Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҚЎШИҚЧИНИНГ ЛИЦЕНЗИЯСИ БЎЛСИН

Мустақиллик йилларида республикамизда замонавий миллий эстрада санъатини янада ривожлантириш, эстрада ижрочиларининг профессионал маҳоратини ошириш ҳамда иқтидорли ёш хонандаларни кашф этиш учун барча зарур шарт-шароитлар ва имкониятлар яратилди. Эстрада ижрочиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, бадиий жиҳатдан юксак мусиқа асарларини кенг тарғиб қилиш таъминланиб келинмокда.

«Фаолиятининг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги ҳамда «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-туомиллари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ, миллий мусиқа санъатини янада ривожлантириш, ушбу соҳага эътиборни қаратиш, бадиий жиҳатдан юксак асарларни тарғиб қилиш, лицензия талаблари ва шартларини кучайтириш орқали маданий-томоша тадбирларини ташкил қилиш ва ўтказишни тизимли равишда тартибга солиш, лицензия талабгорларига қўйиладиган мезонларни ва малака талабларини такомиллаштириш, шунингдек, лицензиатларнинг аҳолига маданий хизмат кўрсатиши бўйича ҳуқуқлари ва мажбуриятларини аниқлаштириш мақсадида ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ 2015 ЙИЛ 9 ДЕКАБРДА "КОНЦЕРТ-ТОМОША ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА"ГИ ҚАРОРИ ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН. Мазкур Қарорнинг 1-иловасига мувофиқ концерт-томоша фаолиятини амалга оширишдаги лицензия талаблари ва шартлари қуйидагилар ҳисобланади:
концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш соҳасидаги қонун ҳужжатларига мажбурий риоя қилиш;
ижрочиларнинг Низом билан белгиланадиган рейтинг гуруҳларидан бири мезонлар ва малака талабларига мувофиқлиги;
лицензиатлар томонидан аҳолига концерт-томоша хизматларини қатъий равишда Низомнинг 2-иловасида кўрсатилган аҳолига концерт-томоша хизматлари кўрсатиш ҳуқуқи бўйича амалга ошириш;
концерт-томоша тадбирларида, тўйлар ва бошқа тантаналарда артистнинг одоб-ахлоқ қоидаларига, саҳна маданияти ва ташқи кўриниш маданиятига зид бўлган хатти-ҳаракатлар қилишини ҳамда маънавиятга салбий таъсир кўрсатувчи ва томошабинларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилувчи, ахлоқсизлик ғояларини тарғиб қилишни истисно этган ҳолда миллий менталитетга, миллий қадриятлар ва урф-одатларга мувофиқ бўлган қўшиқларни ва улар бўйича яратилган видеоклипларни ижро этиш;
Қарорга биноан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари концерт-томоша фаолияти билан шуғулланишнинг белгиланган тартибига юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилиши юзасидан қатъий ва мунтазам назоратни амалга ошириш ҳамда айбдор шахсларнинг қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилишини таъминлаш кўрсатилган.
Туман Давлат солиқ инспекцияси томонидан жорий йилнинг 7 ойи давомида юқорида кўрсатилган қарор ижроси назорати юзасидан муайян ишлар амалга оширилган. Бугунги кунда туман бўйича мазкур қарор ижроси юзасидан махсус лицензияга эга бўлмасдан тўйлар ва бошқа тантаналарда хизмат кўрсатаётган фуқаролар ҳам мавжуд. Ўтказилган назорат тадбирлари давомида туман бўйича 8 та жисмоний шахс лицензияга эга бўлмасдан тўйларда хизмат кўрсатиб келаётганлиги аниқланди ва уларга нисбатан МЖТКнинг тегишли моддалари асосида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баёнлар расмийлаштирилди ва мамурий жаримага тортилди.
Хусусан, фуқаро М.Н. жорий йилнинг июль ойида ҳеч қандай ҳужжатга эга бўлмасдан ва лицензия олмаган ҳолда тўйда артистлик қилиб фаолият кўрсатаётганлиги аниқланиб унга нисбатан қонуний чоралар кўрилди. Худди шундай фуқаролар О.Б., А.Д. ва Б.Ж.лар ҳам лицензиясиз артистлик фаолияти билан шуғулланиб келаётганликлари аниқланиб, уларга нисбатан қонуний чоралар кўрилиши таъминланди. Солиқ инспекцияси томонидан юқорида кўрсатилган қарор талаблари ижроси доимий назоратда бўлиб қолмоқда.

Д.ШОДМОНОВ, туман ДСИ ходими


Дата добавления: 25/08/2017 14:17;   Просмотров: 1266
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку