Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ШАРҚ МЕВАХЎРИ-ЗАРАРЛИ ҲАШАРОТ

Шарқ мевахўри дунёда кенг тарқалган ҳашарот бўлиб, асл ватани Хитой ва Корея давлатлари ҳисобланади. 1980 йилга келиб Ўзбекистонда ҳам унинг тарқалгани маълум бўлди. Бугунги кунда у юртимизнинг Андижон, Наманган, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида кенг тарқалган. Агар уни морфологик белгиларига эътибор берсак, капалагини умумий ранги кулранг-қўнғир.

Олдинги қанотининг олд қисмида етти жуфт "Қўштирноқсимон" оқ доғлари бор, уларнинг тўрттаси қанот қиррасида аниқ кўриниб туради. Мўйлови ипсимон бўлиб, олд қаноти узунлигини ярмини ташкил қилади, ингичка ва билинар билинмас оқ туклари бор. Тухуми оволсимон, чўзинчоқ, ярим тиниқ оқ ялтироқсимон, етилиши давомида қизғиш тусга кириб хиралашиб қолади. 15-48 соат ичида тухумдан личинкалар чиқа бошлади, личинкани бош қисми қора рангда, узунлиги 0,4-0,5 мм, эни 0,15 мм катталикда бўлади. Шарқ мевахўрининг личинкалари пишиқ ипак-пилла ичида дарахтлар танасида, пўстлоқлар орасида тупроқдан 5-50 см баландликда қишлайди ва баъзан тупроқдаги ўсимлик қолдиқлари орасида, чириган мевалар ичида ҳам қишлаб чиқиши мумкин. Баҳорда унинг личинкалари ғумбакланади. Ҳаво ҳарорати ўртача 15 С бўлганда капалаклар уча бошлайди. Бир кеча кундан кейин урғочи зотининг ҳар бири 100 тагача тухум қўйиши мумкин. 7-12 кундан кейин тухумдан қурт чиқиб, новданинг ўсиш нуқтасига камириб киради ва ўзагидан пастга қараб 6-11 смли йўлак очади. Қаттиқ қисмига келгач ташқарига чиқади. Шундан сўнг бошқа новдалари ўтишга ҳаракат қилади. Новданинг зарарланган қисми сўлиб қурийди, у "чеканка" қилингандек шохлаб кетади. Шарқ мевахўрининг қуртлари новдалардан ташқари олма қурти сингари дарахт меваларини ҳам шикастлаши мумкин. Бир сўз билан айтганда шарқ мевахўри зарарли ҳашарот бўлиб, унга қарши агротехник кураш усулларида қўйидагиларга эътибор қаратиш лозим. Дарахтнинг қуриган шохларини кесиб ташлаш, зарарланган новдаларни кесиб олиш, дарахтнинг эски пўстлоқларини тозалаш, дарахт қолдиқлари ва тушган баргларини ёқиб юбориш, дарахтлар танасига тутқич белбоғлар боғлаш ҳамда қатор ораси ва танаси атрофини ағдариш. Бундан ташқари шарқ мевахўрларига қарши кимёвий кураш усуллари ҳам мавжуд. У аниқланган ҳудудларда ўсимлик карантини давлат инспекцияси томонидан карантин эълон қилинади ва зараркунандани бошқа ҳудудларга тарқалмаслиги ҳамда уни йўқотиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.

Ҳ.МУСТАФОЕВ,
туман ўсимликлар карантини давлат
инспекцияси агроном-инспектори


Последнее редактирование: 12/03/2020 15:53;   Просмотров: 1274
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку