Бутун дунё синовли кунларни бошидан кечирмоқда. Хитойда пайдо бўлган Аллоҳнинг митти бир зарраси башариятни, инсониятни ташвишга солиб қўйди. Одамларни ўз тани - жони, болаларининг соғ-омонлиги ўйлантириб қўйди. Фарзандларини бағрига босиб, шифокорлар тавсиясига қулоқ тутиб уйларида ўтирган кишилар Аллоҳнинг марҳаматига сазовор бўлаяптилар.
Мамлакатимизда ҳам коронавирус пандемиясига қарши курашиш борасида Президентимиз раҳбарлигида қатъий чора-тадбирлар белгиланиб, амалга оширилмоқда. Инфекцияга чалинганларнинг етмиш фоиздан кўпроғи соғайди, айтиш мумкинки бу балои офат чекиниб биз биргаликда касалликни енгаяпмиз. Бунинг учун шукрона деймиз.
Мана шундай шароитда Ўзбекистон халқи якдил бўлиб, аҳолининг кам таъминланган қатламига, муҳтожларга, ногиронлиги бор кишиларга ёрдам кўрсатишмоқда. Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракати доирасида туманимизда ҳам тадбиркорлар, давлатманд кишилар муҳтож оилаларга кўмак беришмоқда. Бу борада вилоят бош имом хатиблиги идораси уламолари, хусусан бизнинг Хожа Аҳрор жоме масжидимиз аҳли жамоаси ҳам хайрия тадбиридан четда тургани йўқ. Йигирмата оилага егулик озиқ-овқат маҳсулотлари, дори дармонлар берилди.
Шу синовли дамларда яхшиларнинг кўпаяётганидан, саховат амалларини бажараётганидан кўнгил таскин топгандек бўлади. Гапнинг очиғи, пандемия шароитида "Уйда қол" ақидаси жуда кўп кишиларга сабоқ бўлди, жуда кўп ишиларнинг кўзини очди. Иймон нима, инсоф нима, диёнат нима, бу каби олижаноб фазилатларни унутиб қўйганлар пешонасига, олд-орқасига ўйлаб қадам босадиган бўлди. Ҳаёт нуқул тўйиб овқат ейиш, кўчада чиройли кийиниб машина миниб юриш, доимо саломат бўлишдан, омон-омонликдан иборат эмаслигини айримлар билдилар, ҳис қилдилар.Оғир кунларда бир-бирини қўллаб, ёрдам беришдек одамийлик анъаналари борлигини кўраяптилар, билаяптилар.
Эҳсон нима, саховат нима, бу каби Пайғамбаримиз суннатлари ёрқин кўрина бошлади. Ровийлар "Кишидаги жами эзгу фазилат ва хислатларни эҳсон, дейилади", дейдилар."Сахийлар, яхши инсонлар Аллоҳнинг дўстидир, кўнгли ярим, дардман кишиларга кўмак берадиганлар менинг умматимдир" дейилади ҳадисларда. Сахий одам дастурхонидаги бир бурда нонини кўпчилик билан баҳам кўради. Таъкидлаганимдек, бугун жамиятимиздаги инсонларнинг якдил ҳаракатини кўриб, саховатпешаларни таниб олаяпмиз. У тоифа кишилар гўзал хулқ, гўзал ахлоқ, гўзал нафс эгаларидир. Нафс томоқ нафсигина эмас, балки ўзи, кўзи, сўзи, назари тўқ инсонлардир. Аллоҳ ризолигини олгувчи мўминлардир.Синовли кунлар бошига тушиб, қавм-қариндошининг қийналаётганини кўриб турганлар энди ёмон гап айтмайдиган, қизғанмайдиган бўлди. Инсофли бўлди, диёнатли бўлди. Зеро, ота-боболаримиз диёнатли, саховатли кишилар бўлишганки биз авлодлари ҳам эзгу амалларимиз билан кўпнинг дуосига мушарраф бўлайлик, илоҳим.
Баҳодир ШАРИПОВ,
Хожа Аҳрор Вали жомеъ масжиди имом-хатиби
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.