиқ ҳисоблашда кадастр қиймати 42 миллион сўмдан кам бўлмаслиги белгилаб қўйилди.
Агар мол-мулкнинг кадастр қиймати мавжуд бўлмаса, солиқ шартли қийматда ҳисобланиши белгиланди. Жорий йилдан Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказидаги уй учун 210 миллион сўм, бошқа шаҳарларда ва қишлоқ жойларда 90 миллион сўм миқдорида ҳисоблаш тартиби белгиланди.
Бироқ, солиқ юкининг 2018 йилда кескин ошиб кетмаслиги учун кадастр қийматига асосан ҳисобланган солиқ суммаси 2017 йилдаги солиқ суммасига нисбатан 20 фоиздан кўп бўлмаслиги белгиланди.
Мисол учун туманимизда жойлашган ҳовлининг кадастр қиймати 150,0 миллион сўмни ташкил этиб, 2018 йил учун 300,0 минг сўм мол-мулк солиғи ҳисобланиши лозим эди, лекин 2017 йилда ушбу мулк учун ҳисобланган солиқ суммаси 165,5 минг сўм бўлганлиги учун 20 фоиздан кўп бўлмаслиги белгилангани инобатга олиниб, 2018 йил учун солиқ 198.6 минг сўм (150,0*20/100) ҳисобланади.
Жисмоний шахслар даромад солиғининг ўртача ва энг юқори ставкалари 0,5 фоизга камайтирилди. Яъни, энг кам ставка даражаси - 7,5 фоиз, ўртача ставка 0,5 фоизга камайтирилди – 16,5 фоиз, энг юқори ставка ҳам 0,5 фоизга камайтирилди – 22,5 фоиз деб белгиланди. -Ушбу ставкаларнинг камайтирилиши ўртача ва юқори даражадаги даромадларга эга бўлган тўловчилар учун солиқ юкини пасайтириш имконини берди. 2018 йилдан бошлаб шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб варақаларига (ШЖБПҲ) мажбурий бадалларнинг янги ставкаси 2 фоиз деб тасдиқланди.
2017 йилда фуқароларнинг ШЖБПҲга ўтказиладиган ҳар ойлик мажбурий бадаллари жисмоний шахслар даромад солиғи солинадиган даромадларидан 1% миқдорида ҳисоблаб чиқарилар эди. Энди ШЖБПҲга ўтказиладиган ҳар ойлик бадаллар миқдори 2% гача оширилди.
Бунда жисмоний шахслар даромад солиғининг ШЖБПҲга ўтказиладиган маблағлар суммасига камайтирилиши тартиби сақланиб қолинди.
Зеро, Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёенинг мамлакат Олий Мажлисига 2017 йил 22 декабрда йўллаган Мурожаатномасининг якуний қисмида айтганидек, -"Барчамиз бир ҳақиқатни чуқур тушуниб, англаб олишимиз керак: бугун гап халқимиз, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги, жондан азиз болаларимизнинг бахти ва камоли ҳақида бормоқда. Шундай улуғ мақсадлар йўлида барчамиз белимизни маҳкам боғлаб ишлашимиз, бор ақл-заковатимиз, билим ва тажрибамизни, жонажон Ватанимизга фарзандлик меҳримиз ва садоқатимизни сафарбар этишимиз керак. Ўзимиз ўзимизга хиёнат қилмасак, ўзимиз ўзимизни алдамасак, ҳалол-пок бўлиб меҳнат қилсак, мен аминман, кўзлаган барча марраларимизга албатта етамиз», деб таъкидлаганлари бугунимиз ва келажагимизнинг заминидир.
Ш.ВОСЕЕВ,
туман ҳокимлиги молия бўлими мудири
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.