Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ШАРЪИЙ НИКОҲДАН АЖРИМГАЧА САБР ҚАНЧА?

Тумандаги "Юқори Чордара" маҳалласида "Биз ажримга қаршимиз, бахтли оила учун курашамиз" мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди. Бундай мавзунинг танланиши бежиз эмас - айни вақтда баъзи оилаларда пайдо бўлаётган муаммолар фақат мазкур оилаларга эмас, улар истиқомат қилаётган маҳаллага, ҳатто жамиятимиз ҳаётига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Илгари оила бузилишининг асосий сабабларидан бири турмуш қурган йигит ёки қизнинг ёш жиҳатидан ҳали оила қуришга тайёр эмаслиги бўлса, бугунги кунда ноқонуний меҳнат миграцияси ҳам яна бир асосий сабаб қилиб кўрсатилмоқда. Чунки кўп ота-она фарзандлари бахти учун қилган ишлари, аслида тескари натижа бераётганини ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Данғиллама иморат қуриш, ҳаммани ҳайратга қолдирадиган тўй-томоша қилиш мақсадида чет элга ишга кетган ота-онани фарзанди тақдирига бефарқ кимсалар қаторига қўшиш уларга оғир ботиши мумкин. Лекин болаларини (буви, амма, холага) ишониб қолдириб кетган ота-она, яқинлари бўлишсада, улар ўзларидек болаларига кўз-қулоқ бўлишган каби дилбандларини назорат қилишларига, керакли тарбияни беришларига қанчалик ишонишмасин, ота-онадан бошқа ҳеч ким уларчалик фарзандига меҳр-муҳаббат, тарбия, яхши илм, одоб-ахлоқ бера олмаслиги аниқ. Шундай экан, ота-она ўз фарзандини ўзи тарбиялаб, вояга етказиб, ўқитиб, илм бериб, маълум касб эгаси этиб, шу касб орқасидан боласи оиласини боқа олишига қурби етишини кўрганидан кейин, оила қуришга тайёр эканига ишонч ҳосил этгачгина уйлантирса, оилавий ажрим бўлмаслиги мумкин. Чунки, ҳамма нарса инсон учун, инсон манфаати учун шиори остида яшаш шарти белгиланган ватанимизда касб-ҳунари бор йигит-қизлар ҳеч қачон хор бўлмайди, ишсиз қолмайди. Президентимиз томонидан фуқароларимиз тадбиркорлик қилишлари учун барча зарур шарт-шароитлар яратиб берилган.
Ўзаро мунозара-муҳокама тарзида ўтган тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулфия Рафиева "Ёшларни турмуш қуришга тайёрлаш" ва "Оилавий ажримларни олдини олиш" тўғрисида, Республика "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази туман бўлими раҳбари Гулнора Равшанбековна "Оилани мустаҳкамлаш, оилавий низоларни олдини олиш тўғрисида", "Яхши домла" масчити имом - хатиби Усмон Нормуродов "Шаръий никоҳ ва хотиннинг эр олдидаги бурчи" тўғрисида, маҳалла отинойиси Соҳибахон Набиева "Тўй ва таъзия маросимларини ихчамлаштириш" тўғрисида, Хишрав ҚВП шифокори Солиҳа Сафарова "Никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш аҳамияти" тўғрисида, МФЙ раиси Ғуломжон Юсупов "Шаръий никоҳ, ажрим ёқасида турган оилалар тўғрисида", ҳудудий профилактика инспектори Рустам Рустамов "Жиноятчилик олдини олиш" тўғрисида маърузалар қилишди.
Тадбирда "Юқори Чордара" маҳалласида оилавий муаммолар чуқурлашмай, жойида барвақт ҳал қилиш бўйича самарали ишлар олиб борилаётгани қайд этилди. Маҳалланинг фаол аёллари ҳар куни 5-6 та хонадонда бўлишиб, оила бекаларига маслаҳатлар беришаётгани ижобий баҳоланди.
Оила осойишта бўлса, мамлакат тинч, жамият фаровон бўлади. Бугун ҳар биримиз жаннатмакон юртимиздан фахрланиб, шукроналар айтиб яшашимиз керак. Юртимиз тинчлигига кўз тегмасин.

Зироат АЧИЛОВА,
"Юкори Чордара" МФЙ мутахассиси


Дата добавления: 05/07/2019 14:42;   Просмотров: 864
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку