Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

САЪЙ - ҲАРАКАТЛАР САМАРАДОРЛИГИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги ПҚ - 3182-сонли “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини туман ҳокими раҳбарлигидаги сектор қатъий назоратга олган. Натижада аҳоли турмуш даражаси ва сифати янада яхшиланиб бормоқда

Ҳаммамизга маълумки, бир йил мобайнида мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида том маънода янги саҳифа очилди. Барча жабҳада инсон манфаатлари устуворлигига қаратилган ислоҳотлар шиддатли замон талабига мос равишда жадаллашиб, халқимизга хос турмуш шароитлари яратиш, аҳоли кенг қатламида бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш бош мақсадга айланди.
Туман ҳокими бошчилик қиладиган 1-секторга тугатилган собиқ Оҳалик ва Улуғбек қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳудудига қарашли маҳаллалар киради. Унинг штаби аҳолига қулайлик яратиш мақсадида “Хўжа Аҳрори Валий – 2” маҳалла фуқаролар йиғини биносида жойлашган бўлиб, кун-тун навбатчилик йўлга қўйилган.
Ҳудудидаги 16 та маҳалла фуқаролар йиғинида жами 9842 та хонадон, 14689 та оила, 53771 нафар аҳоли, шунингдек, 26275 нафарини эркаклар, 27496 нафарини хотин-қизлар, 5475 нафарини нафақахўрлар, 14479 нафарини вояга етмаганлар ташкил этади.
Штабда Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг фуқароларни ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати томонидан ишлаб чиқилган қўлланмалар, кўргазмали воситалар, адабиётлар, йиғма жилдлар билан жиҳозланган. Фуқаролар мурожаатлари 616-25-67 рақамли ишонч телефони орқали ҳам қабул қилинади.
Сектор иши ташкил қилинган кундан бошлаб, қарорнинг асосий мазмунидан келиб чиқиб, ҳудудда яшовчи кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтожлар, ногирон ва оғир касалликка чалинганлар, уюшмаган ёшлар ёхуд ишсизлар, нотинч оилалар, суд, ФХДЁ, яраштириш комиссияларига ажралиш тўғрисида ариза билан мурожаат этганлар, жиноят содир қилган хотин-қизлар, ўз жонига қасд қилганлар, жиноят ва ҳуқуқбузарликни содир этганлар, диний экстремистик оқим аъзолари, ИИБ идораларида профилактик ҳисобда турган вояга етмаганлар, уй-жойга мўҳтож оилаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Ишчи гуруҳи сектор ҳудудидаги аҳолини қийнаб келаётган ҳар бир оила хонадонига тўғридан-тўғри кириб, бирма-бир очиқ мулоқотда бўлиб, уларнинг яшаш, турмуш тарзи билан яқиндан қизиқиб, мавжуд муаммоларни рўйхатга олиб, уларнинг ижросини таъминлаш мақсадида аниқланган масалалар сектор йиғилишида тезкор-изчил кўриб чиққан ҳолда, фуқароларга жадал ва виждонан амалий кўмак бериш яхши йўлга қўйилган, – дейди туман ҳокими Шуҳрат Жамолов. – Зеро халқимизнинг конституцион ҳақ-ҳуқуқини қўллаб-қувватлаш, иқтисодий шарт-шароитларини янада яхшилаш, оила хўжаликларини ривожлантириш, уларнинг чеҳрасида дилкаш қувонч, бахт-саодатни кўриш ҳар бир раҳбарнинг муқаддас бурчидир.
Шу билан бирга, туманимиз аҳолисини, хусусан биринчи навбатда эҳтиёжманд қатлам вакилларини ижтимоий ҳимоялаш, интеллектуал-ахлоқий салоҳиятини юксалтириш, реал даромади самарадорлигини ошириш ўз жойда ҳал этилмоқда. Таълим, тиббиёт соҳаларининг сифат даражасини ошириш, сув, газ, электр энергияси таъминотини барқарорлаштириш, ҳудудлар ободончилиги, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, ёшлар муаммолари ҳам бартараф этилмоқда.
Масалан, ишчи гуруҳ “Паррандачилик” маҳалласида яшовчи Татяна Дворникова хонадонида бўлиб, ижтимоий муҳофазага мўҳтожлиги аниқлангандан сўнг, кам-кўстини бартараф этиш мақсадида сектор раҳбари бошчилигида газ плита-ю, балони ҳамда маълум миқдорда озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди.
Янгижой маҳалласида яшовчи Хуршида Раҳмонова ва унинг икки нафар набиралари куз-қиш мавсумига етарли даражада тайёр эмасликлари сектор раҳбари бошчилигида уйма-уй кириш натижасида аниқланиб, уларга электр иситгич, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Набиралари таълим муассасасига жойлаштирилди. Бу ҳақда “Гулобод тонги” газетамизнинг 2017 йил 7 декабрь сонида батафсил сўз юритилиб, масъулиятсизликка йўл қўйилган шахслар огоҳлантирилди.
Сектор раҳбари бошчилигида ишчи гуруҳининг Чоршанба маҳалласида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Бахтиёр Ҳайдаров хонадонига ташриф буюриши ҳам мазкур оила аъзоларининг чексиз қувончига сабаб бўлди.
– Биз туман раҳбарининг оталарча ғамхўрлигидан ғоятда миннатдормиз. Раҳбар кишининг қанчалик ташвиши кўп бўлишига қарамай, аҳволимиздан хабар олиши, озиқ-овқат маҳсулотлари, махсус ногиронлик аравачаси топшириши, таъмирталаб бўлиб қолган уйимизни смета асосида ҳомийлар ёрдамида қурилиш ишларини бошлаб юбориши руҳимизни кўтарди, – дейди Б.Ҳайдаров.
Бундай мисолларни сектор фаолиятида яна давом эттириш мумкин. Сектордан “Йўл харитаси”га киритилган яна бир масала. Янгижой маҳалласида ҚВПнинг йўқлиги, маҳалланинг ушбу қисми туман марказидан узоқлигини инобатга олиб, сектор раҳбари ушбу жойда ҚВП биноси, 19-сон умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф филиали ҳамда янги маҳалла маркази қуриш бўйича таклифи асосида қурилиш ишлари олиб борилди.
Сектор раҳбари томонидан ижтимоий соҳа объектларини таъмирлаш, уларда қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида жами 426 миллион сўм, ички йўлларни таъмирлаш учун 153 миллион сўм маблағ ажратилди.
Шу билан бирга, секторда штаб аъзолари ташаббуси билан ўтган йилнинг 3 декабрь – “Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан ногиронлар ҳолидан хабар олинди. “Хўжа Аҳрор Валий – 1” маҳалласида яшовчи Замира Очилова уйига сектор раҳбари ташриф буюриб, байрам муносабати билан совға-салом ва ногиронлик аравачаси топширди.
Худди шундай эзгу ишлар сектор ҳудудида яшовчи 36 та кам таъминланган ва ногирони бор оила аҳволидан ҳам хабар олинди. Хулоса қилиб айтганда, сектор ишининг саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ халқимизнинг меҳр-мурувватдан четда қолмаслиги ҳамда зарур эҳтиёжларини қондириш салмоғини, албатта, янада оширамиз.

Раҳимжон НАИМОВ,
“Гулобод тонги” газетасининг ҳайъат аъзоси, ЎзМТДП туман Кенгашининг раиси


Дата добавления: 12/01/2018 15:14;   Просмотров: 1247
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку