Бугун мустақил диёримизда ишбилармонлик, тадбиркорлик ҳаракатига кенг йўл очилиб, тадбиркорлик субъектлари фаолияти учун барча шарт-шароитлар, жумладан, ҳукуматимиз томонидан қатор имконият ва имтиёзлар яратиб қўйилган. Ана шулардан унумли, оқилона фойдаланётган, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшаётган юртдошларимиз сони тобора ортиб бораётгани қувонарли ҳол албатта. Худди шундай инсонлардан бири, туманимиздаги кўп тармоқли “Истиқлол шуъласи” фермер хўжалиги раҳбари, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Бахтиёр Одиловдир.
Табиатан ўта босиқ, камсуқум, камтарин инсон бўлса-да, Бахтиёржон корчаллонликда уддабурон, ишнинг кўзини биладиган шижоатли тадбиркор сифатида танилиб, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, халқ истеъмоли товарларини ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш йўлида самарали меҳнат қилиб келмоқда. 2002 йилда ташкил этилган мазкур фермер хўжалиги бугунги кунда деҳқончилик маҳсулотлари етиштиришдан ташқари, 1000 тонна сиғимга эга қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган музлатгич, шифер ишлаб чиқарадиган 2 та кичик цех, замонавий кушхона ҳамда 2 турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхоналарига эга кўп тармоқли фермер хўжалигига айланган. 2016 йилда хўжаликнинг жами даромади 9652,9 млн сўмни ташкил этиб, шундан 355,8 млн сўм соф фойда қилинди. 60 нафар ишчиларнинг ўртача ойлик маошлари 1-1,2 млн сўмдан тушаяпти.
Айтиш жоизки, фермер хўжалиги негизида таъсисчи Б.Одилов ташаббуси билан ташкил этилган “Темир жиҳоз Сервис” МЧЖда 2014-2016 йилларга мўлжалланган бизнес-режага асосан ўтган йил февраль ойида Хитой Халқ Республикасидан электр энергиясини 40 фоизгача тежайдиган технологиялар олиб келиниб ўрнатишди ва арматура ишлаб чиқариш цехи ишга туширилди. Натижада 140 яқин янги иш ўринлари барпо этилди. Йил якуни бўйича 1125,2 тонна темир арматуралар ишлаб чиқарилиб, 4 млрд 183 млн сўмга сотилди. Бундан ташқари Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 14 апрелдаги “Республика ҳудудларида чорва молларини автоматизациялаштирилган равишда сўйиш ва терига бирламчи ишлов бериш бўйича “мини-комплекслар”ни ташкил этиш юзасидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар тўғрисида”ги 30-сон йиғилиши баёни ижросини таъминлаш учун Конигил мавзесида “Самарқанд Сифат Гўшт савдо” МЧЖ ташкил этилиб, 8 соатда 150 бош қора мол ва 300 бош қўйларни сўйишга мўлжалланган замонавий кушхона (қассобхона) қурилди ва Туркия давлатидан керакли ускуналар келтирилиб ўрнатилди. Бу ерда ҳам 40 та янги иш ўринлари яратилади.
– Жорий йилнинг 14-15 апрель кунлари муҳтарам Юртбошимизнинг вилоятимизга ташрифи чоғларида биз, тадбиркорларга берган кўрсатма ва тавсияларига биноан истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш борасида фермер хўжаликимиз негизида йиллик қуввати 1000000 тонна цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган завод қурияпмиз, – дейди Б.Одилов. – Бу дегани яна 233 та янги иш ўринлари очилади. Шунингдек, 2018 йилда яна 600 тонна қишлоқ хўжлик маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган вакуумли музлатгич биноси қурилиб, қўшимча 20 та янги иш ўринлари ташкил этилади.
Ҳе, офарин! Мана, сизга замонавий фермернинг иш услуби. Дарвоқе, тадбиркор Бахтиёр Одиловнинг яқинда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ташаббус-2017” кўрик-танловининг республика босқичида “Энг яхши фермер” йўналишида фахрли иккинчи ўринни эгаллаганлиги бежизга эмаслигига ўзингиз амин бўлгандирсиз. Ҳа, мустақиллик неъматидан баҳра олган “Истиқлол шуъласи”дан таралаётган ёғду келажагимиз йўлларини чароғон этиши тайин.
Тошпўлат ЮСУПОВ,
газета мухбири
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.