Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҚЎШНИМ ҚИЗ УЗАТДИ

Қўшним қиз узатди. "Хўш нима бўпти?"демоқчимисиз? Йўқ, озгина шошилманг,сиз аввал бу тўйнинг таърифини эшитинг!

Бу тўй ҳар қандай инсон мулоҳаза қилиб, ўрганса арзигулик бўлди. Ихчам, мазмунли ва ибратли. Шу боис унинг таассуротларини сиз билан баҳам кўришга ошиқдим.
Аввало, икки ёшнинг одоби ҳақида сўзлайин. Фарзанд ўстирган ҳар бир ота-она у улғайгани сайин юрагида ширин ҳаяжон билан яшайди. Унинг қўни-қўшни олдида ўз одоби билан ҳурмат қозонишини, уялтириб қўймаслигини истайди. Айниқса, қизлари улғайганидан сўнг тўғри юриб-тўғри туришини тилаб ором билмайди. Қиз боланинг шаъни жуда нозик. Қўшним бу жиҳатдан ҳам иқболи баланд экан. Қизлари улар истаганидек иболи-ҳаёли бўлиб улғайди. Ҳатто, тўй арафасида ҳам унинг куёв билан бошлашиб, юрганини ҳеч ким кўрмади. Унаштирув, никоҳ олди маросимлари барчаси биров билиб биров билмаган ҳолда кечди.
Тўй эса жуда чиройли ўтди. Куёвнавкарлар ўтирган машиналар кўча-куйни шовқинга тўлдириб ҳеч кимни нотинч қилмади. Ўзига ортиқча оро бермасдан, сипогина юрадиган қизимиз келинлик либосида чинаккам соҳибжамолга айланди. Куёв йигит ва унинг дўстлари ҳам барча ўзбекона удумларни одоб билан адо этишди.
Яқин қариндош ва қўни-қўшнилар иштирокидаги тадбир билан келин-куёвни кузатдик.
Куёв томондаги тўй базми ҳам рисоладагидек кечди. Меҳмонлар сони, дастурхондаги ноз-неъматлар ҳам меъёрида. Ортиқча шовқин-сўрон ўрнига яхши тилаклар, қуда-андаларнинг бир-бирига кўрсатган ҳурмати ва илтифоти базмга алоҳида файз бағишлади. Узоқ чўзилган рақслар-у маст-аласт "меҳмон"ларнинг бир- бирини судраб, ҳамманинг таъбини хира қиладиган инжиқликларидан ҳеч кимнинг дили оғримади, тўй соҳиблари ташвишга тушмади.
Икки соат давом этган тадбирдан хуш кайфият билан қайтар эканмиз, ҳамроҳларимиздан кимнингдир дилида, бошқасининг эса тилида "Мана шундай чиройли тўй қилса бўлар экан-ку!"- деган сўзлар такрорланди.
Албатта, тўйларимизни шундай тартибли ўтказиш, ҳар томонлама фойдали! Баъзи тўйларда меъёридан ошириб қилинган ташвишлар боис, тўй соҳиб-у соҳибалари шу қадар толиқишадики, ҳатто тўйнинг қандай ўтгани, ким келиб ким кетганини ҳам билишмайди. Бир кунда ўтадиган тўй учун борини сарфлаб, кейин йиллар давомида қарз тўлайдиган кишилар ҳам кўп. Тўйларнинг ихчам ва меъёрида ўтиши нафақат қуда-анда бўлаётган икки оила, балки яқин қариндошлар, куёвжўраларни ҳам ортиқча сарф-харажатлардан асрайди. Ортиқча дабдабалар учун сарфланадиган маблағ эса ёш оиланинг керакли эҳтиёжлари учун сарфлангани яхши эмасми?

Муқаддам ҲАЙИТОВА


Дата добавления: 12/12/2019 15:29;   Просмотров: 819
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку