Раҳматли Шамси Бобомуродов ўтган асрнинг 50-60-йилларида биринчилар қатори Янгиариқ воҳасини ўзлаштиришга муносиб улуш қўшган фидойи инсон эди. Қалдирғоч чўлқувар меҳнат фаолиятини жуда эрта бошлади.
Ўспиринлик пайтида ишни отаси Бобомурод бобо билан чўпонликдан бошлади. 1941 йил фашист босқинчилари собиқ Иттифоқ чегарасини бузиб кирганларидан сўнг ихтиёрий равишда собиқ Қизил армия сафидан жой олди. Россия, Украина, Белоруссия ва Польша мамлакатларини душмандан озод қилишда қатнашди. Варшава шаҳри учун бўлган жангда яраланиб, иккинчи гуруҳ ногирони сифатида Самарқандга қайтади. Шундан сўнг “Гулистон” жамоа хўжалиги аъзоси сифатида боғдорчилик ва деҳқончилик билан шуғулланди. Янгиариқда паррандачилик фабрикаси қурилишида ҳам қатнашди. Ўғиллари Файзи (жойи жаннатда бўлсин), Мелик, Набишер, Ашраф, Абдулло, қизлари Шарифа, Шоира, Фирўзаларни турмуш ўртоғи Нурбиби ая билан замонага хос таълим-тарбия берди. Улар ҳам ота-оналаридек меҳнаткаш, ҳалол, виждонли, оддий, камтарин бўлиб вояга етишди. Айни пайтда Бобомуродовлар сулоласи турли соҳаларда меҳнат қилаётир.
Бугунги кунда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, паррандачилик фабрикаси қишлоғининг обод ва кўркам бўлишига муносиб улуш қўшган ажойиб инсон, падари бузургвор, дуогўй бобо Шамси Бобомуродов орамизда йўқ. Аммо унинг яхши ном учун кураши, порлоқ хотираси ҳамиша барҳаётдир.
Чунки инсон жисман ўлса-да, руҳан йўқ бўлмайди. Бир донишманд таъкидлаганидек, буюк мақсадларга хизмат қилган одам эзгу ишлари билан жамоат орасига сингиб кетади. Шунинг учун ҳам шундай марҳумлар борки, улар айрим тириклардан кўра барҳаётроқдир.
Шамсибобо ҳам ибратли ишлари билан ўзига абадий ҳайкал қўйди, чунки унинг ташаббуси билан маҳалла аҳолиси учун чойхона, савдо дўконлари, сартарошхона, дала шийпони, уй-жой ва бошқа хил иншоотлар қурилди. Маҳалладаги қабристон ҳам унинг тиниб-тинчимаслиги ва охиратни ўйлаганлиги туфайли барпо этилди. Шунинг учун қадршунос аҳоли Паррандачилик маҳалласи ва қабристонини унинг номи билан тилга оладиган бўлишди. “Шамсиобод” янада обод бўлмоқда.
Туман Ободончилик бошқармаси ишчилари “Шамсиобод” қабристони йўлини текислаб, унинг атрофини девор қилишга киришди.
– Туманимиз ҳудудида 47 та қабристон мавжуд, – деди туман Ободончилик бошқармаси бошлиғи Шавкат Одилов, – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан марҳумлар маконини ҳақиқий зиёратгоҳга айлантириш учун кўплаб маблағ сарфланмоқда. Туман ҳокими Ботир Қодиров шахсан ўзлари ўтганлар руҳини шод этиш мақсадида қабристонлар ободончилигига алоҳида диққат-эътибор бермоқдалар.
Бундай хайрли ишлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Хотира ва қадрлаш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига амалий жавобдир.
Зоҳир ҲАСАНЗОДА
Суратлар муаллифи Б.ЗОҲИР
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.