Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ШАХСГА ДОИР МАЪЛУМОТЛАР: ДАВЛАТ ҲИМОЯНИ КАФОЛАТЛАШИ ЗАРУР

Президент "Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги қонунни имзолади.

Шахсга доир маълумотлар нима дегани? Жисмоний шахсга тааллуқли бўлган ёки уни таниш имконини берадиган, электрон тарзда, қоғозда ва (ёки) бошқа моддий жисмда қайд этилган ахборотлар шахсга доир маълумотлар ҳисобланади.
Ушбу қонун шахсга доир маълумотларга ишлов бериш ва ушбу жараён иштирокчилари - субъект (улар ўзига тааллуқли бўлган шахс) ва оператор (ишлов беришни амалга оширувчи давлат органи, жисмоний ёки юридик шахс) ҳамкорлиги тартибини белгилайди.
Маълумотларга кўра, дунёнинг 40 дан ортиқ давлатида шахсга доир маълумотлар ва шахсий ҳаёт дахлсизлигини ҳимоя этиш тартибини назарда тутувчи қонунлар амал қилади.
Шахсга доир маълумотлар бевосита аниқ бир шахс билан боғлиқдир. Шахснинг биографик маълумотлари, миллати, турар жойи, касаллик тарихи ҳақидаги маълумотлар, профессионал билим ва кўникмалари, оилавий ҳаёти, одатлари, қизиқишлари, диний ва сиёсий қарашлари ва бошқалар жамият ичидаги айланадиган маълумотларнинг катта қисмини ташкил этади.
Эндиликда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази шахсга доир маълумотлар соҳасидаги ваколатли давлат органи ҳисобланади. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, шахсга доир маълумотлар махфийдир: улар эгасининг розилигисиз ёки бошқа қонуний асос мавжуд бўлмагани ҳолда ошкор этилиши ва тарқатилиши мумкин эмас.
Давлат шахсга доир маълумотларнинг ҳимоя қилинишини кафолатлаши зарур. Мулкдор ва (ёки) оператор ҳамда шахсга доир маълумотлардан фойдаланишга рухсат олган бошқа шахслар субъектнинг розилигисиз шахсга доир маълумотларни учинчи шахсларга ошкор этмаслиги ва тарқатмаслиги шарт.
Яна бир муҳим масала. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимчалар киритилди. Шу пайтга қадар қонунчилигимизда шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жиноий жавобгарликни белгиловчи қоидалар мавжуд эмас эди. Эндиликда Жиноят кодекси шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, деб номланган модда билан тўлдирилди. Шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда тўплаш, жамлаш, сақлаш, улардан фойдаланиш ва уларни тарқатиш билан боғлиқ ноқонуний ҳаракатлар маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, мазкур модданинг биринчи қисми қоидалари қўлланилади.
Умуман олганда, ушбу қонун нафақат фуқаролар, балки бутун жамият, давлат хавфсизлигини ҳимоя қилишда муҳим ўрин тутади.

Олимжон ШАМСИЕВ


Дата добавления: 09/08/2019 11:53;   Просмотров: 747
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку