Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

САРИШТАЛИККА НИМА ЕТСИН

"Соҳибқирон Амир Темур шаҳар ва унинг атрофидаги боғ-бўстонларни қайта тиклаш учун суғориш шохобчалари ва ариқларни қайтадан тиклади. Зарафшон дарёсидан сув олиб Самарқанд атрофидаги катта масофадаги барча боғ-бўстонларни суғорадиган катта Дарғом канали Темур замонида яна ўзининг ҳаётбахш сувини Самарқанднинг ўлик томирларига равона этди. Шаҳар атрофидаги тиканзор ва шўразорлар ям-яшил ва серҳосил майдонларга айланди, полиз ва экинзорларда аҳоли тирикчилиги учун сабзавот ва ғалла етиштирилди, токзор ва анжирзорлар, қизил олма ва анор билан лиқ тўла боғлар яна яшнади. Амир Темур шаҳар ичида ва унинг атрофида яратган ажойиб боғларда Осиё ва Оврупо мамлакатларидан келган меҳмонлар ва элчилар шарафига шоҳона қабул ва базмлар ўтказарди."

Бу сўзлар Расул Ҳодизоданинг "Самарқанднома" асаридан олинди ва биз ушбу китобдан парчани бекорга келтирмадик. Узоққа бориб ўтирмайлик, бундан ярим аср муқаддам Самарқандга келган олий насаб меҳмонлар Амир Темур боғларининг асосий қисми жойлашган туманимиздаги сўлим гўшаларда дам олиб, ҳордиқ чиқарганлар. Собиқ Р.Шредер номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-текшириш институти, ҳозирги М.Мирзаев номидаги боғдорчилик ва узумчилик илмий ишлаб-чиқариш бирлашмасининг Самарқанд филиали тажриба майдонлари ва улар ичида бунёд этилган шийпонлар кўп йиллар нуфузли меҳмонлар қўним топадиган истироҳатгоҳ вазифасини ўтаган. Яна китобга мурожаат этадиган бўлсак, унда шундай сатрлар бор.
"Ўша даврда бу жойларда озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирадиган деҳқонлар, боғбонлар, соҳибкорлар яшаган. Давр тақозосига кўра Самарқанд атрофида боғ-бўстон ва мевали дарахтлар билан ўралган бир ҳалқа пайдо бўлди". Ҳозир ҳам бу «ҳалқа» мавжуд бўлиб, асл деҳқонлар ва боғбонлар ота-боболарининг қадимий анъаналарини давом эттириш билан бирга шаҳар аҳолисини мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан таъминлаб келмоқдалар.
2750 йиллик улкан тарихга эга Самарқанд шаҳрига келадиган меҳмонлар уни чор тарафдан ўраб турадиган туманимиз ҳудудидан кирар экан, ҳозирги кунда улар қандай тасаввурга эга бўладилар, деган ҳақли савол туғилади. Ушбу саволга жавоб излаш баҳонасида бугунги кунда вилоятимизга келган нуфузли меҳмонлар, шаҳарликларнинг қадами узилмайдиган " Оқ Амур балиқлари" фермер хўжалигининг сўлим гўшалари, емакхоналари сари йўл олдик. Айнан шу манзилни кўзлаб келганимизнинг боиси, яқинда туман ҳокими Ш. Жамолов мазкур фермер хўжалигида бўлиб, унга олиб борадиган йўл ва унинг чор тарафи харобазорга ўхшаб қолганлигини куйиниб гапирганди.
Белгиланган манзилга етиб келганимизда бу ердаги вазият ва ҳолат ҳақиқатан ҳоким айтган даражада эканлигига амин бўлдик. Йўл атрофида енгил автомобилларга газ ва бензин қуядиган шахобча, ҳафтада бир марта бўладиган автомобил бозори сингари йирик савдо нуқталари жойлашган. Уларнинг савдодан тушадиган кунлик даромадлари салмоғини сарҳисоб қилсангиз, бошингиздан ҳушингиз учади. Аммо туман ҳокими таъкидлаганидек, "Одам ўз атрофини саранжом-саришта сақлаб ўтириши керак-да". Тўғри, бизлар борган пайтимизда бу ерда бир қатор бунёдкорлик ва ободончилик ишлари бажарилаётганлигини кўриб, мамнун бўлдик. Булар автомобиль бозори ва "Авангард" автомобиллар жарима майдончаси МЧЖ ташкилотлари котлованлар қазиб, ҳатто пишиқ ғиштдан иморат ҳам бошлаб юборишган экан. Атроф ахлатлардан тозаланиб, деворлар оқланиб, ранг берилаётир.
Фермер хўжалиги томон одимлар эканмиз, сал наридаги бўш ётган майдонча ўртасидаги "мунғайиб" қийшайиб турган темирбетон симёғочдан тортиб, ҳар хил ҳажмда пасту баланд қилиб қурилган эгаси йўққа ўхшаш, ҳатто девори сувалмаган иморатлар, улар қаршисидаги айнан фермер хўжалиги марказига олиб борувчи тош йўл ёқасида тартибсиз ва пала-партиш ҳолда экилган, шохлари худди соч-соқоли олинмаган кишини эслатувчи турли мевали ва мевасиз дарахтлар, тош кўчалар ҳафсаламизни пир қилди. Хўш, бугунги кунда республикада ном чиқарган "Оқ Амур балиқлари" фермер хўжалиги фаолиятини ўрганиш, томоша қилиш ва қолаверса унинг сўлим гўшаларида ҳордиқ чиқариш ниятида келган меҳмонлар бу аянчли аҳволни кўриб, қандай тасаввурга эга бўлиб қайтишаркин?! Шу атрофдаги мутасадди ташкилотлар, шу ерда яшаётган аҳоли ҳеч бу ҳақда ўйлаб кўришмадимикан? Ёки "Супурилмаган уйга меҳмон келади"-да дея хотиржамликка берилганмикан?
Афсуски, бундай нохуш манзараларга Янгиариқ МФЙ нинг "Обод турмуш" гузари ва катта йўл ёқасида жойлашган туман шифохонасининг ички ҳудудларида ҳам дуч келдик. Айниқса, намунали уй-жойлардан иборат гузарнинг ички йўл ёқасидаги қарийб 0,15 сотих ташландиқ холатда ётган ерни чиқиндихонага айлантирилаётгани таъбимизни хира қилди. Ушбу мақолани чоп этишга тайёрлаш жараёнида Янгиариқ МФЙ раиси Ўткур Шарипов таҳририятимизга ташриф буюриб, бу борада қатор ўзгаришлар бўлганлигини маълум қилди.
Жумладан, деворларидан ранглари кўчиб тушган уйлар қайтадан бўялиб, ариқ-зовурлари тозаланди. Шифохонани ички ҳудудлари тозаланиб, атрофдаги сим деворлари (ришотка) тўғриланди. Номаълум тадбиркор томонидан эгаллаб келинаётган 0,15 сотих атрофидаги ердан чиқиндилар олиб чиқилиб, у ерда спорт комплекси қуриш чоралари кўрилаётганини айтди. Энди бир мулоҳаза қилиб кўринг наҳотки, мана шу арзимас ишларни бажариш, атроф-теваракни тоза-озода сақлаш учун ҳам ҳокимнинг топшириғи шарт бўлса, ахир булар оддий фуқаролик бурчимиз эмасми?
Шундай экан, керак бўлса ота-боболаримиз анъанаси – ҳашар йўли билан юқорида эътироф этилган камчиликларни бартараф этиш, йўл ва йўл ёқаларини тартибга келтиришимиз керак. Токи, туманимизга бир бора ташриф буюрган киши, яна келишни ният этсин. Кеч бўлса ҳам уйғониб, ободонлаштириш ишларини бошлаб юборган ташкилотлар ва кишилар номига олқишлар десин, тасаннолар айтсин. Мухтасар қилиб айтганда, тез орада бу ердаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари якун топиб, ушбу жойлар сўлим гўшаларга айланади, деб умид қиламиз.

Х. ҲАМРОЕВ,
Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси
Т.ЮСУПОВ, Б.ҚОДИРОВ
"Гулобод тонги" газетаси мухбирлари


Дата добавления: 16/03/2018 14:47;   Просмотров: 1068
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку