2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида одамларни рози қилиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашнинг замон талабларига жавоб берадиган механизмини яратишга қаратилган ислоҳотлар аҳолининг давлат ва жамиятга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилиши баробарида, барча жабҳада ташаббускорликка ундамоқда.
Юртбошимиз жойларда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқотлар уюштириши барчани руҳлантириб, ҳатто сергаклантириб юборди. Туман ҳокими Б.Қодиров ҳам маҳаллаларда бўлиб, аҳоли хонадонларига бевосита ташриф буюриб мавжуд шарт-шароитлар, амалга оширилаётган ибратли ишлар билан яқиндан танишмоқда.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, туман ҳокимлиги, шахсан ҳоким ёрдами билан туманда қатор ибратли тадбирлар амалга оширилди. Халқ билан мулоқот асносида бир қанча муаммолар ҳал бўлди, камчиликлар бартараф этилди. Бу билан халқнинг туман ҳокимлигига бўлган эътибори ортди. Ҳоким жорий йил апрель ойининг сўнгги ўн кунлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тумандаги Халқ қабулхонаси, Қорасув, Равонак маҳаллаларида аҳоли билан бевосита мулоқотда бўлди, якка-ёлғиз кишилар, кекса нуроний отахон ва онахонлар хонадонларида бўлиб, улар билан суҳбатлашди. Ушбу учрашувларда ҳоким 200 нафарга яқин аҳоли билан мулоқотда бўлди.
– Ҳокимимизнинг маҳалламизга ташриф буюриб фуқролар билан дилдан суҳбатлашгани бизни тўлқинлантириб юборди, –дейди Қорасув маҳалласи фуқароси Нигора Ярқулова. – Шу куни мен кўп вақтдан буён болам учун нафақа пули ололмаётганимни айтдим. Ҳоким аралашуви ва молия бўлими мудири Ш.Восеевнинг кўмаги билан нафақа пулимни оладиган бўлдим. Бунинг учун ҳокимимиз Б.Қодировга миннатдорчилик билдираман.
– Маҳалламиздаги бир қанча йўллар таъмирталаб бўлиб ётган эди, – дейди Шўрбойи маҳалласи фуқароси Найим Сиддиқов. – Ушбу муаммони яхшигина ўрганиб чиққан ҳоким бу масалани қисқа фурсатда ҳал этиш вазифасини ҳоким ўринбосари Қ.Қурбоновга топширди. Айни дамда ушбу йўллар таъмирланиб, икки чеккаси ободонлаштирилмоқда.
Туман ҳокими аҳоли билан самимий мулоқот чоғида маҳаллаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳоли фаровонлигини янада оширишга қаратилаётган алоҳида эътибор ҳақида тўхтади. Сайёр қабул жисмоний ва юридик шахслар мурожаатини ўрганиш, ечимини топишда қулай, самарали восита бўлмоқда.
Н.ОЛИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.