Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

СЕКТОР ТИЗИМИ – РИВОЖЛАНИШ ОМИЛИ

Жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида амалга оширилаётган ислоҳотларни янги сифат босқичига кўтарилишида, албатта давлат маҳаллий вакиллик органларининг фаолиятидаги қатъийлик муҳим аҳамият касб этади. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишида сиёсий партияларнинг маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари ва аъзолари фаолиятининг таъсири сезилмаётганлигини, айрим депутатларнинг ўз сайловчилари билан мулоқоти камдан-кам бўлиши ёки электорат олдида сайловолди дастурлари ижроси бўйича ҳисоботларининг амалга оширилишида бир қатор камчиликлар борлигини таъкидлаб ўтди. Жамият ҳаётининг барча соҳаларини янада эркинлаштириш ва ислоҳ қилишга қаратилган тарихий аҳамиятга молик мазкур йиғилишда давлат раҳбари томонидан қўйилган бир қатор вазифалар айниқса, халқ депутатлари туман кенгашлари фаолиятига қаратилди.

Йиғилишдан кейинги қисқа вақт давомида Халқ депутатлари туман кенгаши депутатларининг жамоатчилик назоратини амалга оширишларидаги энг муҳим механизм, яъни депутатлик сўровлари ва маҳаллий ижро этувчи органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботлари эшитувларини амалга оширишдаги фаолиятларида муайян ижобий силжишлар юзага келган бўлсада, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалий рўёбга чиқариш доирасида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” давлат Дастурининг тумандаги ижросини таъминлашда депутатлардан ҳам ташаббускорлик ва масъулият талаб этилмоқда.
Юртбошимизнинг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги жорий йилнинг 8 августида эълон қилинган қарорида қўйилган вазифалар, очиғини айтганда, депутатларга халқ билан мулоқот ва унинг манфаатлари йўлида хизмат қилишнинг янги услуб, йўл-йўриқларини кўрсатиб берди десак, айни ҳақиқат бўлади. Зеро, ҳудудларда жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлашдаги мавжуд имкониятлар ва юксалишга тўсиқ бўлиб турган муаммоларни чуқур тизимли равишда ўрганишда давлат ижро ва маҳаллий вакиллик органлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларини кенг жалб этган ҳолда ишлаш мақсадга мувофиқдир. Туманимизда ушбу қарор ижроси борасида олиб борилган ишлар туфайли, туман ҳокими, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати раҳбарлари бошчилик қиладиган ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар ташкил этилди, бўлиниб ишлаш йўлга қўйилди.
Секторлар фаолияти уйма-уй юриш ва аҳоли билан учрашувлар асосида энг қуйи бўғинда-маҳаллада долзарб муаммоларни аниқлаш, уларни бевосита жойида бартараф этиш юзасидан аниқ чоралар кўриш, туманни ривожлантириш бўйича дастурларга таклиф киритишдан бошланди. Жумладан, туманимизнинг “Қуйи Туркман” маҳалласидаги умумий ижтимоий-иқтисодий аҳвол ўрганилганда, аҳоли тинч-осойишта ҳаёт кечириши билан бирга бир қатор муаммолар ҳам аниқланди. Маҳалла ҳудудида ягона 17-сонли мактабгача таълим муассасаси қуввати 100 ўринли бўлсада, 160 нафарга яқин тарбияланувчи унга қўшни бўлган бешта маҳалла, яъни “Ўрта Туркман”, “Юқори Туркман”, “Юқори Чордара”, “Қуйи Чордара” ва “Арабхона” маҳаллаларидан қатнайдилар. Мазкур маҳаллалардаги фуқароларда МТМга бўлган эҳтиёж катта. Жамоа қанча фидоийлик кўрсатмасин, муассаса биноси таъмирга муҳтож ҳолатда. Болаларга машғулотларни қулай, сифатли ўтиш учун мусиқа хонаси, спорт зали, чўмилиш ҳавзалари йўқ. Муаммони ҳал этишда муассасани жиҳозлаш учун инвентарлар, мебеллар, қўллашга қулай ва фойдаланишга хавфсиз, узоқ муддат қўллаш мумкин бўлган ва зарарсиз материаллар ва энергия жиҳатидан самарали технологияларни қўллаш нуқтаи назаридан сотиб олиш ҳамда тубдан қайта кўриб чиқиш лозим.
Маҳалла ҳудудида жойлашган 36-умумий ўрта таълим мактаби 2007 йилда, 2016 йилда эса қулайликларга эга бўлган янги спорт зали қурилган. Мактабнинг экин майдони 1 гектар, шундан 4 сотихини гулзор ташкил этади. Мактабда сув муаммоси мавжуд бўлиб, бир қатор қийинчиликларни юзага чиқармоқда. 500 нафар ўқувчи, 45 нафар педагог ва ишчи ходимларга эга бўлган мактабда ошхона йўқ. Тадбирлар ўтказишда фаоллар зали йўқ. Мактаб ҳудудида қурилиши тугалланмаган, лекин авария ҳолатдаги бино мавжуд. Янги ўқув йилида ошхона очилиши масаласини ҳал этиш зарурлиги қайд этилди ва чора-тадбирлар дастурига таклиф киритилди.
Шунингдек, маҳалла ҳудудида хизмат кўрсатиш ва сервис шаҳобчаларини кўпайтириш талаб қилинади. Айниқса, аёллар гўзаллик салони, тикувчилик-ателье ва бошқалар. Хусусий дўконларда савдони пластик карточкалар билан амалга ошириш(гўшт дўконлари), дўконларда аҳоли бошига сотиладиган пахта ёғи ва ун маҳсулотларининг танқислигини бартараф этиш долзарб муаммолардан ҳисобланади. Юқорида айрим баён этилган муаммоларнинг ечимини топишда қабул қилинган қарордан келиб чиқиб, яратилган мукаммал тизим боис барча ҳамкор ташкилотлар масъулият юкини кўтаришга қодир, зеро Президентимиз ибораси билан айтганда ҳозирги давр талаби ё хиёнат ёки садоқат масаласидир.

Ж.САЙФУДДИНОВА,
Халқ депутатлари туман Кенгашининг ижтимоий-маданий
ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси


Дата добавления: 01/09/2017 15:38;   Просмотров: 1350
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку