Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

САЙЛОВ КОДЕКСИ, УНИНГ ЎЗИГА ХОС ЖИҲАТЛАРИ НИМАДА?

Маълумки, сайловлар кишилик жамиятининг бир неча асрлик тарихий ривожланиши маҳсули бўлиб, давлат ва жамиятнинг такомиллашган моделларини шакллантириш мақсадида пайдо бўлган институтдир. Бугунги кунга келиб, жаҳондаги деярли барча мамлакатларда (мутлақ монархия бошқарувига эга бўлган мамлакатлар бундан истисно) давлат ҳокимияти ва ўзини ўзи бошқариш органларини шакллантириш билан боғлиқ бўлган демократик сайловлар сиёсий тизимнинг ажралмас таркибий қисмига айланиб бўлди.

Замонавий дунёда сайловлар тобора оммавийлашиб, дунё мамлакатларида уларнинг сони йилдан-йилга ошиб бораётгани кузатилади. Биргина 2018 йилда 40 дан ортиқ мамлакатда 60 га яқин сайлов кампанияси ўтказилгани фикримизнинг далилидир.
Бугунги кунга келиб сайловлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган нормалардан ташқари яна 10 га яқин яхлит қонун ҳужжати қабул қилинди. Шуниси диққатга сазоворки, сайлов қонунчилигини такомиллаштириш сайлов амалиётидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилди ва ўз навбатида, сайлов қонунчилиги ҳам сайлов амалиётининг ривожланишига катта туртки берди.
Мамлакатимиз раҳбари 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга йўллаган илк Мурожаатномасида Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш ташаббусини илгари сурди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, ҳозирги вақтда 40 дан ортиқ давлатда Сайлов кодекси қабул қилинган. Бундан ташқари, сайловларга доир ўндан ортиқ халқаро ҳужжатлар атрофлича таҳлил қилиниб, уларнинг асосий ғоя ва стандартлари Сайлов кодексида ўз аксини топди.
Хўш, Президентимиз томонидан имзоланган Сайлов кодексига киритилган ҳуқуқий норма ва янгиликлар нималарда намоён бўлади?
Биринчидан, мазкур ҳужжатда шу пайтга қадар амалда бўлган 5 та қонун, яъни "Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида"ги, "Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида"ги, "Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги қонунлар ҳамда қатор қонуности ҳужжатлари ўзаро унификация қилиниб, яхлит тарзда баён этилди. Бу эса, ўз навбатида, Сайлов кодекси кучга кирганидан сўнг юқорида санаб ўтилган қонун ҳужжатлари ўз кучини йўқотишини англатади.
Иккинчидан, Сайлов кодекси сайлов жараёнига қатор янги механизм ва технологияларни қўллаш имконини берувчи янги нормалар билан тўлдирилди. Хусусан, Қонунчилик палатасида депутатлик ўринлари учун Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакилларига квота ажратиш институти чиқариб ташланди. Бундан буён Қонунчилик палатасининг барча 150 нафар депутатининг умумхалқ сайловларида сайланиши мустаҳкамлаб қўйилди.
Бундан ташқари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига номзод кўрсатиш тартиби бекор қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси сайловчиларининг ягона электрон рўйхатини шакллантириш масаласи ҳам Кодексда ўз аксини топди. Муддатидан илгари овоз бериш ва сайлов куни овоз бериш учун ягона сайлов бюллетенини жорий этиш орқали "сайлов варақаси" тушунчаси чиқариб ташланиб, овоз бериш жараёнида сайловчилар бир нечта белгилардан (+, v, x) биридан фойдаланишлари мумкинлиги белгилаб қўйилди.
Марказий сайлов комиссияси аъзолари мақом бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларига тенглиги ҳақидаги норма киритилди.
Бундан ташқари, Кодексда қуйи даражадаги сайлов комиссияси аъзолари учун ҳам янги талаблар ўрнатилди. Ушбу талабларга мувофиқ, номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишончли вакиллари, шунингдек, номзодларга бевосита бўйсунувчи шахслар сайлов комиссиясининг аъзолари бўлиши мумкин эмас.
Ҳужжатда қатор халқаро ташкилотлар, хусусан, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда Венеция комиссияси томонидан билдирилган таклиф, тавсиялар ҳам ўз аксини топди. Жумладан, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларнинг сайловда иштирок этишини чекловчи нормалар чиқариб ташланди. Сайлов округларини тузишда сайлов округларидаги сайловчилар сонининг йўл қўйиладиган максимал четга чиқиши 10 фоиздан ошмаслиги шарт қилиб қўйилди. Қонунчилик палатасига сайловлар бўйича сайлов округларини тузишда Марказий сайлов комиссияси вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг эмас, балки халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тақдимномаларига асосланиши кўзда тутилиб, сайловчилар рўйхатига ўзгартишлар киритиш сайловга 3 кун қолганида тўхтатилиши, муддатидан олдин овоз бериш сайловга 3 кун қолганида (амалдаги 1 кун ўрнига) тўхтатилиши белгиланди.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон "Адолат" СДП аъзолари ҳам мазкур Кодекс лойиҳасини тайёрлашдан тортиб Қонунчилик палатасида қабул қилиш жараёнларида фаол иштирок этди. Партиямиз вакиллари Кодекс лойиҳасига киритиш учун ўзларининг 20 дан ортиқ таклифини киритди. Шуниси диққатга сазоворки, ана шу таклифлардан энг муҳимлари ушбу ҳужжатда ўз аксини топди. Масалан, номзодлар ишончли вакилларининг сафар харажатлари сайловга ажратилган маблағлар доирасида қопланиши, Сенат аъзоларини сайлаш масаласини қонуности ҳужжатлар асосида эмас, балки Кодекс доирасида ҳал қилиш ва шу каби таклифлардир.
Мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган Сайлов кодекси ошкоралик, шаффофлик, ҳаққонийлик, холислик каби демократик принципларни ўзида акс эттириб, долзарб мазмун-моҳият ва улкан ҳуқуқий, ижтимоий ҳамда сиёсий аҳамият касб этади. Ушбу Кодекснинг қабул қилиниши, аввало, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қўшимча амалий механизмларини, сайлов қонунчилигини тизимлаштириш, сайлов жараёни очиқлигининг кафолатларини кучайтириш имконини беради.
Энг муҳими, Сайлов кодексининг ҳаётга татбиқ этилиши келгусида мамлакатимизда сайлов жараёнлари янада демократик тарзда ва ошкоралик руҳида ўтишини таъминлайдиган янги, илғор амалиётни жорий этишни ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлайди. Бу эса, ўз навбатида, мамлакатимиз сиёсий тизимини янада демократлаштириш ва сиёсий модернизация жараёнини чуқурлаштиришнинг муҳим омили ҳисобланади.

Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон "Адолат" СДП фракцияси аъзоси


Дата добавления: 02/08/2019 15:22;   Просмотров: 759
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку