Апрель ойи охирларида Бухоро вилоятидаги кучли шамол ва довул, май ойининг бошларида Сирдарёдаги сув офатлари халқимизни синовлардан ўтказганига амин бўласан киши.Кутилмаган офат, сув тошқини кўпчиликни ўйлантириб, ташвишга солгани ҳам рост. Уйи-жойи зарар кўрган, мол-мулкидан ажралган кишилар бошида давлатимиз раҳбари муҳтарам Шавкат Мирзиёев ғамхўрлик қилиб, барча қурилиш, тиклаш ишларини зиммаларига олдилар.Ўзлари Бухорога бордилар, Сирдарёга уч-тўрт марта бордилар, воқеани ўз кўзларим билан кўрайин, халқнинг дардини тинглайин деб бордилар. Халқ вакиллари билан юзма-юз учрашиб, дилдан суҳбатлашди. Жабр кўрган аҳолининг кўнглини кўтарди, уйларингизни, ҳовли-жойингизни ўзимиз қайтадан қуриб, чиройли ҳовлилар бунёд этамиз. Йўқотиш бўлмайди, ҳамма нарса изига тушади. Ҳаётларингиз бундан-да зиёда фаровон бўлади, деб оналар, аёллар, қарияларнинг кўнглини тоғдек кўтарди. Бу туманлар келгусида янада обод, янада фаровон бўлади, кўркам бўлади деб қатъий ишонч билдирдилар.
Бухоронинг Қоракўл, Олот, Ромитан туманларидаги, Сирдарёнинг Сардоба, Мирзаобод, Оқолтин туманларида талофатдан кейинги кенг кўламли қурилиш, ободонлаштириш ишларида минг-минглаб кишилар иштирок этмоқда.Мудофаа вазирлиги, фавқулодда вазиятлар вазирлиги отрядлари, махсус машиналари маҳаллаларни лойқадан тозаламоқда. Қурилиш ишлари кўлами кенгаймоқда -замонавий уйлар,йўллар ва йўлаклар, мактаб ва боғчалар, савдо ва хизмат кўрсатиш мажзмуалари барпо этилаётганини, аҳоли учун янги иш ўринлари яратилаётганини, одамлар кайфияти, юзи кўзидаги шижоат, ҳаётдан розилик аломатларини телевизордан кўриб, халқимизнинг бирдамлиги, оғир кунларда бир бирини қўллаб кўмак бераётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Ҳар иккала вилоятга бутун республика вилоятлари ва туманларидан ёрдам кўрсатилмоқда. Озиқ-овқат маҳсулотлари, бошқа зарурий нарсалар етказиб берилаётгани Ўзбекистон халқининг меҳр-муруввати, оғир кунлардаги мадади дейиш, бундай якдилликдан бошқаларнинг ибрат олаётгани кўнгилни қувончга тўлдиради.
Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигида вилоятнинг шаҳар ва туманлари Сирдарёда жабрланганларга кўмак бериш мақсадида фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари, махсус транспорт воситалари билан ёрдам кўрсатмоқда. Қурувчилар икки Сардобадаги маҳаллада янги коттеж уйлар, кўп қаватли уйлар, маданий-маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қуриб беришни зиммаларига олганлар. Эркинжон Турдимов Сирдарёда меҳнат қилаётган самарқандлик қурувчилардан хабар олиб, зарур нарсалар билан таъминланишини назорат қилмоқда.
Бу эзгу ишларда туманимиз қурувчилари, бошқа касб эгалари ҳам Сирдарёга мадад қўлларини чўзиб, қурилиш ва қайта тикланиш ишларида баҳоли қудрат иштирок этишмоқда. Туман ҳокимлиги томонидан даставвал озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, кўрпа-ёстиқ ва бошқа зарурий ашёлар юборилди.
Инсон онгу тафаккури доимо уйғоқ, ҳушёр бўлмоғи лозимки, эртага нима бўлишини ёлғиз Яратган эгамдан бошқа ҳеч бир инсон билмайди. Ҳар нарсага тайёр турмоқ лозимдур.Шулар ҳақида ўйлаб мушоҳада қиларканман, хаёлимдан бир нарса ўтади.Бугун юртимизни оғир ташвишга қўйган коронавирус пандемияси, шамол ва сув офатлари фуқаролар ҳаётига хавф солиш билан бирга давлат бошқаруви самарадорлиги ҳамда жамиятимизнинг етуклигини жиддий синовдан ўтказмоқда. Мураккаб вазиятда мамлакатимизда рўй берган офатлар оқибатларини бартараф этиш бўйича тезкор ва тўғри қарорлар қабул қилиниши, кенг қамровли ишлар катта уюшқоқлик билан ташкил этилиши давлатимиз раҳбари бошчилигида самарали бошқарув тизими шаклланаётганини кўрсатмоқда. Бу оқилона ишларни, катта ишларни халқимиз кўриб ҳис қилиб турибди, қалби таскин топиб, кўзлари қувониб эзгу ишларни юракдан қабул қилаётир.Президентимизнинг халқимизнинг саломатлиги, тинчлигини ўйлаб, азму шижаот билан қилаётган хизмати, ғамхўрлиги замирида инсон манфаатини улуғлашдек олижаноб фазилатлар ётибди. Бу фазилатлар ҳаммамизга ибрат сабоғи бўлади, деб ўйлайман.
Алишер ИСЛОМОВ,
туман кенгаши депутати
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.