Сўнгги йилларда ҳукуматимиз томонидан қишлоқ хўжалигининг сердаромад соҳаларидан бўлган мева-сабзавотчилик ва узумчиликка катта эътибор қаратилмоқда. Чунки, мева-сабзавот ва узум маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиши нафақат аҳолини ҳўл мевага бўлган талабини қондириш, балки қайта ишлаш корхоналарининг хомашё ресурсини ошишига ҳамда экспортбоп маҳсулотларнинг кўпайишига ҳам имконият яратади.
Яқинда туманда «Ўзвиносаноат-холдинг» АЖ «Ўзбекистон узумчилар ва виночилар» уюшмаси томонидан ташкил этилган «Токзорлар самарадорлигини ошириш, янги токзорлар барпо этиш, эскиларини реконструкция қилиш, озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириш мақсадида боғ-токзорлар қатор ораларида мавсумий ва такрорий экин сифатида сабзавот, полиз, картошка ва бошқа экинлар етиштириш ҳамда экспортга йўналтириш» мавзусидаги ҳудудий семинарда ана шулар хусусида сўз юритилди. Унда вилоятимизнинг Ургут, Тойлоқ, Жомбой, Булунғур, Самарқанд туманларидан келган соҳа билан шуғулланувчи 250 нафар фермер қатнашди. Дастлаб иштирокчиларга туман ҳокими Ш.Жамолов бу борада туманда амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берди. Сўнгра улар тумандаги «Аъзам-Азамат-агро» кўп тармоқли фермер хўжалигида бўлишиб, ток ва боғ майдонларида ўтказилган агротехник тадбирлар ва асосий майдонга экилган сабзавот экинлари билан танишишди. Шунингдек, «Шодимурод» базмгоҳида ташкил этилган ток кўчатлари, минерал ўғитлар, кимёвий препаратлар, уруғлар кўргазма-савдо ярмаркасини кўздан кечиришди ва уларга ташкилотчилар томонидан узумчиликка оид тавсиянома ва китобчалар тарқатилди.
Шундан сўнг, Академик М.Мирзаев номли илмий-тадқиқот институти Самарқанд филиали мутахассиси Ж.Аҳмеджоновнинг токзорлардаги агротехник тадбирлар, илғор агротехнологиялар, янги токзорлар барпо этиш ва эскиларини реконструкциялашга доир илмий-амалий тавсиялари тингланди. Токларда учрайдиган касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш, уларнинг олдини олиш борасида «Ифода» компанияси, «Асака банк» томонидан узумчиликни ривожлантиришга кредит маблағларини ажратиш тартиби хусусида «Асака банк»нинг вилоят бўлими вакиллари чиқиш қилдилар. Токзорларда ишлатиладиган ихтисослашган қишлоқ хўжалик техникалари таъминоти тўғрисида «Ўзагролизинг» АЖ вилоят бошқармаси ҳамда Агротехсистем «Чимган» трактор заводи вакиллари презентациялари намойиш этилди. Фермерлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоб олди.
Тадбирда «Ўзбекистон узумчилар ва виночилар» уюшмаси раиси А.Худойбердиев, вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари К.Қурбоновлар иштирок этишди ва сўзга чиқишди.
Тошпўлат ЮСУПОВ,
Суратда тадбирдан лавҳа акс этган.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.