Вилоят телeрадиокомпаниясида Ўзбекистон Республикасининг "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида"ги қонунининг мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш, бу борада оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилишга бағишланган ўқув - семинар бўлиб ўтди.
Депутатлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари, кенг жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этган мазкур тадбирда қонунга киритилган сўнгги ўзгартиришлар, улардан кўзланган асосий мақсад мутахассислар томонидан тушунтирилди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Алия Юсупова, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди вилоят бошқармаси бош мутахассиси Фароғат Шокирова ва бошқалар Қонунга кўра таъкидлаганидек, фуқаролар йиғини раиси сайлови жорий йилнинг май ойида ўтказилади. Аввалгидан фарқли равишда маҳалла маслаҳатчиси сайлови бир вақтда эмас, балки раис сайлови ўтказилгандан сўнг бир ой ўтгач ўтказилади.
Шунингдек, номзодлар сайланаётган ҳудудда камида беш йил яшаган, аҳоли ўртасида ҳурмат-эҳтиромга эга, ташаббускор, кенг дунёқарашли бўлиши лозим. Фуқаролар йиғини аҳолисининг сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган камида 12 фоизи иштирокида раис (оқсоқол) сайланади. Уларнинг эллик фоизидан ортиғининг овозига эга бўлган номзод эса раис этиб сайланади. Акс ҳолда сайлов қайта ўтказилади.
Р.НАИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.