Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

САВОБ ВА САХОВАТ

Саховатпеша халқимизда «Савоб ишни ҳар кун қилиш керак, савоб ишни ҳар ким қилиши керак» деган ибратли ақида бор. Бизнинг «Чумчуқли» маҳалламизда ҳам ана шундай савобталаб инсонлар кўплаб топилади. Шулардан бири хусусий тадбиркор Соли Фузайловдир. Соли ака маҳалламизда бўладиган ҳар бир тадбир ва байрамларда фаол қатнашиб, маҳалладошларининг оғирини енгил, узоғини яқин қилишга ҳаракат қилади. Жумладан, ҳайит, Наврўз ва Мустақиллик байрамларида турли тадбирлар ўтказиш ҳамда дастурхон тузатишга беминнат ёрдамларини аямайдилар.

Сирасини айтганда маҳалламизда 9 нафар турли тоифадаги ногиронлар мавжуд. Байрамларда, айниқса рўзаи рамазон пайтларида улар ҳолидан хабар олиш, кўнгил сўраш ва турли совға-саломлар, моддий ёрдам пули улашиш анъана тусини олган. Июль ойининг бошларида маҳалладаги барча ногиронлар ва камтаъминланган оила фарзандлари «Хайрли ният» вилоят жамғармаси ҳисобидан Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларини томоша қилдирилди, зиёфат ташкил этилди. Саховатпеша Соли ака Фузайлов эса яқинда камтаъминланган оилалардан Манзура Султонованинг ўғли Суннат ва иккинчи гуруҳ ногирони Б. Нуруллаевнинг икки нафар ўғли – Шуҳрат ва Шавкат Рустамовларнинг суннат тўйларини ўтказиб беришга қарор қилди. Бу ҳақда маҳалла оқсоқоллари Олим бобо Ибрагимов ва Мансур бобо Умрзоқовлар билан маслаҳатлашилганда, нуронийлар ҳам сахий тадбиркорнинг бу саъй ҳаракатини маъқуллашди.
Шундай қилиб, тўй куни ва манзилгоҳи белгиланди. Тўй туманимиздаги нуфузли ва ҳашаматли «Висол» ресторанида бўлиб ўтди. Турфа хил ноз-неъматлар билан безатилган дастурхон атрофига тўйболаларнинг қариндош-уруғлари, маҳалла аҳли тўпланишди. Тўйга йиғилганларнинг аксарияти саховатпеша инсон Соли Фузайлов номига ташаккурлар айтишди, миннатдорчиликлар билдиришди. Негаки, қўли очиқ тадбиркор тўй болаларга бошдан оёқ кийим-кечак, китоб ва дафтарлар ва анчагина миқдорда пул маблағлари улашди. Хайрия тўйининг гувоҳи бўлар эканмиз, юртимизда Соли ака Фузайлов сингари қўли очиқ, қалби дарё инсонлар янада кўпаяверсин, Юртимизга, унинг истиқболига кўз тегмасин, дегимиз келди.

Мартаба НИЗОМОВА,
«Чумчуқли» маҳалла фуқаролар йиғини котибаси


Последнее редактирование: 16/08/2018 12:38;   Просмотров: 1082
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку