Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҚЎШНИЧИЛИК ОДОБИ

Қўшнилар - оила истиқомат қиладиган хонадонга туташ бўлган хонадонда яшовчи оилаларнинг аъзоларидир. Қўшничилик азалдан бизга урф-одат бўлиб келмоқда. Қўшнинг тинч - сен тинч, деган нақл бор. Қўшни билан яхши муомалада бўлсангиз, тинч-тотув яшайсиз. Қўшни бу сизнинг қувватингиз. Тўй-маъракада биринчи ёрдамчингиз. Қариндошингиз келгунга қадар қўшнингиз ишингизни, ташвишингизни осонлаштиради. Садақа қилмоқчи бўлсангиз, уни аввал ўзингиздан бошланг, кейин ота-онангизни, хотинингизни, бола-чақаларингизни, қариндошларингизни, сўнгра қўшнингизни рози қилишингиз шарт. Чунки оилада тайёрланадиган таомда ҳамсоянинг ҳаққи бор, деган тамойил азалдан маълум.

Ёшлигимизда қўшнининг ҳовлиси билан ҳовлимиз орасида кичкина эшик бор эди. Овқат пиширсак, опам қўшнимизга шу эшикдан овқат берар эдилар. Ҳозирги пайтда бундай урф-одат эсдан чиқиб кетди. Менимча қўшнилар ўртасидаги меҳр-оқибат илгаригидек эмас. Аввалари қўшнилар билан ака-ука, опа - сингилдек ўйнаб юрар эдик. Ҳозир бундай яқинлик йўқ. Бир куни қўшнилардан бири мен билан маслаҳат қилишга келди. Қўшнимни дарров уйга таклиф қилдим ва мақсадини сўрадим. У киши шундай деди: Охирги пайтларда ўзимни жуда ёмон ҳис қиляпман, ҳар куни худди касалдек юраман. Духтурларга бордим, асабингиз чарчаган деб, анчагина дори ёзиб беришрди. Уларни қўллашдан олдин сиз билан маслаҳат қилай дедим. Шунга сиз нима дейсиз?
Дорилар ёзилган варақни кўрдим, асабни тинчлантирувчи дорилар ёзилган экан. Ташхисга мос дорилар тавсия этилган, лекин яна сиқилиб юрсангиз бу дорилар сизга ёрдам бермайди. Сиз нимадан сиқиляпсиз, шуни менга тушунтириб беринг, дедим. Шунда у қўшнисидан шикоят қилди:
- Қўшнимни кўрсам асабим бузилади. Менга нисбатан унинг муносабати яхши эмасдек. Шунинг учун уни учратганда ўзимни ноқулай ҳис қиламан.
Шунда мен унга қуйидаги маслаҳатни бердим:
- Ўша қўшнингиз билан муносабатингизни яхшиланг. Уйингизга меҳмон келганда уни таклиф этинг. Бугун эса унинг уйига бориб, саломлашинг ва кечки овқатга уйингизга таклиф қилинг. Умуман, ўша одам билан дўст тутинишга ҳаракат қилинг. Шундай қилсангиз, асабийлик ҳам барҳам топади ва касалликдан ҳам қутиласиз. Шундай қилинг, кейин менга раҳмат дейсиз.
Орадан анча вақт ўтди. Қўшнимни учратганимда у жуда хурсанд эди. Қўшниси билан дўст бўлибди.
Гапнинг хулосаси шуки, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ҳадисларида шундай марҳамат қиладилар. Аллоҳ икки кишига қиёмат кунида раҳмат назари билан қарамайди: "Қариндошликни узган одамга ва қўшнисига ёмонлик қилувчига". Яратган эгам қариндошларга яхшилик қилганларни, хушхулқилик ва яхши қўшничиликда бўлганларнинг умрларини узоқ, хонадонларини обод этади. Кимки Аллоҳга ва охират кунига ишонса, қўшнисига яхшилик қилсин.

Хожи Қамар МУАЗЗАМОВ


Дата добавления: 20/02/2020 14:24;   Просмотров: 723
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку