Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ШАРҚ МЕВАХЎРИ - МЕВАЛАР ЗАРАРКУНАНДАСИ

Шарқ мевахўри ҳашаротларнинг Insecta синфи, Lepidoptera отряди, Tortricidae оиласи, Grapholita авлодига мансуб бўлиб, ўта хавфли карантин ҳашарот ҳисобланади. У данакли ва уруғли мевали дарахтларни, ёш кўчатларни зарарлайди. Айниқса, шафтоли, ўрик, олхўри, нок, олма, олча, гилос, беҳи ва дўлона дарахтлари ундан зарарланади. 1980 йилда Ўзбекистон ҳудудида ҳам Шарқ мевахўри тарқалганлиги маълум бўлди. Бугунги кунда Шарқ мевахўри Ўзбекистоннинг Андижон, Наманган, Самарқанд, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида тарқалган.

У тарқалган ҳудудларни аниқлаш мақсадида икки маротаба текширув ўтказилади. Биринчи текширув: шафтоли гуллагандан кейин 10-15 кун ўтгач, новдалари 5-10 см. ўсиб қолганда ўтказилган бўлса, иккинчиси зарарланган ўсимликларни мевага киришидан олдин, яъни ойнинг ўрталарида ташкил этилади.
Шарқ мевахўри аниқланган ҳудудларда Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан карантин эълон қилинади ва зараркунандани бошқа ҳудудларга тарқалмаслигининг олди олинади.
Карантин ҳолатини ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан тегишли вилоят ёки туман ҳокимлари қарори асосида бекор қилинади.
Карантин ҳолатини бекор қилиш учун ҳудудда шарқ мевахўри тўлиқ йўқотилган бўлиши ҳамда Шарқ мевахўри йўқотилгандан кейин 3 йилгача учрамаслигига асосланилади. Шарқ мевахўрининг пилласи овалсимон пишиқ ва атроф-муҳит рангидан кам фарқ қилади. Ёзги пиллаларни меваларда, дарахт таналаридан, кўчатларда ва бошқа жойларда учратиш мумкин. Пилла узунлиги 12,5 мм. бўлади.
Личинкалари пишиқ ипак-пилла ичида дарахтлар танасида, пўстлоқлар орасида тупроқдан 5-50 см. баландликда қишлайди, баъзи чириган мевалар ичида ҳам қишлаб чиқади.
Ғумбакка ўтишдан олдинги давр 3-4 кунга бўлинади. Ғумбаклик даври ўртача 10 кунни ташкил қилади. Ҳаво ҳарорати 15 С бўлганда капалаклар уча бошлайди. Бу даврда капалаклар шафтоли шохларининг орасида ва уч қисмига нотўғри шаклда зиг-заксимон, яъни бир тепага - бир пастга ҳаракат қилиб учишади.
Капалаклар асосан кун ботишдан то қош қорайган пайтгача учади, лекин уларнинг баҳорги авлодларини кундузи ҳам учратиш мумкин. Капалаклар 10-14 кун, ёз ва кузда нисбатан кўпроқ учади.
Қишлашга кетишдан олдин, имагалари пайдо бўлгандан 2-5 кун ўтгач, ҳаво қўйиш 7-10 кун давом этади. Қишловга кетадиган авлодлари тухумини урғочи капалак шафтоли баргининг орқа томонига (баъзан олча ва олхўрига), олма ва беҳида баргнинг устки қисмига ва ёш шафтоли ва нок кўчатлари баргларига, ёзги авлодлари эса тухумларини мева бандларига ёки косачаларига қўяди. Битта урғочи капалак 200-400 тагача уруғ қўяди.
Уруғлардан 6-8 кундан кейин личинкалар чиқади ва ёш ўсимликларни ички қисмини кемириб 8-12 кундан кейин ғумбакка айланади. Кейинги авлод личинкалар ҳам худди шу тарзда зарарлашни давом эттиради. Ғумбаклик даври 5-12 кун давом этади. Бир авлодни тўлиқ ривожланиши 30 кун давом этади. Бир йил давомида об-ҳаво шароитларига қараб 4-7 та авлод беради.

А.РАҲИМОВ,
вилоят ўсимликлар карантини давлат
инспекцияси агроном - инспектори


Дата добавления: 05/04/2019 14:58;   Просмотров: 915
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку