Мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда самарали солиққа тортиш тизими ва давлат солиқ хизмати органларининг уйғунлашган фаолияти алоҳида аҳамият касб этади.
Давлат солиқ хизмати органларининг солиқ назоратининг эскирган услуб ва принципларига асосланган фаолияти солиқ органлари олдига қўйилган солиқ солинадиган базани кенгайтириш ва солиқлар йиғилувчанлигининг оширилишини таъминлаш каби вазифаларни бажариш имконини бермасди.
Бугунги кунда, тизимда ўз ечимини топмаган сезиларли муаммоларни бартараф этиш, самарали солиққа тортиш тизими ва давлат солиқ хизмати органларининг уйғунлашган фаолиятини ўзгартириш ва янгилаш борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 июндаги "Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3802-сон қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси солиқ сиёсатини такомиллаштиришнинг асосий йўналишларини ва 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси солиқ маъмуриятчилиги тизимини такомиллаштиришнинг энг муҳим йўналишлари белгилаб берилди.
Қарор билан солиқ органларини солиқ тўловчиларнинг бизнес-ҳамкори ва маслаҳатчиси сифатидаги янги имиджини яратиш орқали хизмат кўрсатишга йўналтирилган идорага айлантириш, ҳар бир ходим "Солиқ хизмати - инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори" деган мақсадли вазифани сўзсиз бажариши таъкидланди.
Бундан ташқари, 2019 йил 1 январдан давлат солиқ хизмати органлари хизмат кўрсатиш, савдо ва умумий овқатланиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари учун ягона солиқ тўловини, ягона ер солиғини, юридик шахслардан ер солиғини, шунингдек, банк айланмалари ҳақидаги маълумотлар ва бошқа ташқи манбалар асосида декларация қилинадиган даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаш тарзида солиқ тўловчиларга сервис хизматлари кўрсатади ҳамда ҳисобланган солиқлар суммаси ҳақида солиқ тўловчининг "шахсий кабинети" орқали хабарнома юбориши белгилаб берилган.
Мазкур қарорда давлат солиқ хизмати органлари фаолияти самарадорлигини баҳолашда асосий мезонлар белгиланди:
Шунингдек Қарор билан Давлат солиқ хизмати органларига қуйидаги ҳуқуқлар берилди:
· солиқ тўловчи қайд этилган манзилда бўлмаган, шунингдек, солиқ тўловчи томонидан солиқ ёки молиявий ҳисобот, камерал назорат натижалари юзасидан тафовутларнинг асослари ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи белгиланган муддатда тақдим этилмаган ҳолларда солиқ тўловчи-юридик шахсларнинг банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш;
· давлат улушлари бўйича дивидендларни ва давлат унитар корхоналарининг соф фойдасидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ажратмаларни ундириш;
· солиқ тўловчи томонидан тақдим этиладиган ахборотнинг ишончлилигини ҳамда солиқ тўловчининг ҳисоботларида акс эттирилган солиқ ва божхона имтиёзларини қўллашнинг қонунийлигини тасдиқлаш учун камерал назорат натижаси бўйича жойига чиққан ҳолда мавзуга оид ва экспресс-ўрганишларни амалга ошириш;
· юзага келган солиқ қарздорлигини солиқ тўловчи-жисмоний шахсларнинг пластик карталарига хизмат кўрсатувчи банк ҳисобварақларидан ойига энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдоридан кўп бўлмаган суммада сўзсиз ҳисобдан чиқариш.
Солиқ тўловларининг ўз вақтида ва бир хилдаги тушумини таъминлаш, маъмурий тартиб-таомилларни максимал даражада камайтириш ва соддалаштириш, солиқ солинадиган базани кенгайтириш ва иқтисодиётда хуфиёна айланмаларни қисқартириш ҳисобига бюджетларнинг даромад қисмини барқарор шакллантириш ҳам қарорда давлат солиқ хизматининг йўналишларидан бири қилиб белгиланган бўлиб, бугунги кунда туман Давлат солиқ инспекцияси ходимлари мазкур қарор ижросини таъминлаш ва солиқ тўловчиларга бевосита солиқ ҳисоботларини тузиш ва солиқ қонунчилигига доир масалалар юзасидан профилактик тадбирлар яъни семинар йиғилиш ўтказиш,оммавий ахборот воситалари орқали тушунтиришлар бериш ва солиқ тўловчиларнинг мурожаатлари асосида уларга асосланган тушунтиришлар бериш борасидаги ишларни давом эттирмоқдалар.
Бугунги кунда асосий вазифалардан бири асосан, солиқ маъмуриятчилигида коррупциявий муҳит ва ходимлар коррупциялашувига олиб келаётган сезиларли шарт-шароитларни тугатиш ҳисобланади.
С.НарзиҚулов,
туман Давлат солиқ инспекцияси бўлим бошлиғи
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.