ёхуд ижро ҳокимияти мутасаддилари учун бу йил синов ва масъулият йили бўлади
Ушбу савол жавобини аниқлаш, узоқ қишлоқ ва маҳаллалар аҳволини жойида ўрганиш мақсадида Ширинобод (аввалги Навобод) маҳалла фуқаролар йиғинида навбатдаги оммавий сайёр қабул ўтказилди. Унда туман ҳокими, сектор раҳбарлари, Халқ қабулхонаси, барча ижро идоралари мутасаддилари ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди. Туман ҳокими Н.Мавлонов қабул маросимини қисқа кириш сўзи билан очиб, жумладан шундай деди:
- Ўтган ҳафта биз учун ёшлар ва аҳоли билан учрашув ҳамда сайёр қабулларга бой бўлди. Туманимизга ташриф буюрган вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шавкат Рахмонов томонидан ўтказилган қабул ҳам кўп масалалар ечимига ойдинлик киритди. "Миронқул қурилиш сервис" МЧЖда Меҳробод, Паррандачилик, Янгиариқ ва Миронқул маҳаллалари ёшлари билан ўтган учрашувимиз мазкур замонавий корхонадаги шарт-шароитлар, ишлаб чиқариш жараёнлари, ишчиларнинг аъло кайфиятини кузатишга уланиб кетди. 2019 йилда қарийб 13 млн долларлик, бу йил шу кунга қадар 1,3 млн доллар ҳажмида қурилиш материаллари экспорт қилингани, Россия ва Корея билан алоқа-ҳамкорлик ришталари мустаҳкамланаётгани, ишчиларнинг 1,5 млндан то 4-5 млн сўмгача маош олаётгани тадбир иштирокчиларини бефарқ қолдирмади. Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда бир қатор ёшларнинг талаб-истаклари, муаммоли масалалари эшитилиб, қисқа муддатда ижобий ҳал этиладиган бўлди. "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури, имтиёзли кредитлар бериш тартиб-қоидалари ҳамда ватанпарварлик туйғуси ҳақида тушунтириш берилди. Корхона раҳбари Содиқ Ҳайдаров, технолог Фирдавс Хуррамовга мана шундай амалий ҳамкорлик учун ташаккур билдирди.
- Ўтган ҳафта мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим воқеа юз берганлиги билан алоҳида аҳамиятга эга, - давом этди сўзини ҳоким. - Яъни 24 январдаги муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга, бутун халқимизга мурожаатномаси ўзининг мазмун-моҳияти, долзарб вазифалар, чуқур таҳлиллар қамрови билан ҳар бир ватандошимиз қалбини тўлқинлантириб юборди. Албатта, Мурожаатномани бир марта эшитиш кифоя қилмайди, унда қўйилган вазифаларни бажариш эса барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарз. Ундаги янги тушунча, иборалар, асосли танқидий-таҳлилий мулоҳазалар, узоқни кўзлаб белгиланган вазифалар оддий фуқародан тортиб, турли мансабдор кишиларни хулоса қилиш, ижобий томонга ўзгариш, ўзгартиришга ундайди.
Мана шундай баланд руҳ ва ишчан кайфиятда бошланган қабул жараёнида 23 нафар фуқаро 30 га яқин муаммоли мурожаати билан иштирок этди. Мурожаатчиларнинг 10 нафари Ширинобод маҳалласидан бўлиб, уларни қийнаётган муаммолар ҳам бошқа ҳудудлардагидек табиий газ, йўл, электр энергияси, доимий ишга алоқадор эканлиги аниқланди. Ҳудуддаги 50-умумтаълим мактабида таълим-тарбия сифати, атроф-муҳит тозалиги, ободончилик ишлари эътибордан четда қолмади. 16 нафар битирувчидан атиги 1 нафар ўқувчи олий таълим даргоҳига қабул қилингани ачинарли ҳолдир. Туман миқёсида бу кўрсатгич 1148 нафардан 187 нафарни ташкил этмоқда. Қишлоқнинг ички йўллари таъмирталаб, арзон уй-жойга эҳтиёжманд оилалар жамоат транспорти хизматидан норозилик билдирганлар кўпчиликни ташкил этди. Гулчеҳра Зоҳидованинг 2-гуруҳ ногирони ўз ҳовлисида уй-жой қуриш учун амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати, ажрим ёқасида турган ёш оила бекаси С.Ёрматованинг қайнона ва турмуш ўртоғи билан тинч-тотув яшашини таъминлаш ҳақидаги истаги ижрога қаратилди. Фарҳод Неъматовнинг табиий газ билан таъминлаш, Шоди Каримовнинг қишлоқ хўжалиги ҳисобидаги сувли ерда тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ҳақидаги талаби ҳуқуқий тушунтириш орқали рад этилди. Қабулда шунингдек, Ўзбекистон, Хожа Аҳрор Вали, Туркман, Чордара, Қозиқўрғон, Қайнама, Илонсой, Шалғамон, Қавчинон, Гулобод, Жўйисой, Шўрбойи, Қўлба маҳаллалари вакилларининг арз-муддаолари эшитилиб, ижроси назоратга олинди. Шу куни ҳоким бошчилигида ишчи гуруҳ "Зайниддинов Файзулло Луттфулло" фермер хўжалиги (раиси Ф.Зайниддинов) далаларини кезиб, содир этилаётган айрим ноқонуний хатти-ҳаракатлар сабаларини ўрганиш ва қонуний хулоса тақдим этишни топширди.
Н.КАРИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.