Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

САЙЁР ҚАБУЛ ЯНГИЧА ИШЛАШ ВА ЯШАШГА УНДАЯПТИ:

раҳбарни ҳам, мурожаатчини ҳам

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тумандаги Халқ қабулхонаси мудири И.Муродов туманнинг энг чекка тоғли ҳудуди-Миронқул маҳалласида сайёр қабул ўтказди. Айтиш жойиз, сайёр қабулнинг мақсад-муддаоси бу, аввало, одамларнинг давлатдан рози бўлишига хизмат қилаётган бўлса, иккинчи томондан фуқароларнинг давлат режалари, ҳуқуқий соҳадаги ислоҳотлар, шу жумладан, аҳоли турмуш тарзини яхшилаш борасидаги янгиликлардан хабардор бўлишига хизмат қилмоқда.

Раҳбар ва мурожаатчининг муштарак мақсад-манфаатлари ўзининг амалий ифодасини топган тақдирда қонун устуворлиги ва ислоҳотлар самарадорлиги таъминланади.
Шунингдек, "ёзувчи"ликни касб қилиб олган, раҳбарларнинг меъдасига тегиб кетган кишилар "фаолияти" ни тўхтатиши боқибеғам, дангаса, "тайёр ошга баковул" кимсаларнинг боқимандалик кайфиятига нуқта қўйилиши учун туртки бўлмоқда. Ҳаёсиз, орияти мўрт кишини тарбиялаш бошни деворга уриш билан баробар бўлсада, қўни-қўшнилар, жамоатчиликнинг холис ва ҳаққоний баҳоси охир-оқибат бундай одамлар кўзини очиб қўйишига шубҳа йўқ. Мисол учун, мурожаатчилардан бири ўзининг оилавий шароити оғирлигидан нолиб, туман ҳокимлиги ва бошқа тегишли мутасаддиларнинг фаолиятидан норозилигини билдирди. Қайсидир маънода, у ҳақ бўлсада, лекин қарийб, 20 ёшга кириб яна" ишсизман, хотиним ҳам ишламайди, болам ногирон" дейиши ҳар қандай кишини ажаблантиради. "Қимирлаган қир ошар" дейди халқимиз. Ҳаракат-баракат дебочаси. Худо ҳам бекорчини ёқтирмайди. Мурожаатларнинг аксарият қисми уй-жойнинг кадастр ҳужжатлари, эгалик масалаларига боғлиқ эканлиги маълум бўлди. Соҳа мутасаддилари қисқа муддатда ушбу мурожаат эгалари талабларини қонуний ҳал этишлари лозимлиги таъкидланди. Кекса ўқитувчи М.Маъдиевнинг 43-мактаб учун қўшимча ўқув бинолари қурилиши сифатсиз, ҳамон пайсалга солинаётганлигини билдирди. Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари И.Комилов бу масала билан шахсан шуғулланадиган бўлди. Сайёр қабулда 14 нафар фуқаро 25 га яқин муаммоли масалалари билан мурожаат этган бўлса, шундан 20 фоизи жойида ижобий ҳал этилди, қолганлари жиддий ўрганиш ва қонуний ечим топишга йўналтирилди. Туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қумитаси раиси З.Рофиева йиғилганларга Олий Мажлис Сенати Кенгаши ва Қонунчилик палатаси Кенгашининг қўшма мажлисида (жорий йил 14 сентябрь) қабул қилинган тўй-ҳашамлар, ойлавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирларни мазмун-моҳиятини айтиб берди. Одамларни ортиқча ҳой-ҳаваслардан воз кечишга чақирди. Шу куни Ражабамин МФЙда ҳам худди шундай сайёр қабул ўтказилди.

Ўз мухбиримиз


Последнее редактирование: 11/10/2019 17:48;   Просмотров: 766
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку